close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

095. Тийн сураси

Бу сура саккиз оятдан ташкил топган бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Унда Аллоҳ таъоло яратган энг гўзал ва мукаммал хилқат инсон эканлиги, лекин айрим кимсалар куфру исён ботқоғига ботиб, пастларнинг пастига айланиб қолишлари, бу ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан яшаб ўтган инсонлар эса беадоқ ажр-мукофотларга эга бўлишлари ҳақида сўз боради.
Сура ўзининг илк ояти билан "Ват-тийн — Анжир мевасига қасам" деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Анжирга қасам, зайтунга қасам;
2. (Аллоҳ таъоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Тури Сино тоғига қасам;
3. Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Маккаи мукаррама)га қасамки;
4. Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик.
5. Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал ҳилқатнинг шукрини қилмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфаласофилинга (яъни, энг тубан дўзахга) қайтардик.
6. Фақат (қай) бир зотлар иймон келтирсалар ва яхши амаллар қилсалар, ана ўшалар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир.
7. Бас, (эй инсон), энди (яъни, Аллоҳ таъолонинг барча нарсага Қодир Зот эканлигини билганингдан сўнг) нима сени (Қиёмат Кунида бандаларнинг қилиб ўтган амалларига бериладиган) жазони ёлғон дейишга мажбур қилур?!
8. Ахир Аллоҳ энг афзал, энг одил Ҳукм қилгувчи эмасми?! (Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло Қиёмат Кунида энг одил ҳукм қилгувчидир. Демак, У Зот албатта ҳар бир яхшига баҳосини, ёмонга жазосини бериши муҳаққақдир).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase