close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

071. Нуҳ сураси

Маккада нозил қилинган бу сура йигирма саккиз оятдан ташкил топгандир. Бу сурада пайғамбарлар оқсоқоли Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари у зотнинг пайғамбар қилиб юборилишларидан тортиб, то қавмларининг орасидаги кофир бўлган кимсалар тўфон балосига дучор қилинишларигача батафсил ҳикоя қилинади. Шунинг учун бу сура "Нуҳ" сураси деб аталади.
Бу сурада Аллоҳ таъолонинг Ўз пайғамбарлари орқали юборган Динига қаршилик қиладиган кимсалар барча замон ва маконларда бўлгани ва бўлажаги ҳақида хабар берилиши билан бирга инсоният тарихида Яратган буюрган Диндан чиққан барча миллатларнинг оқибатлари ҳалокат бўлгани ҳам уқдирилади.
Сура Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмлари орасида тўққиз юз эллик йил туриб, уларни Аллоҳинг Динга даъват қилганларидан кейин ҳам улар панд-насиҳат олишиб ҳидоят Йўлига юришагач, у зот Аллоҳ таъолога илтижо қилиб бу кофирларга Ўз балосини юборишини сўраганлари ҳақида ҳикоя қилувчи оятлар билан хотима топади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Дарҳақиқат, Биз Нуҳни: "Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин", деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик.

2. У деди: "Эй қавмим, албатта мен сизларга (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчидирман. —

3. — Аллоҳга ибодат қилинглар ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар.

4. (Шунда Аллоҳ) сизларни гуноҳларингиздан мағфират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача (яъни, ажалларингиз битгунича тирик) қолдирур. Агар билгувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (ўлим учун белгилаб кўйган) муддати келган вақтида асло ортга сурилмас".

5. (Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: "Парвардигорим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим.

6. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос.

7. Дарвоқеъ, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган Дин Йўлига) даъват қилсам, улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва (ўз куфрларида) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар.
Изоҳ: Эътибор берган бўлсангиз, Нуҳ пайғамбарнинг қавмлари орасидаги кофир кимсалар Муҳаммад алаҳссалом замонларидаги ва ундан кейинги даврлардаги кофирларга ўхшаб Аллоҳнинг Динидан юз ўгириб, терс қараб кетмайдилар, балки улар худди гўдак болаларга ўхшаб бармоқларини кулоқларига тиқиб, юзу кўзларини рўмоллар билан ўраб олишиб, Ҳақ Йўлидан қайсарлик билан бош тортадилар. Бунга сабаб, Куръони Карим бизларга ушбу сурада неча ўн минг йиллар илгари ўтган, иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссалом замонларидан, яъни, башариятнинг айни гўдаклик палласидан ҳикоя қилмоқда. Куръоннинг бу ажиб услуби, яъни, ҳар бир давр ҳақида айни ўша даврнинг руҳи — тили билан сўзлаши-тасвирлаши ҳам унинг Илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир далолатдир. Зеро, Муҳаммад алайҳиссаломдек хат-саводи бўлмаган бир киши ўзининг инсоний онг-шуури билан узоқ ўтмиш қаърига сингиб кетган қавм-қабилаларнинг ҳар бирини "ўз тили" билан сўзлата олиши мумкин бўлмаган бир ишдирки, бунга фақат барча замонларда Ҳаёт ва барча нарсадан Огоҳ бўлган Азалий ва Абадий Зот — Аллоҳ таъологина Қодирдир.

8. Сўнгра мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўплангаи жойларда баланд овозда) даъват этдим.

9. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим.

10. Мен дедимки: "Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир.

11. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур.

12. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур.

13. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни, Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!

14. Ҳолбуки, У Зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!
Изоҳ: Ушбу ва қуйидаги оятларда нима сабабдан бандалар Аллоҳ таъолога ибодат қилишлари зирур эканлигига далиллар келтирилгандир. Аллоҳ таъоло инсонларнинг диққат-эътиборларини аввало ўзларининг қандай яратилганларига қаратади. Дарҳқиқат, ҳар бир инсон она қорнида дастиввал бир томчи сув бўлиб, сўнгра қуюқ қонга айланиб, кейин бир тишлам гўшт бўлиб, сўнгра унга жон ато этилиб ёруғ дунёга келиши ҳақида ўйлаган ҳар бир соғлом ақл ва тоза дил эгаси беихтиёр Яратганнинг кудратига-улуғлигига тасаннолар айтиб, У Зотга сажда қилмай тура олмас.
Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таъолонинг қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига очиқ далолат қилиб турган самовот ва ундаги сайёралар ҳақида сўз юритилади.

15-16. Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?!

17. Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) ердан ундириб-ўстирди (яъни, пайдо қилди).

18. Сўнгра (вафот қилганларингизда) У Зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қойим бўлганида) Унинг Ўзи сизларни чиқариб олур!

19-20. Аллоҳ ерни сизлар учун — сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун ёйиқ — текис қилиб қўйди".

21. Нуҳ айтди: "Парвардигорим, дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик этдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи (яъни, куфр ва туғёнини) зиёда қилган кимсаларга (ўзларининг бой-бадивлат бошлиқларига) эргашиб кетдилар".

22. (Уларнинг бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар.

23. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): "Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ«ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!", дедилар.
Изоҳ: Бу оятда зикр қилинган бешта ном Нуҳ пайғамбар замонларидаги кофирлар сиғинадиган бут-санамлариинг номидир. Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларига кулоқ солмай ўша бутларга сиғинганликлари учун ҳам тўфон балосига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлганлар.

24. "Дарҳақиқат, улар (яъни, Нуҳ қавмининг бой-бадавлат бошлиқлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. (Парвардигорим), бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин", (деди Нуҳ).

25. Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни, сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар).

26. Нуҳ айтди: "Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин.

27. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туриб-кўпайтирурлар.

28. Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўъмин холда кирган кишиларни ва барча мўъмину мўъминаларни мағфират қилгин, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!".

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase