067. Мулк» сураси
- 897 марта кўрилди
Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, ўттиз оятдан ташкил топгандир. Сура барча оламлар мулки - подшоҳлиги Ўз Қўлида бўлган Аллоҳ таборака ва таъоло беҳад Буюк-Баракотли Зот эканини таъкидлаш билан бошланади. Шу боисдан у «Мулк» сураси деб номлангандир. Айрим манбаъларда уни «Таборак» сураси деб ҳам атайдилар.
Бу сурада Аллоҳ таъоло ўлим ва ҳаёт неъматларини нима учун яратгани ҳамда У Зот етти қават осмон ва ундаги бор мавжудотни қандай дақиқ ҳикмат-интизом билан бунёд этгани баён қилинган оятлар қаторида Охират ҳақида ва у Кунда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда уларнинг чекадиган бефойда афсус-надоматлари тўғрисида хабар берадиган оятлар ҳам мавжуддир. Сўнгра еру осмондаги Ҳақ таъолонинг қудрати Илоҳийсига далолат қилиб турган турли-туман оят-аломатлар тасвирланади ҳамда кофир ва мўъмин ҳақида ибратли мисоллар келтириб, барча инсонларни Аллоҳ таъоло рози бўладиган Тўғри Йўлни тутишга даъват этилади.
Ушбу суранинг фазилатлари баёнида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири имом Тирмизий ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифдир: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳнинг китобида ўзи фақат ўттиз оятдан иборат бўлган бир сура ҳам борки, у (ўша сурани ўқиб, амал қилиб юрган) кишини шафоат қилур ва ҳатто Қиёмат Кунида уни дўзахдан чиқариб, жаннатга киритур. У «Таборак» сурасидир».
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. (Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз Қўлида бўлган Зот - Аллоҳ Баракотли-Буюкдир. У барча нарсага Қодирдир.
2. (Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У Қудратли ва Мағфиратлидир.
Изоҳ: Демак, Аллоҳ таъоло ҳар бир инсоннинг мана шу ҳаёти дунёда қилиб ўтадиган амалларини синаб, Охиратда ўша амалга яраша мукофот-жазо бериш учун ўлим ва ҳаётни яратган экан. Ушбу ояти каримада ўлим сўзи ҳаёт сўзидан муқаддам келтирилишига сабаб шуки, ўлим калимасининг мазмуни ҳаёт калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқдир. Чунки ҳаёт сўзи мана шу ўткинчи дунёда вақтинча яшашнинг бошланишини билдирса, ўлим сўзи Охират диёридаги мангу ҳаётнинг бошланишини англатади. Демак, ўлим юзаки қараганда муваққат ҳаётнинг интиҳоси бўлиб кўринса-да, аслида у мангу ҳаётнинг ибтидосидир. Бу хусусида пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга - Аллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (ўликлардан) яхшироқ англагувчи эмассизлар. Фақат улар жавоб қила олмайдилар, холос».
3. (У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдирки, сен (эй инсон), У Раҳмоннинг (Меҳрибон Зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассан. Энди кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирон футур-ёруқни кўрармикансан?
4. Сўнгра кўзингни қайта-қайта (самога) қайтаргин, кўзинг сенга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таъоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас).
Изоҳ: Ушбу оятларда Қодир Аллоҳ осмонларни ер деган бинонинг устидаги етти қават томга, ўзини эса мана шу бинонинг бундёдкори - устасига ўхшатади. Одатда усталар уйни битириб, эгаларига топширишдан олдин, «Қани кўринглар-чи, биз қурган бинодан бирон тафовут, яъни унинг деворидан, эшик-деразасидан ёки шифти-томидан чиройда ва пухталикда бирон номутаносиблик, бошқача айтганда, бирон нуқсон топа олармикансизлар», деб сўрайдилар.
Худди шунингдек Ҳақ таъоло ҳам устимизга етти қавит осмонни бирон устунсиз том қилиб кўтариб қўйиб, "Қани, эй инсонлар, қайта-қайта қараб, текшириб кўринглар-чи, Биз кўтаргап томдан — осмондан бирон айб топа олармикансизлар", деб сўрайди ва дарҳол Ўзи қатъий жавоб қилади: "Ҳеч қачон ҳеч ким ҳеч қандай тафовут — нуқсон топа олмайди!". Бу аён ҳақикатдир. Бас, шундай экан, ҳар бир ақлли, инсофли инсон осмоилар ва ер ҳамда улардаги барча нарсаларни Ягона Бунёдкори ва Ҳукмдори бўлган Аллоҳ таъолонииг борлигига, бирлигига ва чексиз қудратига дарҳол иймон келтиради — теран ишонч ҳосил қилади. Фақат гумроҳ ва адашган кимсаларгина ушбу ҳақиқатдан кўз юмишлари, Яратгандан юз ўгиришлари мумкин. Жаноби Ҳақ эса Ўзининг бандалари ичидаги ақлли, инсофли, Тўғри Йўл истаган кишиларга Ўзинииг чексиз қудратини намойиш қилишда давом этиб, Ўзи кўтарган томга — осмонга юлдузларни қандил қилиб илиб кўйганини, қоронғу тушиши билан уларни ўзи "ёқиб", тонг отиши билан "ўчириб" туришини миннат қилади ва у «қандиллар»нинг яна бошқа визифалари ҳам бор эканлигини уқтиради:
5. Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз.
6. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун ҳам жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!
7. Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида, қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар.
8. У ғазабдан бўлиниб-парчалаииб кетгудек бўлур. Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): "Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи — пайғамбар келмаганмиди?", деб сўраганида;
9. Улар дерлар: "Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: "Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар", деганмиз".
10. Улар (кофирлар) яна: "Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик", дерлар.
11. Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар! Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!
12. Албатта ғайбдаги (кўзларига кўринмайдиган) Парвардигорларидан қўрқадиган зотлар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бордир.
13. (Эй инсонлар), сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар (ҳар ҳолда Аллоҳ билиб турур). Албатта У диллардаги сирларни Билгувчидир.
14. (Ахир) яратган Зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У Меҳрибон ва (ҳар нарсадан Огоҳдир.
15. У (Аллоҳ) сизлар учун ерни ҳокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (ернинг ҳар томонида (сайр-сиёҳат) қилиб ё тижорат билан ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш-қайтиш бордир.
16. (Эй Макка кофирлари), ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар) осмондаги Зот сизларни Ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (кўрқмайсизларми)?!
17. Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Хали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!
18. Дарвоқеъ, улардан аввалги кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандилар. Бас, Менинг инкорим — азобим қандоқ бўлди?!
19. Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни Ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани Кўриб тургувчидир.
20. (Эй мушриклар), Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган, сизлар учун қўшин-ёрдамчи бўлган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон мададкор йўқдир). Кофирлар эса фақат ғурур-алданишдадирлар. (Шунинг учун улар ўзлари сиғинаётган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олади, деб ҳисоблайдилар).
21. Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон ризқ-рўз бергувчи йўқдир). Йўқ, улар (кофирлар) катта кетишда ва (Ҳақдан) йироқлашишда оёқ тираб туриб олдилар.
22. Ахир юз тубан (яъни, оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ Йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?!
Изоҳ: Ушбу ояти карима кофир билан мўъмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим. Динсиз-эътиқодсиз кимса бирон Илоҳий йўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш ташвиши билан овора-ю сирсон бўлиб, яъни, фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак, унинпг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий кўлланма кўрсатиб қўйгаи Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта — Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин, бугуннинг, яъни, ўткинчи дунёнинг арзон матолари уни ўзи танлаб олган Тўғри Йўлидан адаштира олмайди.
23. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у кофирларга) айтинг: "У (Аллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар".
24. Айтинг: "У сизларни Ер юзида яратиб қўйган Зотдир. Сизлар (Қиёмат Кунида) ёлғиз Унинг ҳузурига тўпланурсизлар".
25. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи) ушбу ваъда қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?", дерлар.
26. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос".
27. Бас, қачонки улар (Қиёмат Кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур ва (уларга): "Мана шу сизлар истаган нарсадир", дейилур.
28. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у кофирларга) айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки (умримизни узун қилиш билан) бизларга раҳм-шафқат қилса (Ўзининг изн-ихтиёридадир). Аммо энди кофирларни (яъни сизларни) ким аламли азобдан ҳимоя қилур?!
Изоҳ: Макка кофирлари доим Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнииг саҳобаларига ўлим-ҳалокат тилар эдилар. Шунда Аллоҳ таъоло томонидин Пайғамбаримизга юқоридаги оят нозил қилиниб, у кишини кофирларга шундай жавоб қилишга амр этилди: "Биз мўъминлар икки гўзал оқибатга кўз тутиб яшаймиз. Улардан бири сизлар орзу қилаётганингиздек Дин Йўлида ҳалок бўлиб жаннатга етиш бўлса, иккинчиси омон қолиб, сизларнинг устингиздан ўзимиз умид қилган ғалабага эришишдир. Аммо сизлар кофир бўлган ҳолларингизда кимнинг ҳимоясини кутмоқдасизлар?!"
29. Айтинг: "У (Аллоҳ) Раҳмон — Меҳрибондир. Бизлар Унга иймон келтирдик ва ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилдик — суяндик. Ҳали сизлар ким очиқ залолатда эканлигини билиб олажаксизлар!".
30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у мушрикларга) айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (Ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда (Аллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Аллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)"