Али Курдистон номи билан танилган Мала Али Калак Қуръон оятлари ёрдамида касаллар, савдойилар ва ногиронларни даволашга бағишланган кўплаб оммабоп видеоларнинг муаллифидир. Хусусан, ўтган сафар эълон қилинган туя сутининг шифобахш хусусиятлари тасвирланган видеолардан бири уч миллиондан ортиқ марта томоша қилинди.
Али Курдистон илгари Ироқ Курдистони пойтахти Эрбил атрофларида яшаган. Аммо ўтган ҳафта Курдистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан "сиёсий таъқиблар" га рўбаро бўлгач, у “одамларни қандай даволашни ҳаммага ўргатиш” мақсадида Саудия Арабистонига кўчиб ўтди.
Али Курдистон Facebook ижтимоий тармоғида ўн йилдан бери кўзи ожиз бўлган бир қарияни Муқаддас Мадина шаҳрида даволаш жараёнини намойиш этган видеони жойлаштирди.
Видеода Али Курдистон кўрсаткич бармоғини тили билан ялайди ва уни кишининг кўзи устига қўяди, сўнг Қуръондан сура ўқийди. Бир неча сониядан сўнг, кекса одам унинг кўриш қобилияти тикланганини айтади.
Мадина полицияси мўъжизага ишонмади ва видео эълон қилинганидан кўп ўтмай табибни фирибгарлик учун ҳибсга олди.
Табибнинг Ироқдаги кўп сонли мухлислари Саудия ҳукуматини уни ҳибсга олгани учун қоралаган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда табиб АҚШ президенти Доналд Трамп “жин чалган” ва агар даволанмаса, биринчи президентлик муддати тугагунига қадар ақлдан озади ёки ўлдирилади, деб айтганди. "Трампни жин чалган ва мен ёвуз руҳларни танасидан ҳайдаб чиқариш учун уни товонларига уришим керак", - деганди ўшанда Али Курдистон.
Мулла Али Калак: референдум масаласида Худо билан мулоқотда бўлдим
Ўзини референдум жараёни масаласида диний табиб деб таърифлаган Мулла Али Калак Rudaw агентлигига шундай деган: "Мен референдум ҳақида Парвардигорга савол бердим ва у менга туш юбориб жавоб берди"
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолардан бирида қўшиқчи Халкафт Зоҳир Мулла Али Калак билан Курдистон мустақиллиги тўғрисидаги референдумни муҳокама қилмоқда. Видеода Зоҳир муладан референдумга муносабати ҳақида сўрайди.
Мулла Али Калак жавоб беради: "11 август куни мен Қудратли ва Раҳийм Худога референдум ҳақида саволлар бердим. Кечаси соат 24: 00 дан кейин бир намозни адо этдим, шу аснода Аллоҳга мурожаат қилдим: "Парвардигорим, биз мусулмон мамлакатмиз ва азобланяпмиз. Кўп қатлиом ва машаққатларга чидадик. Биз кўп азоб чекдик ва ҳали ҳам азоб чекяпмиз. Парвардигорим, агар бу жараён яхшиликка бўлса, кўнглимни қувончга тўлдириб, менга яхши уйқу ато эт. Агар референдум халқимнинг равнақи учун хизмат қилмаса, бу ҳақда менга хабар бер". Шундан кейин мен ётиб ухладим ва бир туш кўрдим. Тушимда бутун оилам билан Маккага Ҳаж сафарига йўл олибман. Ҳаммамиз оппоқ либос кийиб олган эдик. Қалбим қувончга тўлди. Мен илгари бундай ажойиб туш кўрмаган эдим".
Мулла Али Калакнинг сўзларига кўра, эртаси куни у билимдон бир дўстидан тушининг маъноси ҳақида сўради ва у шундай жавоб берди: "Бу Қудратли Худонинг курд халқи томонида эканлиги ва референдумни қўллаб-қувватлаганидан далолат беради. Одамлар ижобий овоз беришлари керак. Тангри курдларнинг ўз давлатини топиб, шариат қонун-қоидаларини бажаришини истайди».