close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

033. Аҳзоб сураси

Етмиш уч оятдан иборат бу сура Мадинада нозил қилингандир. Маълумки, одатда Мадина сураларида Маккада нозил бўлган суралардан фарқли ўлароқ сўз асосан Исломий турмуш тарзи ва диний урф-одатлар ҳақида боради. Яъни, мавзу Исломий ақидани англатишдан Исломий Шариатни баён қилишга кўчади. Ушбу сура ҳам бундан мустасно эмасдир.
У дастлаб Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таъолодангина қўрқишда устиворлик тилаб, Ёлғиз Аллоҳгагина суянишга ва фақат Илоҳий ваҳийгагина эргашишга буюриш билан бошланади, сўнгра дини Ислом ҳукмича, боқиб олинган бола тутқин фарзанд билан баробар бўлмаслиги баён қилинади ва сура давомида бу мавзуга яна қайтилади.
Яна бу сурада Пайғамбар алийҳиссаломнинг аҳли-аёллари тўғрисида ҳамда уларнинг зиммаларидаги айрича вазифалари ва алоҳида ҳақ-ҳуқуқлари борасида ҳам сўз юритилади, шунингдек, улар барча мўъмин-мусулмонлар учун она мақомида эканликлари, бинобарин, мўъминлар уларга зиёда эҳтиром ва ўта эҳтиёткорлик билан муомала қиилишлари лозим экани уқтирилади. Сура ниҳоясида инсон ўз зиммасига олган Аллоҳ таъолонинг барча амру фармонларига итоат этиш вазифаси, ҳатто осмону замин ва тоғу тошлар ҳам кўтара олмаган оғир ва масъул вазифа эканлиги таъкидланади.
Бу сурадан Мадинада янги барпо бўлган Ислом давлатини йўқ қилиб юбориш ғаразида турли ҳизблар-фирқалар бирлашиб қилган ҳужумлари ва бу жанг воситасида Аллоҳ таъоло мўъминларнинг иймон-эътиқодлирини яна бир бор синовдан ўтказгани ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олгани сабабли у "Аҳзоб - Ҳизблар" деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом). Аллоҳдан қўрқинг ҳамда кофир ва мунофиқ кимсаларга бўйсунманг! Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
2. Сиз (фақат) ўзингизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан Огоҳ бўлган Зотдир.
3. Ва (Ёлғиз) Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил — Сақлагувчидир.
4. Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек), сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни "она" дейишларингиз, асрандиларингизни "бола" дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (Ҳақ) Йўлга ҳидоят қилур.
Изоҳ: Ушбу оятда икки масала хусусидаги Аллоҳнинг ҳукми баён қилинди: Биринчиси "Зиҳор" масаласи бўлиб, бу ибора арабларнипг истилоҳида киши ўз хотинига "сен менга онамнинг бадани каби ҳаромсан", дейишини англатади. Одатда улар, бу сўзлар айтилгаи хотин онага айланиб қолади, демак, энди у билан яшаш мумкин эмас, деб ҳисоблар эдилар. Қуръон уларнинг бу гумонлари нотўғри эканлигини уқтиради. Фиқҳшунослик — қонуншунослик китобларида юқоридаги сўзларни айтган кишилар ушбу нолойиқ сўзлари учун маълум тартибда каффорат — жарима тўлаб, никоҳларидаги хотинлари билан яшайверишлари жоиз эканлиги айтилади.
Иккинчи масала, асранди бола Шариати Исломийя ҳукмича ҳар тарафлама пушти камардан бўлгап бола каби бўлмаслиги ҳақидадир. Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом ўғил қилиб олган Зайд бинни Ҳориса ҳақида нозил қилинган бўлиб, сура давомида бу мавзуга яна қайтилади.
5. Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар — атанглар. Шу Оллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у холда уларни биродирим фалончи, ёки дўстим Филончи, деб атанглар, лекин боқиб олган опасининг номи билан чақирманглар). Қилган (хатоларингиз) сабабли сизлар учун гуноҳ Йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган (хатодагина гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.
6. Пайғамбар мўъминларга ўзларидан ҳам яқинроқ — ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридирлар. Аллоҳнинг Китобида қариндош-уруғлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўъминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар (диҳний) дўстларингизга (уларни ўзингиз учун ворис қилишлик билан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу — Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) битиб қўйилган (хукмдир).
7-8. Эсланг, Сиз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан ахду паймонларини олгандик. Биз ростгўйлардан (яъни, барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари (яъни, зиммаларидаги пайғамбарлик вазифаларини рост — тўла адо этганлари) хақида сўраш учун улардан пухта ахду паймон олдик (Аллоҳ) кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.
9. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — сизларга (қарши турли ҳизблардан иборат) қўшинлар келган пайтида Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни, фаришталарни) юборганимизни эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
10. Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли ёмон) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
11. Ана ўша жойда мўъминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар.
12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар", дея бошладилар.
13. Ўшанда улардан (мунофиқлардан) бир тоифаси деди: "Эй Ясриб (яъни, Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш (имкони) йўқдир, бас, (ўз уйларингизга қайтиб кетинглар". Улардан (мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса "Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)," деб Пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар.
14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни, мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (ҳиёнатга розилик) берган бўлур здилар.
15. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга аҳу паймон берган, Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (Қиёмат Кунида) сўралгувчи эди.
16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), антинг: "Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, (яъни, фақат ажалларингиз битгунича ўлимдан қочишларингиз мумкин) демак, сизлар жуда оз (яъни, ажалларингиз етгунича) фойдаланурсизлар, холос.
17. Айтинг:"Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса (сизларни Ундан асрай олур ёки У Зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким Уни тўса олур)?! Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар.
18-19. Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига: "Биз томонга ўтинглар (Муҳаммадни тарк қилинглар, жиҳодга борманглар)", дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, фақат сизларга (яъни. сизларнинг ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, Сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби кўзлари ола-кула бўлиб Сиз томонга қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни, ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар». Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас, (шу сабибли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осон бўлган (ишдир).
20. Улар (яъни, мунофиқлар) кўрқоқликлари (сабабли ҳизблар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у ҳизбларни кетмаган, деб ўйлайдилар, ва агар у ҳизблар яна қайтиб қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эҳдилар.
Изоҳ: Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижранинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом тарихида "Хандақ жанги" деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди. Муфассирларнинг ёзишларича воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина атрофларидаги ҳар турли ҳизблар мусулмонларн йўқ қилиб юбориш учун тил бириктиришиб, ўн икки мингдан ортиқ қўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш қиладилар. Бу шумхабардан воқиф бўлган пайғамбар алайҳиссалом уч минг чоғлик аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг маслаҳатларига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига ҳандақ кавлайдилар ва ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли ҳизбларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул - ҳандақ тўсади ва улар Мадинани тўрт томонидан қуршаб қамал қиладилар. Аммо шаҳар ичига кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўъмин киму, мунофиқ кимлиги ажралиб қолади: мўъминлар Аллоҳ таъолонинг нусратига кўз тикиб, пайғамбар алайҳиссалом теварагига янада жипслашадилар, мунофиқлар эса бутунлай ноумидликка тушиб, ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар.
Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг, бир куни тўсатдан ҳаво совуб, қаттиқ бўрон туради ви мусулмонларни қамал қилиб, ҳар тарафдан ўраб олган ҳизбларнинг ёққан ўт-оловларини ўчириб, тиккан чодир-ўтовларини учириб кетади ва улар Мадинага киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа олмай қоладилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таъоло ушбу оғир дамларда мўъминларнинг иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирган, лекин дилларида мараз-нифоқ бўлган мунофиқларнинг кирдикорларини фош этади.
Ушбу воқеа, айтиб ўтганимиздек бундан ўн тўрт аср илгари рўй берган бўлса-да, ўша ҳизбларнинг думлари бугунги кунда ҳам мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак, ҳар замон мана шундай ҳизблар турли ялтироқ шиорлар билан мусулмонлар орасига кириб, уларни бўлиб юборишга, бир-бирларига душман қилиб кўйишга уринганларида, ҳиқиқий иймонли мусулмонлар ўз атрофларига Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган маънавий ҳандақ қазиб олишлари, яъни, Қуръони Карим ва ҳадиси шариф маъноларидан яхши хабардор бўлиб, улардаги Илоҳий кўрсатмаларга изчил амал қилишлари натижасида ундай шайтоний ҳизбларни ўзларига яқинлаштирмасликлари лозим бўлади. Шунда у бадкирдор ҳизблар мусулмонларга бирон зиён етказа олмай, йўқ бўлиб кетадилар. Аммо Исломдан бехабар билимсиз кимсалар ва мунофиқлар эса қандай қилиб ҳизбчинг ноғорасига ўйнаб юрганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Албатта бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.
21. (Эй мўъминлар), албатта сизлар учун — Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун — Аллоҳнинг Пайғамбарида (у зотнинг иймон-эъҳтиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир.
22. Мўъминлар у ҳизбларнинг кўрган вақтларида: "Бу Аллоҳ Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир", дедилар ва (устларига бостириб келаётган ҳизбларнинг сон-саноқсизлиги мўъминларни кўрқитмади, аксинча) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос.
23. Мўъминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У Зотнинг Йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни, шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ.
24. Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳдаса (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш ёки (улар иймон келтириб, тавба қилсалар), тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Албатта Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
25. Аллоҳ кофирларни (яъни, ҳизбларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик-фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўъминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни, осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўъминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ Кучли, Қудратли бўлган Зотдир.
26. У (ҳизб)ларга ёрдам берган, аҳли Китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
27. Ва Аллоҳ сизларни уларнинг ерларига, ховли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир бўлган Зотдир.
Изоҳ: Бу икки оят бану Қурайза номли яҳудий қабиласи ҳақида нозил қилингандир. Бу қабила илгари Пайғамбар алайҳиссалом билан бир-бирларига қарши урушмаслик ҳақида битим тузган эди. Қачонки ҳизблар мўъминларга қарши юриш қилганларида эса улар ўртадаги битимни ҳиёнаткорона бузиб, ҳизбларга қўшилиб олдилар. Шунинг учун у ҳизблар мағлуб бўлиб қайтиб кетганларидан кейин мусулмонлар бану Қурайза қабиласини қуршовга оладилир ва улар яшириниб олган қалъаларидан чиқиб таслим бўлишга мажбур бўладилар. Шунда улардан бир қанчаси қатл қилиниб, қолганлари мусулмонлар томонидан асир олинади ва ер-мулклари мусодара қилинади.
28. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга айтинг: "Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик).
29. Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва Охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир".
30. Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир.
31. (Эй Пайғамбар аёллари), сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки хисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
32. Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлир каби бўла олмас). Бас, сизлар агар тақводор бўлсангизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!
33. Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташкарига чиқманглар, агар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.
34. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, Пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир.
35. Албатта муслим ва муслималар, мўъмин ва мўъминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини ҳаромдан сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.
36. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.
Изоҳ: Ушбу оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг аммалари Умайманинг қизи Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд бинни Ҳорисаги хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, у унамасдан: "Ё Расулуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зийд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин", дейди. Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга юқоридаги оят нозил бўлгач, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳаб берилади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билап муомалида бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир-оқибат Зайд Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан бирга ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Аллоҳ таъоло томонидан Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зийнаб билан ажрашиб кетишлари ва Пайғамбар алайҳиссалом Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекии пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг: "Муҳаммад ўзи асраб олган ўғлининг хотинига уйланди", деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай келар эдилар. Шунинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида, унги сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради.
37. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд бинни Ҳорисага): "Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошилманг), Аллоҳдан қўрққин", деб Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлган ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, (яъни, уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўъминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, (яъни, уларни талоқ қилишгач), уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди.
38. Аллоҳ Пайғрамбарига фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг Йўли — қонунидир (яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.
39. Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳисоб қилгувчидир.
40. (Эй мўъминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
41. Эй мўъминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!
42. Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб — тасбеҳ айтинглар!
43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўъминларга Меҳрибон бўлган Зотдир.
44. (Мўъминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган Кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом (уларга дўзах азобидан) омонлик тилаш бўлур. (Зеро, Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.
45-46. Эй Пайғамбар (алийҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Аллоҳнинг изни иродаси бнлан У Зотга (яъни, Унинг Динга) даъват қилгувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз.
47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат (яъни, жаннат) бордир.
48. Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил — Ҳомийдир.
49. Эй мўъминлар, қачон сизлар мўъминаларни никоҳларннгизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл теккизишдан — яқинлашишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, (бундай ҳолатда) сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!
Изоҳ: Маълумки, Шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида хотин бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сиқланар эди. Яна бундай ҳолатди эр хотиннинг ҳаққи-маҳрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан.
50. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), албатта Биз Сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ Сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, Сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларнни ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўъмина аёлни — агар у ўзини Пайғамбарга ҳадя этса-ю, Пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз Сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўъминлар учун эмас, холис Сиз учундир. Биз (мўъминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи Сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз Сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
51. Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз Сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни, аёлларингизга қиладиган муомалангизда Сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва Сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалим бўлган Зотдир.
52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни-жамоллари Сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам Сиз учун ҳалол бўлмас). Магар Сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида Кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
53. Эй мўъминлар, сизлар Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг идишига (яъни, қозондаги таомни пишишига) кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач, тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан тортинар. Аллоҳ ҳақ(ни айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (Пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
54. Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро, Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
55. (Пайғамбар аёллари) ўзларининг оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўъмина) аёлларга ва қўл остиларидаги хизматкорларига (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ бўлмас. (Эй Пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ барча нарса устида Гувоҳ бўлган Зотдир.
56. Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга дуо-ю салавот айтурлар. Эй мўъминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!
57. Албатта Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагайдир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
58. Мўъмин ва мўъминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар.
59. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
60-61. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз Сизни уларга қарши оёқлантиркрмиз, сўнгра улар (Мадинада) Сиз билан бирга тура олмай қолурлар, магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар, холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар.
62. (Бу хукм) илгари ўтган (мунофиқ) кимсалар ҳақидаги Аллоҳнинг Йўли — қонунидир. Аллоҳининг Йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.
63. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар Сиздан (Қиёмат) Соати (қачон булиши) ҳақида сўрайдилар. "У (Соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир", деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у Соат яқин келиб қолгандир.
64. Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди.
65. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар.
66. Юзлари оловда айлантириладиган — куйдириладиган Кунда, улар: "Кошки эди, бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, Пайғамбарга итоат этганимизда", дерлар.
67-68. Яна улар: "Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (Тўғри) Йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин", дедилар.
69. Эй мўъминлар, сизлар (ўз Пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).
70. Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!
71. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, бас, у буюк саодатга эришибди.
72. Албатта Биз бу омонатни (яъни, Шариати исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсои эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).
73. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда мўъмин ва мўъминаларнинг тавба-тазарруъларини қабул қилиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ Мағфират қилгувчи ва Меҳрибон бўлган Зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase