002. Бақара сураси
- 3695 марта кўрилди
Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, 286 оятдан иборат. У Қуръондаги энг узун сурадир.
Бу сурада эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда ва бошқа шариат ҳукмлари борасида сўз кетади. Бу суранинг аввалида мўъминлар, кофирлар, мунофиқлар ва иймоннинг ҳақиқати, куфр ва нифоқнинг моҳияти баён қилинади. Сўнгра башарият отаси Одам алайҳиссалом қиссаси зикр қилиниб, у зот яратилган вақтда бўлиб ўтган ибратли воқеа-ҳодисалардан хабар берилади.
«Бақара» оятларининг қарийб учдан бир қисмини «аҳли китоблар» (Таврот ва Инжилга иймон келтирганлар), хусусан яҳудийлар ҳақидаги маълумотлар ташкил қилади. Кейин судхўрлик жинояти тўғрисида маълумот берилиб, Аллоҳ ва пайғамбар бу жиноятга қарши уруш эълон қилганликлари ўқтирилади.
Суранинг хотимасида эса мўминларни Аллоҳ таъолога тавба-тазарруъ қилишга ва унинг Ўзидангина мадад тилашга чақирилади.
Бу сура нима учун «Бақара - Сигир» сураси деб аталган?
Қадимда бани Исроил қавмидан бўлган бир киши ўлдирилади. Аммо унинг қотилини топа олмайдилар. Шунда Аллоҳ таъоло Мусо алайҳиссаломга: «Қавмингга айтгин, бир сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар»,- деб буюради. Аллоҳнинг буйруғини бажо қилганларида ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Алиф, Лом, Мим.
Изоҳ: Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиш ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «Ҳуруфи муқаттаот», яъни, маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ягона Аллоҳгагина маълумдир.
Лекин олимлар орасида «Алиф - Аллоҳ, Лом - Жаброил (Аллоҳ билан пайғамбар ўртасидаги фоситачи фаришта), Мим - Муҳаммад алайҳиссалом»,- деб ҳарфларга маъно берувчилар хам бор.
Жаноби Ҳақ ўзининг муқаддас каломидаги айрим сураларни мана шундай, одамлар осон ўқиб-англайдиган ҳамда ўзаро мулоқот ва ёзувларида ишлатадиган оддий ҳарфлар билан бошлашида яна бир илоҳий ҳикмат зоҳирдир. Яъни масалан қора лойдан энг ҳунарманд ёки санъаткор киши ҳам нари борса бирон одамнинг ҳайкалини ясаши мумкин. Амо Аллоҳ таъоло ана ўша лойдан Одам алайҳиссаломни яратди. Худди шу янглиғ оддий ҳарфлар билан Ҳақ таъоло шундай буюк илоҳий мўъжиза - Қуръонни нозил қилдики, бундай сўзни айтиш бирон инсоннинг қўлидан келмас.
2-3. (Аллоҳ таъолонинг ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят - Тўғри Йўлдир.
4. Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (динларга) иймон келтирадилар ва Охират Кунига аниқ ишонадилар.
5. Парвардигорлари томонидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.
Изоҳ: Бу оятларда Аллоҳ таъоло мўминларнинг сифатини баён қилди. энди ўртадаги фарқ аниқ бўлиши учун кофирларни сифатлашга ўтилади.
6. Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом) уларни (Аллоҳ таъолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир - иймон келтирмайдилар.
7. Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир.
Изоҳ: Юқоридаги оятлар мазмунидан бизга ислом дини назарида мўмин киму, кофир ким эканлиги маълум бўлади. Яъни, ғойибга - Аллоҳ таъолога, Охират Кунига, жаннат ва дўзахнинг бор эканига, фаришталарга, мухтасар қилиб айтганда, оддий инсон кўриши-билиши мумкин бўлмаган барча нарсаларга фақат улар ҳақида Аллоҳ ва У Зотнинг пайғамбари хабар бергани учун иймон келтирадиган, намозни тўла-тўкис адо этадиган, Аллоҳ таъоло берган неъматлардан бошқаларга эҳсон-яхшилик қиладиган, Қуръон ва ундан олдин келган бошқа Илоҳий Китобларга иймон келтирадиган ва бу дунёдан бошқа яна бир дунё- Охират борлигига ишонадиган тақволи (Аллоҳан қўрқувчи, ҳаромдан парҳез қилувчи) кишиларгина мўъминлар экан. Кимда мазкур сифатлар топилмас экан, у кофир бўлади. Шу ўринда бизда ёйилган бир ақида - илгари мўъмин-мусулмонлар яшаб ўтган ватанда истиқомат қиладиганларнинг барча авлодлари у авлодлар ўз аждодларининг ақидалари бўлган дини Исломда барқарор бўладиларми, йўқми мўъмин-мусулмон ҳисобланаверадилар, деган кўз-қараш нотўғри эканлиги маълум бўлади. Демак, ҳар бир кишининг мўъмин ё кофирлиги, унинг иймон-эътиқоди ва амалда қиладиган ишига қараб белгиланиши лозим экан.
Энди мунофиқлар қандай кимсалар эканини қуйидаги оятлардан билиб оламиз:
8. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўъмин бўлмаганлари ҳолда, «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик»,- дейдилар.
9. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайдилар.
10. Уларнинг дилларида мараз - иймонсизлик бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир.
11. Уларга «Ер юзида бузғунчилик қилманглар»,- дейилса, «Шак-шубҳасиз, биз ислоҳ қилувчилармиз - ўнгловчилармиз»,- дейдилар.
12. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар.
13. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар»,- дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўъмин бўламизми?»,- дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар.
Изоҳ: Исломни қабул қилган зотларнинг кўпчилиги камбағал-фақир кишилар ва ҳатто Суҳайб, Билол каби қуллар эдилар. Мунофиқлар ўзларича: «Мана шу зоти пастларга ўхшаб мўъмин бўламизми?»,- дейишарди.
14. (Мунофиқлар) иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик»,- дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (мўъмин булдик, деб уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос»,- дейишади.
15. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади.
16. Улар ҳақ йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва Тўғри Йўлга юрувчилардан бўлмадилар.
17. Улар мисоли бир олов (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Энди олов атрофини ёритганида, Аллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўра олмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради.
18. (Улар) кар, соқов, кўрдирлар, демак, (йўлларидан) қайтмайдилар.
19. Ёки (улар) чақмоқ, момоқалдироқ, қоронғуликлар билан осмондан қуяётган ёмғир остида яшиндан қўрққанларидан панжаларини қулоқларига тиқиб олган ҳолларида ўлим - ҳалокатдан қочмоқчи бўлиб турган кимсалар кабидирлар. Аллоҳ эса кофирларни ўраб олгувчидир.
20. Яшин кўзларни кўр қилгудек бўлади. У (атрофни) ёритганида юрадилар, ўчганида туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Изоҳ: Мазкур оятларда мунофиқларнинг сифатлари илоҳий қалам билан чизиб берилди. Улар бир умр Аллоҳни ҳам, мўъмин-мусулмонларни ҳам алдаб кун кечирадилар, бироқ ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдайдилар ва ўзларига зиён қиладилар. Уларнинг мўъмин либосида бришлари фақат дунёвий фойда кўриш учундир. Шу боис, қачон мўъминлар қаторида бўлиш кўзларига фойдали кўринса, обрў келтирадиган бўлса, худди яшин атрофни ёритгандек бўлади ва улар мўъминлар қаторида юриб оладилар, аммо иймон сабабли бирон мусибатга-машақатга дучор ўлинадиган бўлса, мунофиқлар назарида бутун дунё зимистонга айланади ва улар мўъминлар сафларидан чиқиб, кўзларига фойдалироқ кўринган куфр тарафга ўтиб оладилар - ҳақиқий башаралари очилади. Дарҳақиқат мунофиқлар кофирлардан ёмонроқдир.
Сура аввалидан бошлаб инсоният оламининг уч тоифаси - мўъмин қандай зотлар, кофирлар кимлар ва мунофиқлар қандай кимсалар экани баён қилинганч, қуйидаги оятда Жаноби Ҳақ барча башарифтга хитоб қилади:
21. Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун Яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз.
22. У зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин деб, мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!
23. Агар биз бандамизга нарсадан шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар, агар ростгўй бўлсангизлар.
24. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қила олмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир.
Изоҳ: Ушбу оятда куфр аҳли учун тайёрлаб қўйилган дўзах зикр қилинганидан кейин, аҳли иймон учун мукофот қилил бериладиган жаннат таърифланади. Зотан, Қуръоннинг услуби шундай: ёмон билан яхши, дўзах билан жаннат, роҳат билан азоб, хитоб билан итоб (танбеҳ) аксар ҳолларда ёнма-ён зикр этилади.
25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирон мевасидан баҳраманд бўлсалар «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку»,- дейишади. Зеро уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолувчилардир.
Изоҳ: Бу оятда дунё бахт-саодати билан охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири - унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир.
26-27. Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатдан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи»,- дейдилар. Бу масал сабаб Аллоҳ кўпларни адаштиради ва кўпларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилади. Бу (масал) фақат Аллоҳнинг аниқ кўрсатмаларини бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар, шубҳасиз, зиён кўргувчилардир.
Изоҳ: Қуръонда асалари, чивин, ўргимчак, чумоли каби майда жониворларнинг ибратли томонларини кўрсатиб берадиган масаллар келаганида, баъзи бировлар: «Бу китоб илоҳий китоб бўлганида бундай майда-чуйда ҳашоратлар ҳақида гапирилмаган бўларди»,- дейишди. Шунда Аллоҳ таъоло ўша ҳашоратларни яратишга уялмагани, бинобарин, уларни мисол қилишдан ҳам ҳеч қачон ор қилмаслигини баён этиб, мазкур оятларни нозил қилди.
«Аллоҳнинг аниқ курсатмалари» - Муҳаммад пайғамбарнинг келиши ва унга иймон келтириш лозимлиги Таврот, Инжил ва бошқа самовий Китобларда ҳам аниқ кўрсатилган эди.
«У боғланишига буюрган нарсалар» - ота-онага оқ бўлмасдан, уларнинг розилигини олиш, қариндош-уруғчилик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўъмин-мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлиш кабилардир.
«Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш» - одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш, деган маънни англатади.
28. Ўлик танангизга жон берган, кейин ўлим берадиган, яўнгра яна тирилтирганидан кейин Ўзига қайтажагингиз - Аллоҳга кофир бўласизлар-а?!
29. У шундай Зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир.
30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»,- деганида, улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиламанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни мудом) пок тутамиз. (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмайдиган нарсаларни биламан».
31. Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў килиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!»
32. Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан».
33. (Аллоҳ:) «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмини билдир»,- деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»
34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз Фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди.
35. Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолдазолимлардан бўлиб қоласизлар».
36. Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар - инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунича) Ерда маскан тутиб яшайсиз».
37. Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир.
38. «У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида, кимлар менинг ҳидоятимга эргашса, ана ўшалрга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».
39. Аммо ўзлари кофир бўлишиб, Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.
Изоҳ: Юқоридаги оятлардан бизга одамзот Аллоҳ таъолонинг ердаги халифаси экани ва ҳатто бегуноҳ фаришталар ҳам унга таъзим қилишлари муълум бўлгани каби, шайтоннинг сўзига кириш уни жаннатдан маҳрум қилгани, энди ерда тинч, осойишта яшаш учун шайтони лаъиннинг васвасаларига учмаслик зарурлиги уқтирилади.
Энди одамзотнинг коитондаги энг азиз ва мукаррам зот экани баён қилинганидан кейин сўз бани Исроил (Исроил - Яъқуб пайғамбарнинг номларидан бири, бани Исроил - Исрол болалари дейилганида яҳудийлар тушунилади) ҳақида кетади. Уларнинг ким эканликлари, қилмишлари ва топажак оқибатлари ҳақидаги батафсил ҳикояда (40-141 оятлар) ақл эгалари учун ибратлар бордир.
40. Эй бани Исроил, сизларга инъом қилинган неъматимни эсланг ва Менга берган ваъда - аҳдга вафо қилинг. (Яъни, Менинг нозил қилган китобларимга ва барча пайғамбарларимга иймон келтирингиз ҳамда буюрган шариатимга амал қилингиз) Шунда мен ҳам ўз аҳдимга вафо қиламан (яъни сизларга бу дунёда ўз фазлу марҳаматимни кўрсатаман, охиратда нажот ато қиламан). Ва Мендангина қўрқинглар.
41. Сизлардаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этган ҳолда нозил қилган Нарсам (Қуръон)га иймон келтирингиз. Унга (аҳли китоблар орасидан) биринчи бўлиб куфр келтирувчи бўлмангиз! Ва менинг оятларимни (дунё матоларидан бўлган) озгина қийматга алмаштирманглар ва Мендангина эҳтиёт бўлинглар.
42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар.
43. Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинглар.
44. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки ўзларингиз Китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?
45-46. Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтувчи эканликларини биладиган шикаста нафс зотларига (оғир эмасдир).
47. Эй бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматларимни ва сизларни бутун оламдан афзал қилган пайтимни эсланглар!
48. Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан шафоат - қўллов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз олинмайдиган - ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!
49. Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар! Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир.
50. Денгизни ўртасидан бўлиб, сизларни қутқариб, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ этганимизни эсланглар!
51. Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимиз, (У Бизнинг ҳузуримизга) кетганидан кейин сизлар ўзингизга зулм қилган ҳолингизда бузоққа ибодат қилганингизни эсланглар!
52. Сўнгра ўша ишлардан кейин ҳам шояд шукр қиларсизлар, деб сизларни афв этгандик.
53. Сизлар Ҳақ Йўлни топишингиз учун Мусога китоб ва Фурқонни (яъни Тавротни) берганимизни эсланглар.
54. Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: «Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилгувчи Зотга тавба қиласиз. Бор қилувчи Зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқир». Бас, (қачонки сизлар ушбу илоҳий фармонга бўйсуниб, бир-бирларингизни ўлдирганингиздан сўнггина) Аллоҳ таъоло тавбангизни қабул қилди, албатта у кечиримли, меҳрибондир.
Изоҳ: Абу Жаъфар Табарийнинг «Жомеъул Баён» тафсирларида зикр қилинишича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъолонинг амри билан қирқ кечаю кундузга Тур тоғига кетганидан кейин бани Исроил қавмидан Сомири номли сеҳргар ясаган бир бузоққа сиғина бошлаганлар. Мусо қайтиб келгач, ўз қавмининг бу хиёнатини кўриб, ниҳоятда ғазабланади ва энди тавбалари қабул бўлиши учун фақат бир-бирларини ўлдиришлари зарур эканини уларга етказади. Ўшанда ўлдирилганларнинг сони етмиш мингга етганидан кейингина уларнинг тавбалари қабул бўлган экан. Яҳудийларнинг қонларида бўлган хиёнаткорлик ўша тарихий воқеада етмиш минг кишининг ҳаётига зомин бўлган экан.
Қуйидаги оятларда уларнинг шакл-шамойилларидан яна бир қирраси фош қилинади:
55. (Эй бани Исроил), сизлар: «Эй Мусо, то Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сен(инг пайғамбар эканинг)га иймон келтирмаймиз»,- дейишингиз билан кўз ўнгингизда сизларни чақмоқ урганини ҳам эслангиз!
56. Сўнгра шукр қилишингиз учун ўлганингиздан кейин Биз сизларни қайта тирилтирдик.
57. Ва булутни устингизга соябон қилдик ҳамда (осмондан) устингизга ширинлик ва беданалар ёғдириб, «Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар» (дедик). (Бани Исроил бизнинг неъматларимизга шукр қилмасликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар.
58. «Ушбу қишлоқкқа (Қуддусга) киринглар-да, ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол еб, таомланинглар. Давозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «Афв эт» денглар, Биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз», деганимизни эсланглар!
59. Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Бас, биз - қилган итоатсизликлари сабабли бу золимлар устига осмондан бало ёғдирдик.
60. Эсланг, (Эй бани Исроил), Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: «Асоингни тошга ургин», дедик. Бас, ундан 12 чашма отилиб чиқди - ҳар бир қабилага (улар 12 уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди. (Ва уларга дейилди:) «Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинлар. Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар».
61. Эсланг: «Эй Мусо, Биз бир хил таомга ҳеч қаноат қилмаяпмиз. Парвардигоринггга дуо қил, бизга ерда униб ўсадиган савзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин»,- деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку!», деди. (Бу ношукрликлари сабаб), уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва улар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ оятларига кофир бўлганлари ва пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб, итоат қилмай, тажовузкор бўлганларидир.
62. Албатта иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронйлар ва (Аллоҳга ишонадиган, аммо бирон шариатга амал килмайдиган тоифа бўлган) собиийлар - (улардан) қайсилари (аввал қайси динда бўлганларидан қатъий назар, иймонга келиб, ёлғиз) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир.
63. Эсланг, (эй бани Исроил), Биз сизларнинг аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни (яъни Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг - шояд тақво эгаларидан бўлсангиз, дегандик.
64. Кейин - ўша аҳду паймондан кейин, яна (Ҳақ Йўлдан) юз ўгирдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу карами ва марҳамати бўлмаганида эди, (дунё ва охиратда) зиён кўргувчилардан бўлиб қолар эдингизлар.
65. Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, биз уларга: «Бадбахт маймунларга айлангиз»,- дедик.
66. Биз бу (уқубат)ни ўша вақт ва кейинги даврлар учун ибрат, тақволи кишилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик.
Изоҳ: Яҳудийларга шанба куни балиқ овлаш ман қилинган эди. Улардан баъзилари шанба кунлари балиқларни қамаб, қоронғу тушиши билан тутиб оладиган бўлдилар. Мана шу жиноятлари - ўзлари учун улуғ кун ҳисобланган шанба кунида ҳаддан ошганлари сабабли мазкур жазога мустаҳиқ бўлдилар - бадбахт маймунларга айланиб қолдилар. Ушбу муборак оятларни ўқиганда киши дафъатан кейинги асрларда чиққан яҳудий даҳоларнинг: «Биз маймундан тарқаганмиз»,- деган даъволарини эслайди. Дарвоқе, улар ўзларининг даҳрий сиёсатлари билан бошқаларни ҳам исломдан - инсонликдан чиқариб, маймунларга айлантирмоқчи бўлган эдилар, бироқ шукрки, яратганнинг марҳамати билан ўша маймундан тарқаганларнинг ўзлари йўқ бўлдилар.
67. Эсланг! Мусо ўз қавмига: «Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишларингизни буюради»,- деганида, улар: «Устимиздан кулаяпсанми?»- дедилар. (Мусо) деди: «Ундай жоҳиллардан бўлиб колишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман».
68. Улар дедилар: «Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг (ўша сўйиладиган сигирнинг) қандайлигини баён қилсин». (Мусо) деди: «У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар».
69. Улар дедилар: «Парвардигорга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин». (Мусо) айтди: «У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади».
70. Улар айтдилар: «Парвардигорга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга иштибоҳли бўлиб қолди. Иншаоллоҳ энди йўлимизни топиб оламиз».
71. (Мусо) айтди: «У Зотнинг айтишича, у шандай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан (сув ташиб) экин суғормайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ ҳам йўқ«. Улар: «Энди ҳақиқатни айтдинг»,- дедилар-да, узоқ машаққатлар чекиб, (ўша айтилган сифатларга эга бўлган сигирни топиб) сўйдилар.
Изоҳ: Мазкур оятлар мазмунидан бир ҳикматни англаш мумкин: одам бировга ишониб эътиқод қўйганидан кейин унинг амр-фармонини дарҳол бажариши лозим. Акс ҳолда унинг ўзига зарар бўлиши мумкин. Юқоридаги оятларда зикр қилинган кишилар кетма-кет берган саволлари натижасида шундай сифатли сигир сўйиш лозим бўлдики, улар бундай сигирни топиш учун озмунча қийналмадилар. Охири топганларида унинг эгаси бўлган кампир сигир учун жуда қиммат нарх - ўша сигирнинг териси тўла тилла талаб қилди ва улар бу нархга кўнишга мажбур бўлдилар. Агар фармон бўлиши билан дарҳол бир сигирни олиб, қурбон килганларида, ўзларига осон бўлур эди.
72-73. Эсланг, (эй бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили ким экани) ҳақида жанжаллашиб қолганингизда - ҳолбуки Аллоҳ яришган нарсаларингизни (юзага) чиқаргувчидир - «Уни (мақтулни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни юритишингзи учун ўз оятларини кўрсатади.
Изоҳ: Дарҳақиқат шундай қилингач, ҳалиги жасадга жон кириб, ўзининг қотили ким эканлигини айтади.
74. (Эй, бани Исроил), сўнгра (шундай мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам (иймонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (диллар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
75. (Эй мўъминлар), мана шулар сизлар(нинг динингиз)га иймон келтиришларига орзуманд бўласизми? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар-да, сўнгра уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартириб юбораверадилар.
76. Улар иймонли кишиларга йўлиққанларида: «Иймон келтирдик»,- дейдилар. Бир-бировлари билан ёлғиз қолганларида эса, «Уларга (мусулмонларга) Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида гапираяпсизларми? Ўша ҳужжат билан Парвардигорингиз ҳузурида ҳужжатлашишлари учун-а? Ақлингизни ишлатмайсизми»,- дейишади.
Изоҳ: Яъни мусулмонларга «Таврот китобида келган Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги гапларни гапираяпсизми? Бу ахир охиратда ўзингизнинг зарарингизга ҳужжат бўлади-ку!» дейишади.
77. Ахир улар Аллоҳ шубҳасиз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларина ҳам Билгувчи эканини билмайдиларми?
78. Уларнинг орасида китобдан бехабар, фақат хомхаёлларнигина биладиган, омийлари ҳам борки, улар фақат турли гумонлар қиладилар холос.
79. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра уни озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳнинг ҳузуридан (келган)»,- дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай. Бас, ёзган нарсалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай. Топган фойдалари сабабли уларга фалокат бўлғай.
80. (Яҳудийлар): «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади»,- дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом уларга) айтинг: «Аллоҳдан аҳду-паймон олдингизми - зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди - ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтаяпсизларми?»
81. Йўқ! Кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда абадий қолажаклар.
82. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир.
83. «Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тукис адо қилинг, закотни беринг»,- деб бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар! Кейин эса, (эй бани Исроил), озгина кишидан ташқари ҳаммангиз юз ўгирган ҳолда кетдингиз.
84. Эсланг, «Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, бир-бирларингизни диёрларингиздан ҳайдамайсиз»,- деб аҳду паймонингизни олгандик, сўнгра (Ислом келган даврда) ўзингиз гувоҳ бўлганингиз ҳолда бунга иқрор бўлгандингиз.
85. Кейин эса сизларнинг ўзингиз бир-бирингизни ўлдирмоқдасиз, ўз тоифангиздан бўлган бир гуруҳни диёрларингидан ҳайдаб, уларга қарши гуноҳ ва тажофузкорлик билан ҳамкорлик қилмоқдасиз (яъни ўз диндошларингизга қарши душманларингиз билан ҳамкорлик қилмоқдасиз). Агар улар сизларга асир ҳолда келишса, товон тўлаб қутқариб ҳам оласиз. Ҳолбуки уларни ҳайдаш сизларга ҳаром қилинган эди. Ё Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизларми? Ораларингиздан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
86. Ана ўшалар охирит ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблар енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.
Изоҳ: Яҳудий қабилаларидан Бану Қурайза Авс номли араб қабиласи билан, Бану Назир деган яҳудий қабиласи эса Авснинг душмани бўлган Ҳазраж деб аталадиган араб қабиласи билан иттифоқдош эди. Қачон Авс билан Ҳазраж ўртасида уруш бўлса, яҳудийлар ҳам иттифоқдошлари билан урушга чиқиб, ўз диндошларининг қонини тўкиб, мол-мулкларини талашар эди. Ҳолбуки, диндошлар бир-бири билан уришиб қон тўкишлар Тавротда ҳаром қилинганди. Энди уруш тўхтаганидан кейин эса бир қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлар иккинчи қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлардан асир тушганлар бўлса, товон тўлаб қутқариб ҳам олардилар. Шунинг учун юқоридаги оятда: «Ё Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизларми?» дейилди.
87. Ҳақиқатан, биз Мусога китоб (Таврот) ато этдик. Унинг ортидан ҳам пайғамбарлар юбордик. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар (очиқ мўжизалар) бердик ва уни Руҳул Қудус (Жаброил) ила қувватлантирдик. (Эй бани Исроил), ҳар қачон бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) билан келса, (унга бўйсунишдан) кибр-ҳаво қилиб, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми?
88. Улар «Дилларимиз берк» дедилар. Йўқ, аксинча, куфрлари сабабли уларни Аллоҳ лаънатлаган. Бас, улар камдан-кам иймон келтирадилар.
89. Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганида (яъни, ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга Қуръон нозил бўлиб, у зот пайғамбар бўлганларида) - ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша пайғамбардан) ёрдам кутадилар - бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлғай.
90. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган зотга (ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга) ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига ҳасад қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар (яҳудийлар) ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. (Яъни иймон ўрнига куфрни сотиб олдилар). Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. (Яъни Тавротни бузганлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишган эди, энди Муҳаммад алайҳиссаломга кофир бўлишлари сабабли яна бир ғазабга гирифтор бўлдилар). Кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.
91. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг»,- дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз»,- дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи бўлган ҳақ (китоб - Қуръон)га кофир бўладилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Агар мўъмин бўлган бўлсангизлар, нима сабабдан илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?»
92. Мусо сизларга очиқ ҳужжатлар келтирганидан кейин (ўзларингизга) зулм қилган ҳолингизда унинг кетидан бузоққа сиғиндингиз.
93. Эсланг, (эй бани Исроил), Биз аҳду паймонингизни олгач, устингизда Тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни (динимизни) маҳкам ушланг ва қулоқ солинг»,- деганимизда: «Эшитдик ва бўйсунмадик»,- дедилар. Кофирликлари сабаб фақат бузоққа (ибодат қилиш билан) кўнгиллари тўлади. Айтинг: «Агар сиз мўъмин бўлсангиз, иймонингиз сизларни мунча яраман нарсага буюради?»
94. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлишни орзу қилинглар-чи».
95. Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қила олмайдилар. Аллоҳ золимларни Билгувчидир.
96. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўзроқ кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларни Кўриб тургувчидир.
97. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги Китобларни тасдиқ этадиган ва мўъминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган (Қуръон)ни нозил қилди.
98. Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир.
99. Ҳақиқатан, Биз сизга очиқ оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.
100. (Бани Исроил қавми) ҳар қачон бирор аҳдга аҳдлашсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими? Ҳақиқатан, уларнинг кўпи иймонсизлардир.
101. Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи пайғамбар келса, Китоб (Таврот) берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг Китобини (Яъни Тавротни, ундаги Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида келган оятларни ҳеч нарса) билмагандек орқаларига отдилар.
102. Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулайсон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эди. Яна улар Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). - Ҳолбуки у фариталар: «Биз фақатгина финтамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. - Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни, Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди.
103. Агар улар иймонга келиб Аллоҳдан қўрқсалар, Аллоҳ тарафидан бўладиган савоб албатта яхшироқ бўлишини билсалар эди.
Изоҳ: Фаришталар одамларга сеҳр ўргатишларининг ўз ҳикмати бор. Ривоят қилишларича, ўша даврда сеҳргарлик жуда ривожланган экан. Сеҳргарлар кўпайиб, уларнинг айримлари ҳатто ўзларини пайғамбар деб эълон қилишгача боради. Шунда Аллоҳ таъоло икки фариштасини юборади. Улар одамларга турли сеҳрларни ўргатишиб, сеҳргарлик ўрганиш мумкин бўлган нарса экани, пайғамбарлик эса ёлғиз Аллоҳ тарафидан берилишини англатадилар.
104. Эй мўъминлар, «Роино» деманглар, «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий - фармон таъқиқларига) қулоқ солинглар! Кофирлар учун аламли азоб бордир.
Изоҳ: Араб тилида ҳар икки сўз «Бизга боққин, қарагин» деган маънони англатади. Пайғамбар алайҳиссалом Қуръон оятларини тиловат қилиб бераётганларида мўъминлар у кишига: «Бизларнинг ҳолимизни риоя қилгин ва оятларни шошмасдан қайта-қайта ўқигин» деган маънода «роино» дер эдилар. Лекин яҳудийлар «рионо» сўзининг риоя қилмоқ, боқмоқ деган ўзакдан чиққанини билганлари ҳолда кўнгиллари бузуқлиги сабабли «руунат - енгилтак бўлмоқ« деган ўзакдан чиқадиган сўзга ўхшатиб таллафуз қилдилар. Шунинг учун Аллоҳ таъоло мўъминларга бу сўзни ишлатмасликни амр қилди.
105. На аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизларга Парвардигорингиз тарафидан бирон яхшилик тушишини истамайдилар. Аллоҳ эса раҳмат-марҳаматини ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир.
106. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, агар) Биз бирон оятни бекор қилсак, ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини, ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми?
107. Осмонлар ҳам, замин ҳам ёлғиз Аллоҳнинг мулки эканини ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ёки ёрдамчи йўқ эканини билмадингизми?
108. (Эй мўъминлар), ёки сизлар ҳам ўз пайғамбарингиздан, илгари Мусодан сўралган нарсаларни сўрашни истайсизми? Ким иймонга куфрни алмаштирса, албатта тўғри йўлдан адашади.
109. Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир) уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ-равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилингиз ва кечирингиз! Албатта Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир!
110. Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! Ўзингиз учун қандай яхшиликни (охират диёрига) тақдим қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни кўриб тургувчидир.
111. Улар: «Жаннатга фақат яҳудий ва насроний бўлганлар киради»,- дейишди. (Яъни, яҳудийлар: «Биз кирамиз»,- дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди). Бу уларинг хомхаёлларидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!»
112. Йўқ, ким чиройли қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
113. Яҳудийлар: «Насронийлар бирон (арзигулик) нарса - дин устида эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса - дин устида эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) Китоб (яъни Таврот, Инжил) тиловат қиладилар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Энди уларнинг ўртасида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳукм қилади.
Изоҳ: «Шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар». Яъни Маккадаги мушриклар: «Муҳаммад ҳақ дин устида эмас»,- дейишди.
114. Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни ҳароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларида кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, охиратда эса буюк азоб бордир.
115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз, Аллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи билимдондир.
116. «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси унга бўсинади.
117. (У) Еру осмонларни пайдо қилгувчидир. Бирон ишни ҳукм қилса, унга фақатгина «Бўл» дейди холос. Бас, у иш бўлади.
118. Билмайдиган кимсалар: (Муҳаммад алайҳиссаломга) «Аллоҳ бизга (сенинг ҳақ пайғамбар эканингни) айтса эди ёки бирон аломат келса эди»,- дедилар. Улардан илгаригилар ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтишган эди. Диллари бир-бирига ўхшайди. Биз аниқ ишонадиган қавм учун оятларни баён қилдик.
119. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта биз сизни ҳақ (дин) билан хушхабар этувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзахилар хусусида Сиз масъул эмассиз.
120. Яҳудий ва насронийлар то сиз уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди.
121. Биз Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган Зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўрувчилардир.
122. Эй бани Исроил, сизларга инъом қилинган неъматимни ва сизларни бутун оламга афзал қилган пайтимни эсланг!
123. Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган ва ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайдиган, шафоат-қўллов фойда бермайдиган, ёрдам ҳам беролмайдиган кундан қўрқингиз!
124. Эсланг, Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қиланида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таъоло): «Албатта мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?» деб сўради у. (Аллоҳ таъоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди».
125. Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилувчилар (ўша ерда ибодат қилиб) турувчилар, рукуъ, сужуд эагалари учун пок тутинг»,- деб буюрдик.
126. Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг ахлларидан Аллоҳга ва Охират кунига ишонувчиларни турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таъоло: «кофирларни ҳам бироз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир», деди.
127. Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгучи, билгувчисан!
128. Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунгувчилардан қилгин ва зурриётимдан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишиларни (чиқаргин). Ва бизга (қиладиган) ибодатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни Қабул қилгувчи, Раҳмлисан.
129. Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, Сен Қудрат ва ҳикмат Соҳибисан».
130. Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз, солиҳ (яқинларимиздан)дир.
131. Эсланг, Парвардигори унга: «Бўйсун!», деганида: «Бутун оламлар Эгасига бўйсундим», деди.
132. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу Динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Оллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас мусулмон бўлган ҳолингиздагина ҳаётдан ўтинг!»
133. (Эй яҳудийлар), ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?»- деганида: «Сенинг тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат унинг ўнигагина бўйсунгувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?
134. Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз сизлар учун. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.
135. Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди. Айтинг эй Муҳаммад алайҳиссалом), балки биз ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим миллатига - Динига (эргашамиз).
136. (Эй мўъминлар), айтингиз: «Биз Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан биронтасини ажратиб қўймаймиз ва биз фақат У Зотга (Аллоҳ таъолога) бўйсунгувчилармиз».
137. Энди агар улар (яъни аҳли китоблар) сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Агар юз угирсалар, у ҳолда шубҳасиз, (сизларга нисбатан) гина ва адоватлари бордир. Улар(нинг ёмонлиги)дан сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳнинг ўзи етарлидир. У эшитувчи, билгувчидир.
138. Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар унгагина ибодат қилгувчилармиз.
Изоҳ: Бу оятдаги Аллоҳнинг рангидан мурод - Аллоҳнинг динидир. Зеро худди кийимнинг устида ранги кўрингани каби, мўъмин-мусулмонларда ҳам дин аломатлари кўриниб туради.
139. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизми. Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат унганига ихлос қўювчилармиз
140. Ёки Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлод яҳудий ёки насроний бўлган дейсизми?» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «(Уларнинг динларини) сизлар яхшироқ биласизми, ёки Аллоҳми? Аллоҳ томонидан бўлган гувоҳликни яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмас.
Изоҳ: Таврот ва Инжилда юқорида мазкур бўлган пайғамбарларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганликлари очиқ-равшан айтилган экан. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам мана шу ҳақиқатни билиб туриб, яширганлари учун юқоридаги оят нозил бўлди.
141. Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.
142. Одамлардан ақлсизлари: «Уларни (мусулмонларни) илгари қараган қиблаларидан қандай нарса юз ўгиртирди?»- дедилар. Айтинг: «Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади».
Изоҳ: Мусулмонлар Мадинага келган дастлабки даврларда Қуддусга караб намоз ўқир эдилар. Қуддус яҳудийларнинг қибласи бўлгани учун, мусулмон ҳам ўша тарафга қараб ибодат қилаётганларидан улар жуда ғурурланиб юрардилар. Қачонки мусулмонларга Макка тарафга юзланиб сажда қилиш буюрилганда, яҳудийлар юқоридаги сўзларни айтдилар.
143. Шунингдек, (яъни тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қараб кетишини билиш учун қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу оғир иш. Магар Аллоҳ ҳидоят қилган зотларгагина (оғир эмасдир). Аллоҳ иймонларингизни (яъни иймон билан Аллоҳ таъоло буюрган тарафга юзланиб ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас. Албатта, Аллоҳ одамларга Меҳрибон ва Раҳмлидир.
Изоҳ: Саҳиҳул Бухорийда ривоят қилинишича, Аллоҳ таъоло қиёмат кунида ҳар бир пайғамбарни ўз умматлари билан рўбарў қилиб, улардан: «Бу пайғамбарим сизларга менинг амру фармонларимни тўла етказдими?» деб сўраганларида, улар «Йўқ« деб жавоб қилишар, пайғамбар эса «Етказганман» дер экан. Ундан гувоҳ сўралганида: «Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари гувоҳларимдир»,- дейди. Шунда ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламни умматлари билан ҳозир қилиниб, «Мана пайғамбар ўз вазифасини тўла адо этганми?»,- деб сўралганида улар: «Ҳа, ўтган пайғамбарлар ўз элчилик бурчларини тўла адо этганлар. Бизга бу ҳақда пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом хабар келтиргандар»,- дейишади. Шунинг учун мазкур оятда мусулмонларга қарата: «одамлар устида гувоҳ бўласиз» дейилди.
Араблар учун Каъба Иброҳим пайғамбар замонларидан буён муқаддас саналар эди. Муҳаммад алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишидан илгари мусулмонлар мана шу каъбага юзланиб ибодат қилардилар. Мадинага кўчгандан кейин эса уларнинг иймонларини синаш учун бошқа тарафга - Қуддусга қараб намоз ўқиш буюрилди. Ҳижратнинг 17-ойида қайтадан Маккага юзланишга амр қилиниб, қуйидаги оят нозил бўлди:
144. Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни масжид-ал-ҳарам (Макка) тарафга буринг! (Эй мўъминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар юзларингизни унинг тарафига бурингиз! Китоб берилган зотлар албатта бунинг Парвардигорлари томонидан (келган ҳақ ҳукм) эканини биладилар. Аллоҳ улар қилаётган амаллардан ғофил эмадир.
145. Қасамки, агар сиз китоб берилган кимсаларга бор мўжизаларни келтирсангиз ҳам, улар қиблангизга боқмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қибласига боқувчи эмассиз. Улар (яҳудий ва насронийлар)нинг бировлари бировларнинг қибласига боқувчи эмас. Агар сиз ўзингизга келган билим (ваҳий)дан кейин уларнинг ҳавойи нафсига эргашсангиз, у ҳолда шубҳасиз золимлардан бўлиб қоласиз.
146. Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар (Яъни ўзларнинг илоҳий китобларида у зот ҳақида ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни яширадилар.
147. Бу ҳақиқат (яъни қибланинг ўзгариши) Парвардигорингиз томонидандир. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
148. Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларнинг барчаларингизни (ҳисоб-китоб учун) келтиради. Албатта Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир!
149. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни масжид-ал-ҳаром тарафга буринг! У шабҳасиз Парвардигорингиз (буюрган) ҳақ (қибла)дир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
150. Қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни масжид-ал-ҳарам томонга буринг! (Эй мўъминлар) сизлар ҳам қаерда бўлсангизлар, юзингизни ўша томонга бурингиз! Токи (айрим) одамлар (яҳудий ва мушриклар) учун сизларнинг устингизда ҳужжат бўлиб қолмасин. Магар уларнинг ичида зулм қилиб қолгувчилар ҳам борки, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи неъматимни комил қилиб беришим ва ҳидоят топишингиз учун (шундай қилингиз)!
Изоҳ: Яҳудийлар: «Нега Муҳаммад дини бошқа бўла туриб, бизнинг қиблага - Қуддусга қараб ибодат қилади?» Мушрик араблар эса: «Муҳаммад Иброҳимнинг диниданман деб даъво қилади-ю, ўзи яҳудийларнинг қибласига қараб намоз ўқийди» демасинлар учун мусулмонларга қаерда бўлсалар ҳам фақат масжид-ал-ҳарам томон юзланиб намоз ўқиш буюрилди.
151. (Эй инсонлар), шунингдек сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни таълим берадиган бир пайғамбар юбордик.
152. Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз!
153. Эй мўъминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
154. Ва Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган (шаҳид)лар ҳақида: «(Булар) ўликлар»,- демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.
155-156. Албатта биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз»,- дейдиган сабрли кишиларга хушхубур беринг!
157. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар Ҳақ Йўлни топгувчидирлар.
158. Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким Байтуллоҳни (тавоф қилиш билан) ҳаж ёки умра қилса, у иккисининг орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ Шукр қилгувчи (Тақдирловчи) ва Билгувчидир.
Изоҳ: Сафо ва Марва Каъба яқинидаги икки тепалик бўлиб, Ислом келишидан илгари ҳам араблар Каъбани тавоф қилганда уларнинг оралиғида етти марта бориб келиш (саъй қилиш) одатлари бор эди. Шунинг учун Ислом дини келганидан кейин мусулмонлар ҳаж қилиш пайтларида у тепаликлар оралиғида саъй қилишдан тортинганларида шу оят нозил бўлди.
Ҳаж қилиш - ҳар йили Зул-ҳижжа ойининг 10, 11, 12-кунларои иҳром (махсус ният ва либос) билан Каъбани зиёрат қилиш ҳамда шу ойнинг 9-куни Арафот тоғида туриб тавба-тазарруъ ва дуо-илтижо қилишдир. Умра қилиш - йилнинг хоҳлаган кунида Каъбани зиёрат қилишдир. Имкония бўлган киши ҳаётида бир марта ҳаж қилиши Исломда фарз бўлган амаллардан ҳисобланади. Умра эса суннат амаллардандир.
Кимки бир марта ҳаж ва умра қилганидан кейин ана шу амалларни ихтиёрий равишда такрор-такрор қилса, Аллоҳ унинг бу яхши амаллари учун муносиб мукофотлар ато қилади.
159. Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўъминлар) лаънатлагай.
160. Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, Мен уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат менгина тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмлидирман.
161-162. Куфр йўлига кириб, кофир ҳолида ўлиб кетган кимсалар шубҳасиз, Аллоҳнинг ва жамики фаришта ва одамларнинг лаънатига дучор бўлғай ва азоблари енгиллатилмаган, (озгина бўлса ҳам нафас ростлашга) муҳлат берилмаган ҳолларида абадий (жаҳаннамда) қолгайлар.
163. Илоҳингиз Ягона Илоҳдир. У Меҳрибон ва Раҳли Илоҳдан (ёлғиз Аллоҳдан) ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир.
164. Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб турган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бир жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган - сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтиришида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда - (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир.
165. Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳ севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники эканини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди.
166. У Кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У Кунда уларни боғлаб турадиган) баҳона-ю сабаблар узилади.
167. Эргашувчилар: «Қанийди, яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак»,- дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таъоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар.
168. Эй Инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.
169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради, холос.
170. Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган нарсаларга эргашингиз»,- дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсаак, ўшанга эргашамиз»,- дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?!
171. Куфр ичидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилиувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар.
Изоҳ: Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.
172. Эй мўъминлар сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсаларни енглар ва агар (чиндан) Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!
173. Албатта У сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.
Изоҳ: Биров ейиш учун мутлақо ҳеч нарса топа олмасдан буткул иложсиз қолганида ҳаром қилинган нарсалардан бирон нарсани саломат қолиш учун ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди.
174. Аллоҳ нозил қилган китоб (Таврот)дан иборат бўлган нарсани (Тавротдаги Муҳаммад алайҳиссалом сифатлари баён қилинган оятларни) яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадиган - уларга қиёмат кунида Аллоҳ сўзламайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
175. Ана ўшалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Жаҳаннам ўтига мунча сабр-тоқатли эканлар-а?!
176. Ўша (азоб) Аллоҳ бу Китоб (Таврот)ни ҳақ билан нозил қилгани сабаблидир. Албатта бу Китоб хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар мангу талашдадирлар (яъни улар ҳеч қачон ҳақ билан келиша олмайдилар).
Изоҳ: Аллоҳ таъоло Тавротда Муҳаммад пайғамбар ҳақида ҳақ сўзларни нозил қилган эди. Яҳудийлар бўлса, одамлар Муҳаммадга оғиб кетиб, бизлар ҳурмат-эътибордан ва келаётган ҳадялар - даромадлардан маҳрум бўлиб қолмайлик, дейишиб мана шу ҳақиқатни яширганлари учун дўзах азобига дучор бўлдилар.
177. Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларга бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар (яхши кишилардир). Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар.
178. Эй мўъминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бироз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва унга чиройли суратда (товон) тўлаш лозимдир. Бу (ҳукм) Парвардигорингиз томонидан (берилган) енгиллик ва раҳм-шавқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлагандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир.
Изоҳ: Яъни қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир.
179. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар.
Изоҳ: Яъни, ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади.
180. Бировингизга ўлим келган пайтида агар у (ўзидан кейин) мол-дунё қолдираётган бўлса, адолат-тўғрилик билан ота-онага, қариндош-уруғга васият қилиши фарз этилди. (Бундай васият қилиш) Аллоҳдан қўрқувчилар устидаги бурчидир.
Изоҳ: Васият хусусида келган бу буйруқ «Нисо» сурасидаги мерос ояти нозил бўлишидан илгари буюрилган муваққат буйруқ эди. Кейинчалик мерос ҳақида оят келгач, кимга қанча мерос тегиши аниқ бўлди. Энди васият қилиш бурч ҳисобланмай ихтиёрий ишга айланган ва агар биров ўз ихтиёри билан васият қиладиган бўлса, унинг васияти қолдираётган меросининг учдан биригагина нуфуз қилиши пайғамбар алайҳиссалом томонидан белгилар қўйилган.
181. Ким уни (васиятни) эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг бўйнида. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
182. Энди ким васият қилгувчи томонидан бирон тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса ва (васият қилгувчи билан меросхўрнинг) ораларини ислоҳ қилиб қўйса, (яъни, қилинаётган васиятни шариатга мувофиқ қилиб ўзгартириб қўйса), гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.
183-184. Эй мўъминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирон киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларнинг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин бечоранинг (бир кунлик) таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса, (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа) ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолларда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир.
185. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз.
186. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлра. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар.
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз, (яъни эр-хотин бир-бири учун худди баннинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар).
Аллоҳ сзлар ўзларингизга хиёнат қилаётганларингизни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқоридаги ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ҳаром ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади.
Изоҳ: Рўза тутиш фарз қилинган биринчи даврда мусулмонларга бутун рамазон ойи мобайнида хотинлари билан яқинлашмаслик вожиб қилинган эди. Лекин айрим кишилар ўзларини тута олмай, рўза кечаларида бу удумни бузар эдилар. Ушбу оят нозил бўлиши билан муаммо ҳал бўлди.
Эътикоф - маълум муддатни ният қилиб, масжиддан чиқмай рўза тутиб ибодат қилиш.
188. Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ-ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ-ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!
189. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (Ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшиклардан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Шояд нажот топсангиз.
Изоҳ: «Сиздан ойлар ҳақида сўрашади», яъни «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?»- деб сўрашади.
Ойнинг ўзгариб-янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларининг вақтларини аниқлайдилар.
«Уйларингизга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир». Мусулмонлар ҳаж сафаридан қайтганларида уйларига эшикдан кирмай, орқа тарафдан келиш одатлари бўлиб, бу уларга Исломдан олдинги даврлардан мерос бўлиб қолган эди. Ушбу оят бунинг бефойда одатлигини, ҳақиқий яхши амал Аллоҳдан қўрқиш эканини ифода қилди.
190. Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди.
Изоҳ: Биринчидан, урушни сизлар аввал бошламанг. Иккинчидан, уруш конун-қоидаларига риоя қилинг: тажовузкор, динсиз кимсаларнинг қулоқ-бурнини кечиш, қуролсиз кишиларни, аёллар, гўдаклар ва қариларни ўлдириш каби одатларни қилманг!
191. Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни Макка)дан уларни ҳам (қувиб) чиқарингиз! (Одамларни) алдаш - фитнага солиш ўлдиришдан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжид-ал-Ҳаром олдида урушмангиз! Энди агар уларнинг ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади.
192. Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, исломга кирсалар), бас, албатта Аллоҳ Кечиргувчи, Раҳмлидир.
193. То фитна тугаб, (бутун) дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, (у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз!) Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин.
194. Уруш ҳаром қилинган ой уруш ҳаром қилинган ой муқобилида бўлади. Ҳурматлар (бузилса, роия қилинмаса) қасос (олинади). Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг. Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир.
Изоҳ: Уруш ҳаром қилинган ойда кофирлар сизларга қарши урушар эканлар, сизлар ҳам бу ойда уларга қарши урушишингиз мумкин. Аслида «шаҳри ҳаром» - уруш ҳаром қилинган ойда ҳеч қандай уруш-жанжал бўлмаслиги лозим. Аммо, модомики, қарши тараф бу қоидага риоа қилмас экан, демак, сизлар ҳам риоя қилишингиз шарт эмас.
195. Аллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади.
196. Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг! Агар (касаллик ёки йўлтўсарлар сабабли) йўлингиз тўсилиб қолса, муяссар бўлган бирон ҳадя юборинг ва токи ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунича бошларингизни (сочларингизни) қирқманг!
Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса, (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёҳуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин! Қачонки, (йўлтўсарлардан ёки бошқа ҳар қандай монеъдан) хотиржам бўлсангиз, (ораларингиздан) ким ҳам (йўлида) умрадан фойдаланган бўлса, (яъни, ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, эҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга эҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган ҳадяни юборсин! Ким (ҳадя қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кундан қайтганларингиздан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли оиласи Масжид-ал-Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир. - У ернинг аҳолиси учун бундай ҳуқуқ ва бурчлар йўқ. Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ - азоби қаттиқ зотдир!
Изоҳ: Ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни ният қилган киши аввало эҳром (махсус кийим) кияди. Шундан кейин то ҳаж маросимларини тўла адо килгунича, унинг учун соч-соқолига тиғ теккизиш, тирноқ олиш, жуфти билан яқинлашиш, бировга, ҳатто энг майда ҳашаротга ҳам озор бериш каби феъллар ҳаром бўлади. Ҳаж амалларини адо қилиб бўлгач, сочни қириш, ёки қисқартириш билан эҳромдан чиқилади. Энди бирор ҳожининг йўли тўсилиб, қандайдир сабаб билан ҳажа амалларини охирига етказа олмаса, бир туя, мол ёки қўйни ўз тарафида Аллоҳ йўлига ҳадя қилиб жўнатиши лозим. Бу ҳадя жойига - Маккага етиб боргач, йўлда қолган ҳожи сочни қириши - яъни, эҳромдан чиқиши мумкин бўлади.
197. Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни, шаввол, зул-қаъда ва зулҳижжа ойининг ўн куни ҳаж учун сафар қилинадиган ойлардир, лекин ҳажнинг фарзлари эҳром боғлаш, зул-ҳижжа ойининг 9-куни Арофат тоғида туриш ва қурбон ҳайити кунлари Байтуллоҳни тавоф қилиш билан адо топади). Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта, энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!
198. (Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин, Машъар-ул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У Зот сизларни - гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да - Ҳақ Йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам У Зотни эсланг - зикр қилинг!»
Изоҳ: Ҳожилар Зул-ҳижжа ойининг тўққизинчи кунидаги иккинчи ярмида Арафот тоғида тўпланиб, Парвардигорга дуо ва тавбалар қилиб турганларидан кейин тушиб Муздалифа тоғининг этагида Машъар-ул-Ҳаром деган жойда кун бўйи дуо-такбир, тавба-тазаррулар билан Аллоҳ таъолога муножотлар қиладилар, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани учун шукроналар айтадилар.
199. Сўнга одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар. Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, раҳмлидир.
200. Энди маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин»,- дейди. Ҳолбуки, унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқ.
201. Ва уларнинг орасид шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар.
202. Ана ўша зотлар қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
203. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатиб Минодан тушса) унга гуноҳ йўқ. Ким кейинда (учинчи кунда ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўкдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз, унинг ҳузурида тўпланажаксиз.
Изоҳ: «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» - Зул-ҳижжа ойининг 11, 12, 13-кунлари назарда тутилади. Бу кунларда ҳожилар Мино деган жойда туриб, Аллоҳни зикр қилиб, дуою саловатлар айтадилар ва шайтонга лаънат тошларини отадилар.
204. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг ҳаёти дунё ҳақида гапирган гапи сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради.
205. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди.
206. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин»,- дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади - етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!
Изоҳ: Юқоридаги уч оят Анас ибн Шарийқ исмли бир мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ҳақиқий мўъмин эканлиги ҳақида ёлғон қасамлар ичиш билан пайғамбар алайҳиссаломнинг кўнгилларини ўзига хайрихоҳ қилишга уринганида, мазкур оятлар билан Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарини огоҳлантиради ва у мунофиқнинг мўъминларга етказаётган зиёнларини элга ошкор қилади.
207. Одамлар орасида Аллоҳ ризолигини истаб ўз жонини сотадиган (яъни Аллоҳ учун жонини фидо қиладиган) зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига ғамхўр - меҳрибондир.
208. Эй мўъминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиганлардан бўлмангиз) ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз у сизларнинг очиқ душманингиздир.
209. Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир.
210. Улар (Ҳақ Йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, маган уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади. (Яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.
211. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бани Исроилдан сўранг, уларга қанчалаб очиқ мўъжизалар бердик экан! Ким Аллоҳнинг неъматини келганидан сўнг, уни ўзгартирар экан, бас, албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
212. Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё зийнатлаб қўйилди. Улар иймон эгаларининг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Аллоҳ ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради.
213. Одамлар бир миллат (бир дин устида иттифоқ яшар) эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчилдиклар пайдао бўлгач) Аллоҳ (мўъминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди. Ва у (пайғамбарлар) билан одамлар орасид чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин деб ҳақ китобни (Таврот, Инжилни) нозил қилди. Энди очиқ оятлар келганидан кейин фақат шу китбол берилган кимсалар ҳадларидан ошиб, (Муҳаммад алайҳиссалом хусусида ва у зотга нозил бўлган китоб ҳақилда) талашиб-тортишдилар. Сўнгра Аллоҳ ўз изни билан мўъминларни улар (китоб берилган кимсалар) ихтилоф қилган (лекин ета олмаган) ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади.
214. Ёки (эй мўъминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли - ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва имонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир».
215. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз! Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни Билгувчидир».
216. (Эй мўъминлар, гарчи) сизларга ёқмаса-да, (кофирларга қарши) жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан,) сизлар ўзингиз учун ёмон бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз!
217. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан «шаҳри ҳаром» - уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У (ойда) жанг қилиш катта гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса, то динингиздан қайтаргунларича, сизлар билан урушаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсалар қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
218. Албатта иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар - ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир.
219-220. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Уларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир».
Яна сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар, «(ўзингиздан) ортганини» деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади. Яна сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз, зарари йўқ. Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи - ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Изоҳ: Ислом келган даврда ичикилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятнинг ҳаётига синггиб кетган оддий ишлар эди. Шунинг учун Қуръон буларни дафъатан ҳаром қилмади. Зотан, бундай иллатларни фақат юқорининг буйруғи билан йўқотиш имконсиздир - балки аввало бу ишлардан келадиган фойда-зарарларни кўрсатиш ва одамларнинг буларга бўлган муносабатларини ўзгартириш йўлини тутди. Яъни, бу ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлларидан тортиб олишдан илгари кўнгилларидан тортиб олди. Шу боисдан кейинроқ келган «Ароқ, қимор… шайтон амалидан бўлган ҳаром нарсалардир» деган оят нозил бўлиши билан мусулмонлар бу иллатлардан бир йўла қутилдилар.
Ислом дини етим-есирларни оталиққа олишни буюради. Бу оят уларнинг ота-оналаридан мерос бўлиб қолган молларига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидадир. Мусулмонлар ўз оталиқларидаги етимлар молларини қандай сарф қилаётганларига кўз-қулоқ бўлиб туришларини Қуръон «ислоҳ» деб атаб, шундай қилишга буюради ва уларнинг молларини ўз молларига қўшиб ишлатишларига ҳам рухсат беради. Фақат бу иш билан етимларнинг манфаатларини кўзлаганларни ҳам, ўз фойдаларини ўйлаганларни ҳам, Аллоҳ албатта билиши таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ истаса, мусулмонларни бундай қулайликлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин эканлиги уқтирилади.
221. (Эй мўъминлар), то иймонга келмагунларича, мушрика аёлларга уйланмангиз. Шубҳасиз, озод мушрика аёллардан - гарчи у сизга ёқса-да, иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрика эрларни (қизларингизга) уйламангиз. Шубҳасиз, озод мушрикдан - гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади.
222. Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз - нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин, уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз. Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади».
223. Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорларингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун (яхши амаллар) тақдим қилинг. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини беринг.
Изоҳ: «Хотинларингиз сизлар учун экинзордир» - Бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао - фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда.
224. Яхшилик қилиш, тақводр бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсадиган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз.
Изоҳ: Баъзи кишиларга бирон яхши амални қилиш ҳақида гапирилса: «Бажонудил қилардим-ку, шу ишни қилмаслик ҳақида Аллоҳ номига қасам ичган эдим-да!» деб баҳона кўрсатишади. Юқоридаги ва қуйидаги оятлар шундай кишиларга жавобдир.
225. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз учун жазоламайди. Балки, дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир.
226. Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар тўрт ой кутиш муҳлати бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар, (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир.
227. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
Изоҳ: Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичган кишилар тўрт ой ичида уларга яқинлашишлари мумкин. Бу ҳолда никоҳ боқий ҳисобланиб, қасамларини бузганлари учун муайян каффорат (эваз, жарима) тўлайдилар. Агар шу муддат ичида хотинларига яқинлашмасалар, муддат тугагач, никоҳ ўз-ўзидан бузилиб, талоқ тушади.
228. Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатда ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги (эрлари олдидаги) бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Изоҳ: Ислом талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслиги учун, уч ҳайз мобайнида ўзини кузатиб, бошқа турмуш қурмай туришни буюради. Шу муддат ўтгач, ҳомила йўқлиги равшан бўлади ва у аёл эрга тегиши жоиздир. Агар ҳомиладор эканлиги маълум бўлса, бола туғилиб, нифос муддати ўтганидан кейин бошқа турмуш қуруши мумкин. Мана шу кутиш вақтини «идда» деб аталади. Шу идда асонисида эр қилган ишидан пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, бунга унинг ҳаққи бор. Энди эр хотинининг оилавий ҳаётдаги бурчи ва ҳуқуқлари тенг бўлиб, фақат эрнинг имтиёзи унинг оила бошлиғи эканлигидадир.
229. (Эр хотинини қайта никоҳга олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнга (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим) ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсангиздан (уларнинг маҳрларидан) бирон нарса қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эрдан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсадан (яъни хотиннинг эваз беришида, эрининг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир.
Изоҳ: Шариат ҳукмига кўра, оила никоҳ билан тузилиб, агар эр-хотиндан биронтасининг вафот қилишидан бошқа қандайдир саба билан ажралишга тўғри келса, талоқ қилиш билан бузилади. Лекин исломда талоқни - оилани бузишни Аллоҳ таъоло суймаслиги таъкидланади ва бу талоқ қилиш ҳуқуқи эркакка берилган. Чунки табиатан эркаклар аёлларга нисбатан оғир-босиқ, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб қиладиган ва оилани оғир-енгил кунларида сабр-тоқат билан бошқариб борадиган кишилардир. Бундан ташқари икки мартагача қайта ярашишга рухсат берилган, чунки гоҳо аччиқ устида ўйланмасдан қилинган талоқдан кейин эр ҳам, хотин ҳам надомат қилиб қолишлари мумкинки, мазкур рухсат шундай пушаймон ҳолатида ёрдамга келади. Лекин ажрашиш аниқ бўлган ҳолда ҳам ислом «чиройли суратда ажрашиш»га, яъни эр-хотин бир-бирини беҳурмат қилмай, хусусан аёл кишини бошқалар назарида қора қилмай (унга кейин бошқа эр ҳаридор бўлиши мумкинлигини назардан қочирмаслик лозим) ва унга никоҳ сабабли берилган маҳр - ўзини эрига бағишлагани учун берилган эваздан бирон нарса олиб қолмай ажрашишга буюради. Юқоридаги оятда шариатдаги яна бир ҳукм - агар хотин эри билан яшай олишига кўзи етмасдан, ундан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун муайян миқдорда эваз тўлашини айтса, эр бу эвазни қабул қилиши жоиз экани ҳам баён қилинади.
230. Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилганидан кейин эса то у аёл бошка эр билан турмуш қурмагунича, (аввалги эрига) ҳалол бўлмайди. Сўнг агар (кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, (яъни қайта турмуш қуришларининг) гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади.
231. Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битаб қолса, бас уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг! Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил деб билманглар! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат этиб нозил қилган китоб ва (у китобдаги) ҳикматлдан иборат нарсани ёдингизда тутингиз! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.
Изоҳ: Маълумки, талоқ қилинган аёл иддаси битиши билан бошқа эрга тегишга ҳаққи бор. Шунинг учун хотинларини талоқ қилган эркаклар уларнинг иддалари битмай яна қайтадан никоҳларига олишлари мумкин. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Айрим кишилар хотинлари билан бирга яшаш учун қайта никоҳларига олсалар, баъзи бир кимсалар уларни бошқа турмуш қуришидан тўсиш учун никоҳларига оладилар ва шу йўл билан хотинларини талоқ олиш учун эваз туўлашга мажбур қиладилар. Мазкур оят бундай кимсаларни ўзларига зулм қилувчилар деб атайди.
232. Қачон хотинларингизни талоқ қилснгизлар ва уларниг идда муддатлари битиб қолса, бас (эй ота-оналар) уларни ўзаро яхшилик билан келишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг. Бу ҳукмлардан сизларнинг ораларингиздаги Аллоҳ ва Охират кунига ишонадиган зотлар ваъз насиҳат оладилар. Бу ҳукм (яъни эр-хотиннинг ярашиб олишларидан тўсмаслик) сизлар учун энг тоза ва покловчи ҳукмдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз!
233. Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб кийдириш отанинг зммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли ота ҳам, она ҳам зарар топмасин. Меросхўр - ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор.
Агар (ота-она) ўзаро келишиб, маслаҳат билан (болани сутдан) ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни (эмизувчи энагага) эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиган ҳақни яхшилик билан тўла-тўкис тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир.
Изоҳ: Шариат ҳукмига кўра она агар ўзи истамаса, боласини эмизишга мажбур қилинмайди. Балки эр бирор эмизувчи энагага ҳақ тўлаб эмизиши лозим бўлади. Юқоридаги «боласи сабабли она зарар топмасин» деган гапнинг маъноси - онани, ўзи хоҳламаса, эмизишга мажбур қилинмайди деганидир. Энди «бола сабабли ота зарар кўрмасин» дегани - унга хотин томонидан тоқатидан ташқари талаблар қўйилмасин деганидир.
Боланинг отаси ўлса, меросхўр бўлган шахс зиммасида вафот қилган отанинг зиммасида бўлган боланинг онасини едириб-кийдириш, болани эмизувчи энагага ҳақ тўлаш каби вазифалар қолади.
234. Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ой ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар. Энди қачон (идда) муддатлари битса, улар ўз хусусларида яхшилик билан қилган (бошқа турмуш қуриш хусусидаги) ишларида сизлар (яъни ўлган эрнинг уруғлари) учун гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
235. У аёлларга (яъни эрлари ўлиб идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ сизлар у аёлларга (совчилик ҳақида) зикр қилишингизни билди. Лекин улар билан ҳуфёна ваъдалашмангиз! Фақат яхши гаплар гапиришингиз (жоиздир). То буюрилган идда муддати битмагунича никоҳ боғлашга қасд қилманг ва билингизки, албатта Аллоҳ ичларингиздаги нарсани билади. Бас, унинг (азобидан) эҳтиёт бўлинг ва билингизки, албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалимдир.
236. Агар хотинларингизни уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва (бу ҳолда) уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик қилиш билан фойдалантиринг! (Бу ҳукм) яхшилик қулгувчилар зиммсига бурч бўлди.
237. Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда қўл теккизишингиздан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (ярим маҳрни олишдан) кечиб юборса, ёки никоҳ битими қўлида бўлган зот (яъни эр ўзига қайтган ярим маҳрдан) кечса, (яъни, бутун маҳрни тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир. Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир.
238. Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар - ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!
239. Энди агар (душман ҳужумидан) ҳавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (ибодат қилаверингиз)! Қачон хотиржам бўлганингизда, билмаган вақтингизда Аллоҳ сизларга қандай ўргатган бўлса, шундай ҳолда (яъни намознинг барча арконларини ўрнига қўйиб) Аллоҳни зикр қилингиз!
240. Сизлардан вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар (ўлимидан олдин), хотинларига бир йилгача (эрининг уйидан) чиқарилмай, фойдаланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари чиқиб кетсалар, сизлар (эрнинг уруғлари) учун у хотинлар ўз хусусларида қилган яхши амаллари сабабли гуноҳ йўқдир. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматли Зотдир!
241. Талоқ қилинган аёлларни (идда муддатида) яхшилик билан фойдалантириш тақводор эрларнинг зиммасидаги бурчдир.
242. Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади.
243. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз ўлимдан (яъни вабога йўлиқишдан) қочиб, ўз диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарини билмадингизми? Бас, Аллоҳ уларга «ўлинглар!» деди. (Ва улар ўлдилар. Яъни ўлимнинг сабаби касаллик эмас, балки Аллоҳнинг амридир). Сўнгра уларга ҳаёт ато қилди. Албатта Аллоҳ одамларга фазлу карам қилгувчидир. Лекин жуда кўп одам шукр қилмайдилар.
244. Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир!
245. Аллоҳга қарзи ҳасана (савобга эришиш ниятида ихтиёрий қарз) берадиган киши борми? (Агар бўлса, албатта Аллоҳ) унга бир неча баравар қилиб қайтарур. Зотан, (ризқингизни) тор ва кенг қиладиган Аллоҳдир ва ёлғиз унга қайтарилажаксиз.
246. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз бани Исроилдан бўлган Мусодан кейинги бир жамоанинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики улар ўзларининг (Шаъмун исмли) пайғамбарларига: «Биз учун бир подшоҳ тайёрлагин. Биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик» дейишди. «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?»,- деди (пайғамбар). Улар айтдилар: «Диёримиздан хайдалиб, болаларимиздан (ажралиб) турибмиз-ку. Нега Аллоҳ йўлида урушмаси эканмиз?» Энди қачонки уларга уруш фарз қилинганида озгина кишидан бошқа ҳаммалари бош тортдилар. Аллоҳ (ўз аҳди-паймонларидан қайтиш билан ўзларига) зулм қилгувчиларни Билгувчидир.
247. Пайғамбарлар уларга айтди: «Албатта Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади». «У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин? Ахир биз ундан подшоҳликка ҳақлироқмиз-ку! (Қолаверса), унга кенг катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса»,- дейишди. Пайғамбар айтди: «Албатта Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга илмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкни ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) Кенг Билгувчидир.
248. Пайғамбарлар уларга айтди: «Унинг подшоҳ бўлиб сайланганлигининг аломати, сизларга бир сандиқ келтиришадики, унда Парвардигорингиз томонидан хотиржамлик ва Мусо ва Ҳорун оилаларидан қолган мерос жо қилинган бўлиб, уни фаришталар кўтариб турадилар. Агар чиндан иймон эгалари бўлсангиз, бу (воқеада) сизлар учун оят-аломат бордир.
249. Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: «Албатта Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса, менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, мендандир. Магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса, (жоиздир)». Бас у дарёдан озгинадларидан бошқа ҳаммалари ичдилар. Энди қачонки у иймон келтирган кишилар билан дарёдан ўтгач, (аскарлар) айтдилар: «Энди бу кун Жолуд ва унинг лашкарларига кучимиз етмайди». (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир»,- дедилар.
250. Қачонки Жолуд ва унинг лашкарларига кўрингаларида, айтдилар: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргил. Қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устидан ғолиб қил!»
251. Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолудни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик - пайғамбарлик ато қилди ва Ўзи хоҳлаган нарсалардан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади. лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Соҳибидир.
252. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сизга ҳақ рост тиловат қилмоқдамиз. Ва Сиз шак-шубҳасиз пайғамбарлардандирсиз.
253. Биз ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ўзларига очиқ ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўъминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганида урушишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади.
254. Эй мўъминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат-қўллов бўлмайдиган кун келишидан илгари сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир.
255. Аллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди. Самовот ва ердаги бор нарсалар унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) унинг изнисиз қуллай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар У Зотнинг илмидан фақат унинг ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоясида сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир.
Изоҳ: Ушбу очти карима Қуръони каримдаги энг буюк оятдир. Унинг шаъни улуғлиги ва мазмун-моҳиятининг теранлиги ҳақида Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Убай ибн Каъб тарафидан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбар алайҳиссалом ундан (Убай ибн Каъбдан): «Аллоҳнинг китоби - Қуръондаги энг буюк оят қайси?» деб сўрадилар. У: «Оятал-курси - аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳоййул қоййум» деб жавоб берди. Шунда пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Мунзирнинг отаси, (Убай, тўғри айтдинг), илминг зиёда бўлсин - албатта бу оятнинг тили ва лаблари бўлиб, арш пойида подшоҳ (Аллоҳ)ни поклаб-улуғлаб туради»,- дедилар.
Яна бошқа бир ҳадисда пайғамбар алайҳиссалом: «Кимки ҳар бир намоздан сўнг оятал-курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақат ўлимгина тўсиб туради»,- деб марҳамат қилганлар.
256. Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро), Ҳақ Йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
257. Аллоҳ мўъминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу - зулматлардан ёруғлик - нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик - нурдан қоронғу - зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
258. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Аллоҳ подшоҳлик берганидан ховлиқиб, Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Ўшанда Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб ўлдирадиган зотдир»,- деганида, у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман»,- деди. Иброҳим айтди: «Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи». Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.
Изоҳ: Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: «Сен бизларни даъват қилаётган Парвардигоринг қандай зот?» деганида, Иброҳим пайғамбар айтдилар: «Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олгувчидир». Шунда Намруд: «Бу менинг ҳам қўлимдан келади»,- деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шфрқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!» Ана шундагина Намруд жавоб топа олмай, лол бўлиб қолди.
259. Ёки бир Зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизми-ки), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу ҳароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?». «Бир кун ё ярим кун»,- деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара, бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят-ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки, унга бу нарсалар аниқ кўрингач, «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди.
260. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Иброҳим: «Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин»,- деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?» деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, (ишонаман-ку), лекин дилим (яна ҳам) таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, уларни ўз олдингга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга чопиб келадилар! Билгинки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир». (Демак, ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ таъоло қудрати олдида жуда осон ишдир)
261. Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзта доин бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган битта донга ўхшайди (қилинган битта яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишорат қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.
262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордирю улар учун ҳеч қандай ҳавфу хатар йўқ. Ва улар ғамгин бўлмайдилар.
263. Яхши гап ва кечириш - кетидан озор келадиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.
264. Эй мўъминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, унинг (риёкорнинг) мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир текканида уни (устидаги чанг-тупроқни ювиб-тушириб) қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган. (Ундай риёкор) мунофиқлар яхши амаллар қилдик, деб ҳисоблайдилар. Аммо қиёмат кунида топган (ва сарфлаган) дунёларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳимоя қилмайди.
265. Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотларнинг мисоли худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилган боққа ўхшайди. Энди агар унга шаррос қўйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир (ҳам кифоя қилади). Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.
266. Сизлардан биронтангиз тагларидан дарёлар оқиб тургувчи, хурмою узумлари бор, ҳар турли меваларга тўла боғи бўлишини, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида эса ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади.
Изоҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таъоло эҳсон қилиб, орқасидан миннат қиладиган ёки хўжакўрсинга эҳсон қиладиган кимсаларнинг охиратдаги аҳволи ҳақида хабар бериб, гарчи улар «қилган эҳсонларимиз сабабли жаннатларга эришамиз», деб хомтама бўлсалар-да, уларнинг қилган (эҳсонлари)ни миннат ва риё бўрони учириб-ёндириб кетиши аниқ эканини уқтиради.
267. Эй мўъминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол покизаларидан ва биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган - паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотдир.
268. Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга бўюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир.
269. У ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар.
270. Инфоқ-эҳсон қилган ҳар бир нафақангизни ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз Аллоҳ билади ва (Аллоҳ таъоло буюрган садақотларини бермайдиган) золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.
271. Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз - бу ўзингиз учун янада яхшироқдир ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
272. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас. Балки Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида сизларга тўла-тўкис қайтарилади.
273. (Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни ўзларини ушлаган), бирон ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир камбағаллар учундир. Уларнинг (фақирликларини) сиймоларидан билиб оласиз. Улар одамлардан тиланиб туриб олмайдилар. Қандай яхшилик қилсангиз, бас Аллоҳ албатта уни билгувчидир.
274. Мол-дунёларини кечаю-кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
275. Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб, уларнинг: «Байъ (олди-сотди ҳам) судхўрликнинг ўзи-ку!» деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас кимга Парвардигордан мавъиза - насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни ўзи хоҳласа, авф қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолжаклар.
276. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади. Садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб билган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди.
277. Албатта, иймон келтирган, яхши амаллар қилган ва намозини тўкис адо қилиб закотини берган зотлар учун, Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай ҳавф-хатар йўқ. Ва улар ғамгин бўлмайдилар.
278. Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўъмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз! (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз)
279. Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга - золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз.
280. Агар (қарздор) ночор бўлса бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.
281. Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди.
282. Эй мўъминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ унга билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин - Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қрздан бирон нарса камайтириб ёзмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш бола ё жуда кекса) бўлса ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги сабабли айтиб туриб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий - вакили адолат билан ёздирсин! Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак киши топилмаса, бир эркак ва икки аёлни - бири унутиб адашса, бири унга эслатади - гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунча ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва сизлар шак-шубҳа қилмаслигингизга яқинроқ (ҳукмдир). Лекин ашар (ўртадаги муомилангиз) ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангиз-да, сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва бир-бирингиз билан савдо қилганда, гувоҳ келтиринг ва на котибга, на гувоҳга зарар етмасиз. Агар шундай қилсангиз (яъни, улардан биронтасигаз зарар етказсангиз), бу Аллоҳга итоатсизлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради. Алҳ ҳамма нарсани билгувчидир!
283. Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз, (берилган нарса эвазига) қўл билан тутгудек гаров олинг. Агар бир-бирларингизга омонат қўймсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо қилсиз ва Парвардигори - Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта уни қалби осий - гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган амалингизни билгувчидир.
284. Самовот ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва ўзи истаган кишини мағфират қилиб, ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир!
285. Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўъминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Биз унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат ўзингга қайтажакмиз» дедилар.
286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди (ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйниларига қўйган юкингни юклама. Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама. Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла. Ўзинг ҳожамизсан. Бас, бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил.