048. Фатҳ сураси
- 494 марта кўрилди
Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, йигирма тўққиз оятдир. Бу сурада Пайғамбар алайҳиссалом билан Макка мушриклари ўртасида хижрий олтинчи санада бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи ҳақида ва бу сулҳнинг орадан бир йил ўтгач рўй берадиган буюк Фатҳ — Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабанинг бошланиши бўлиб қолгани тўғрисида сўз боради. Суранинг "Фатҳ — Ғалаба" деб номланишининг боиси хам шудир.
Яна унда мўъминларнинг Дин Йўлида қилган жиҳодлари, иймони заиф кимсалар ва мунофиқларнинг эса бу жиҳоддан қолиш учун кўрсатган баҳоналари хақида, шунингдек, саҳобаларнинг то бошларига ўлим келгунича Аллоҳ Йўлида курашиш хусусида Расулуллоҳ алайҳиссаломга берган байъат-қасамёдлари тўғрисида хабар берилади.
Бу сурадан Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарининг кўрган тушларини рост қилгани хақдаги оят ҳам ўрин олгандир. Сура Муҳаммад алайҳиссаломнинг хақ Пайғамбар эканликларини таъкидлаш ва у зот билан бирга бўладиган — у зот кўрсатган йўлга юрадиган мўъмин мусулмонларнинг сифат-фазилатларини баён қилиш билан хотима топади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1-2-3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), токи Аллоҳ Сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва Сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, Сизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ Сизга қудратли ёрдам бериши учун дарҳақиқат, Биз Сизга очиқ-равшан фатҳ — ғалаба ато этдик.
Изоҳ: Сура мана шундай файзи Илоҳий — кечмиш-келмиш барча гуноҳларни мағфират қилиш, Илоҳий неъматларни комил қилиб бериш, Тўғри Йўлга ҳидоят, Аллоҳ таъоло томонидан бериладиган қудратли мадад ва очиқ-равшан фатҳ — ғалабани эълон қилиш билан бошланди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом ушбу сура нозил бўлганида: "Бу кеча менга дунё ва ундаги бор нарсадан суюклироқ бўлган бир сура нозил қилинди", деган эканлар. Хўш, мазкур ғалаба қандай ғалаба эди? Ислом тарихидан маълумки, хижрий олтинчи сананинг охирида (милодий 627 йилда) Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг бир ярим мингга яқин саҳобалари билан умра (суннат бўлган ҳаж ибодати) қилиш ниятида Мадинайи мунавварадан Маккайи мукаррамага қараб йўл оладилар. Улар уруш ғаразида кетмаётганларини билдириш учун Маккага етиб борганларида қурбонлик қилиш учун олган чорва ҳайвонларини олдиларига солиб ҳайдаб борадилар. Лекин мусулмонлар Макка яқинидаги Ҳудайбийя деб номланган бир водийга етиб келганлариди, мушриклар уларни Байтуллоҳга киришдан тўсадилар. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом мақсадлари Макка шаҳрини эгаллаб олиш эмас, балки Каъбатуллоҳни зиёрат-тавоф қилиб қайтиб чиқиб кетиш эканлигини етказиш учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ элчиларни Макка катталари олдига юборганларида, улар Усмонни ҳибсга оладилар, лекин Пайғамбар алайҳиссаломга мушриклар Усмонни қатл қилдилар, деган хабар боради. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларни Маккани фатҳ этиш учун байъат — қасамёд қилишга чақирганларида, уларнинг барчалари байъат қиладиларки, бу ҳақда сура давомида алоҳида ҳикоя қилинади. Мусулмонларнииг қасамёдларини эшитиб даҳшатга тушиб қолган мушриклар ўз одамларини Ҳудайбйяга жўнатиб, бу йил мусулмонларни Каъбатуллоҳга йўлатмасликларини ва агар рози бўлсалар келгуси йилда ўзлари мусулмонларга бемалол зиёрат қилишлари учун Маккани бўшатиб беришларини билдириб, сулҳ таклиф қиладилар. Пайғамбаримиз бу таклифни қабул қиладилар ва бу сулҳ дини Ислом тарихидиги бурилиш нуқталаридап бири бўлиб қолади. Чунки бундан бор-йўғи бир йил олдин мусулмомларни ер юзидан йўқ қилиб юбориш ғаразида жуда катта лашкар билан Мадинага борган Макка мушриклари бугунга келиб уларга қарши урушиш у ёқда турсин, ўзлари яраш таклиф қилмоқда эдиларки, бу ўз моҳият эътибори билан Ислом динининг хақ ва ўлмайдиган бир дин экаилигини эътироф этиш эди. Бу сулҳнинг Маккадаги ва бошқа атроф-жавонибдаги одамларга жуда катта таъсири бўлиб, мусулмонларнинг улар билан бевосита мулоқот қилишлари ва Исломга даъват этишлари натижасида минглаб кишилар бу ҳақ Динга иймон келтирадилар.
4. (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўъминларнинг дилларига сакинат-ором туширган Зотдир. Осмонлар ва ер қўшинлари (яъни, коинотдаги барча жонзот ва кучлар) ёлғиз Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
5. У мўъмин ва мўъминаларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан ёмонлик-гуноҳларини ўчириш учун (уларнинг дилларини ўзи буюрган, кофирларга қарши жиҳод қилиш каби ҳукмлардан таскин-ором оладиган қилиб қўйди). Ва бу Аллоҳ наздида буюк саодат бўлди.
6. Ва Аллоҳ ҳақида (У Ўз Пайгамбарига ва мўъминларга мадад — ғалаба бермайди, деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўъминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси (тушгувчидир). Аллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!
7. Осмонлар ва ер қўшинлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Соҳиби бўлган Зотдир.
8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз.
9. (Эй инсонлар, Биз бу Пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У Зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эрта-ю кеч Уни поклаб, тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик).
10. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Сизга байъат — қасамёд қиладнган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар — Аллоҳнинг Қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур.
Изоҳ: Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинишича, Ҳудайбийя водийсидаги бир дарахт остида ўша жойда ҳозир бўлган бир ярим мингга яқин саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломга кўл бериб, то бошларига ўлим соати келгунича у зотга содиқ бўлишга байъат-қасамёд қиладилар. Қуръон уларнинг Пайғамбар воситаларида Аллоҳ таъолонииг Ўзига байъат қилганларини уқтиради ва бу байъат Ислом тарихида "Байъатур - ризвон", яъни, Аллоҳ рози бўлган байъат деган ном билан қолади. Бу ҳақда ушбу сурада алоҳида оят мавжуддир.
11. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳали (Мадинага қайтганингиздан кейин) Сизга аъробийлардан бўлган (Сиз билан бирга умра сафарига чиқишдан) қолган (мунофиқ) кимсалар: "Бизларни мол-мулкларимиз ва аҳли-оилаларимиз машғул қилиб қўйди, (шунинг учун сен билан бирга сафарга чиқа олмадик). Энди ўзинг бизлар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрагин", дерлар. Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани — ёлғонни айтурлар. Айтинг: "Агар (Аллоҳ) сизларга бирон зиён (етказиш)ни истаса ёки У сизларга бирон манфаат (етказиш)ни истаса, у ҳолда ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарса(ни дафъ қилиш)га эга бўла олур?! Йўқ, Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингиздан Огоҳ бўлган Зотдир!
12. Балки сизлар Пайғамбар ва мўъминлар (бу сафарларидан) ўз аҳли-оилаларига ҳеч қачон қайтиб келмайдилар, деб ўйладинглар ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлгувчи қавм бўлдинглар!"
13. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас, албатта Биз ундай кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз.
14. Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни мағфират қилур ва Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар, Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
15. Ҳали сизлар (Хайбар жангида қўлга киритган) ўлжаларни олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмасдан) қолган кимсалар: "Бизлар ҳам (ўша ўлжалардан олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйинглар", дерлар. Улар Аллоҳнинг Каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: "Ҳаргиз бизларга эргашмайсизлар! Аллоҳ илгари мана шундай дегандир". Энди улар: "Йўқ, сизлар бизларга ҳасад-бахиллик қилмоқдасизлар", дерлар, Йўқ, улар камдан-кам нарсаларнигина англарлар.
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ саҳобалар Ҳудайбийя сулҳидан қайтишгач, Хайбар воҳасидаги яҳудийларга қарши жанг қилишиб, ғалаба қозонадилар ва катта ўлжаларни кўлга киритадилар. Бу ўлжалардан хабар топган мунофиқлар ўзлари жангдан қочган бўлсалар-да, ўлжадан хомтамаъ бўлганларида, мазкур оят орқали уларга кескин рад жавоби берилади ва Аллоҳ таъоло бу ўлжаларни фақат Ҳудайбийя сулҳида иштирок этган кишилар учун хос қилиб кўйгани баён этилади, ҳамда у мунофиқларнинг Аллоҳ буюрган ҳукмларидаги ҳикматни англай олмасликлари ҳам ошкор қилинади.
16. Аъробийлардан бўлган (жиҳодга чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсаларга айтинг: "Яқинда сизлар куч-қувват эгалари бўлган бир қавм (билан жанг қилиш)га даъват этилурсизлар. (Ўшанда ё) улар билан уришурсизлар ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга кирурлар. Бас, агар (ўша пайт сизларни кофир қавмга қарши жиҳод қилиш учун даъват этувчига) итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб-ла азоблар.
17. (Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига ҳараж-танглик йўкдир. Чўлоққа ҳараж йўқдир, хастага ҳараж йўқдир (яъни, улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмаслар). Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, У Зот уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Ким юз ўгириб кетса, уни аламли азоб-ла азоблар.
18-19. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Аллоҳ мўъминлардан — улар дарахт остида Сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни (Хайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Соҳиби бўлган Зотдир.
20. (Эй мўъминлар), Аллоҳ сизларга кўпдан-кўп ўлжалар ваъда қилдики, сизлар у (ўлжа)ларни (вақти соати билан албатта) олурсизлар. Энди мана бу (Хайбар жангида кўлга киритадиган ўлжаларингиз)ни эса нақд қилиб қўйди ва (сизларга душман бўлган) одамларнинг қўлларини сизлар(га бирон зиён етказиш)дан тўсиб қўйди. Токи (бу неъматлар) мўъминлар учун оят-ибрат бўлгай ва (Аллоҳ) сизларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгай.
21. Яна бошқа сизлар хали-ҳануз қодир бўлмаган (ўлжаҳлар ҳам борки, Аллоҳ уларни (сизларлинг ўлжаларингиз эканини Ўз илми Илоҳийси билан) иҳота қилиб олгандир. Аллоҳ барча нарсага Қодир бўлган Зотдир.
22. Агар (Макка аҳлидан) кофир бўлган кимсалар (сулҳ тузиш ўрнига) сизлар билан жанг қилганларида, албатта ортларига қараб қочган бўлур эдилар. Сўнгра улар бирон дўст ҳам бирон ёрдамчи ҳам топа олмаслар.
23. (Бу, яъни, мўъминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши) Аллоҳнинг Йўли — қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг Йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.
24. (Аллоҳ) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин Макканинг ичида (яъни, Ҳудайбийяда) уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни, ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
25. Улар (Макка мушриклири) кофир бўлган ва сизларни Масжид ал-Ҳаромдан тўсган, ҳадя (курбонлик қилиш учун олган ҳайвонларингиз)ни эса маҳбус бўлган ҳолида, ўз (сўйиладиган) жойига етишдан (тўсган) кимсалардир. Агар (Маккада) сизлар билмаган мўъмин кишилар ва мўъмина аёллар бўлмаса эди — сизлар уларни билмаган ҳолингизда (мушриклардан деб ўйлаб) бостириб — ҳалок қилиб қўйиб, улар сабабли сизларга ор-гуноҳ етмаса эди, (Аллоҳ сизларни Маккага юриш қилишдан тўсган бўлур эди). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига дохил қилиш учун (яъни, уларни мушриклар қаторида ҳалок бўлиб кетишларидан асраш учун сизларни жанг қилишдан тўсди). Агар (Маккадаги мўъминлар мушриклирдан) ажралиб олганларида, албатта улардан (яъни, Макка аҳлидан) кофир бўлган кимсаларни аламли азоб-ла азоблаган бўлур эдик.
26. Ўшанда кофир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни — динсизлик қизиққонлигини солганларида, (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканликларини инкор этишиб, мусулмонларни Маккага киришдан тўсганларида), Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг ва мўъминларнинг устига Ўз сакинат — оромини туширди ва уларга тақво калимасини (яъни, Ла илаҳа илла иллоллоҳ, калимасини) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақдор ва аҳл-лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
27. Албатта Аллоҳ Ўз Пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта сизлар (эй мўъминлар), иншаоллоҳ, Масжид ал-Ҳаромга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда ҳавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас, (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макқа фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар жангидаги ғалабани муяссар) қилди.
Изоҳ: Муфассирлир ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбийя сулҳидан илгари тушларида саҳобалари билан бирга Маккага кирганларини ва Киъбатуллоҳни тавоф қилишгач, айримлари сочларини қирдириб, айримлари қисқартириб ҳаж-умра маросимларини адо этганларини кўрган ва саҳобаларга бу тушларини сўзлаб берган эканлар. Бундай хушхабардан бениҳоя шодланган саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Маккайи мукаррима томон юриш қиладилар. Лекин Ҳудайбийя водийсига етиб келганларида мушриклар тарафидан йўллари тўсилиб, икки ўртада ўтган оятларда мазкур бўлган сулҳ тузилгач, Маккага кира олмасдан Мадинага қайтиб кетишаётганида мунофиқ кимсалар: "Муҳаммаднинг кўрган туши рост чиқмади-ку!", деб, мусулмонлар орасида иғво тарқатганларида юқоридаги оят нозил бўлиб, Пайғамбир алайҳиссаломнинг тушлари шак-шубҳасиз, ўнгдан келиши, аммо Аллоҳ таъоло бандалар билмайдиган сир-асрорларни билиб Макка фатҳидан аввал Хайбар жангидаги ғалабани муяссар қилгани ҳақида хабар берилди. Мана шундан кейин орадан бир йил кечгач, Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинди.
28. У (Аллоҳ) Ўз Пайғамбари (Муҳаммад алайҳиссалом)ни Ҳидоят ва Ҳақ Дин (Ислом) билан, у (Дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли Гувоҳдир.
29. Муҳаммад Аллоҳнинг Пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўъмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўъминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ-сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) сиймо-аломатлари бордир. Мана шу (яъни, кофирларга қаҳрли, мўъминларга меҳрли бўлиш ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни, Тавротда ҳам Аллоҳ таъоло мўъминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўъинларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек, ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўъминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир.