close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

039. Зумар сураси

Зумар - гуруҳлар демакдир. Сурада қиёмат куни одамлар жаннат ва дўзахга гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришлари тасвирланган. Бинобарин, сурага ҳам шу ном берилган. Ундаги оятларда Аллоҳ таоло ўз бандаларига турли ҳаётий мисоллар келтириб, Ўзининг қудрат ва ҳикматларини баён этиш билан охиратга тайёрланиш ёълларини кўрсатади.   

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Ушбу Қуръон) қодир ва ҳаким - Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган Китобдир.
2. (Эй, Муҳаммад,) албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга - динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилинг!
3. (Эй, инсонлар,) огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга "дўстлар"ни ("илоҳ") қилиб олган кимсалар: "Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз" (дерлар). Шубҳа йуқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукр кимсаларни ҳидоят қилмас.
4. Агар Аллоҳ фарзанд тутишни истаса, сўзсиз, Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлур эди. У (бундай айбдан) покдир. У ягона ва ғолиб Аллоҳдир!
5. У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз амрига) бўйин сундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У қудратли ва ўта кечиримли зотдир!
6. (У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ - Раббингиздир. Ҳукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга (ҳеч) илоҳ йуқ. Бас, (Унга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Изоҳ: Саккиз жуфт чорва молларидан мурод - туя, мол, қўй ва эчкилардан эркак ва урғочиси қўшиб ҳисоблаганда, саккизта бўлиши назарда тутилган.
7. Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва имон келтирсангизлар) У сизлар учун рози бўлур. Ҳеч бир кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (кўтарувчи)нинг юкини (гуноҳини) кўтармас. Сўнгра қайтишларингиз Раббингиз ҳузуригадир. Бас, У сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берур. Албатта, У диллардаги сирларни билувчидир.
8. Қачонки, инсонга бирор зиён тегса, у Парвардигорига тавба-тазарру билан дуо қилур. Сўнгра, қачонки, (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирор неъмат ато этса, илгари (Аллоҳга) қилган дуоларини унутиб қўяр ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг ёълидан оздириш учун Унга "тенг"ларни (ўйлаб) топур. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Сен ўз куфринг билан (дунёда) озгина фойдаланиб қол! Албатта, сен дўзах аҳлидандирсан".
9. Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
10. (Эй, Муҳаммад), Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: "Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат - жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур".
11. Айтинг: "Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман.
12. Яна, мусулмонларнинг аввали бўлишга буюрилганман".
13. Айтинг: "Албатта, мен агар Раббимга осий бўлишга улуғ Куннинг азобидан қўрқурман".
14. Айтинг: "Мен фақат Аллоҳга, динимни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилурман.
15. Энди сизлар (ей, мушриклар,) Уни қўйиб, хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар". (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли (оила)ларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шу аниқ зиёндир".
16. Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган "соябонлар", остиларидан ҳам (оловдан бўлган) "соябонлар" бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитишидир. Эй, бандаларим, Мендан қўрқингиз!
17. Шайтонга ибодат қилишдан четда бўлган ва Аллоҳга қайтган зотлар учун хушхабар бордир. Бас, (ей, Муҳаммад,) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки,
18. улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир.
19. Ахир, бир кимсага азоб Сўзи (ҳукми) муқаррар бўлса (Сиз уни ҳидоят қила олармидингиз)?! Ахир, Сиз дўзахдаги кимсани қутқара олармидингиз?!
20. Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган кўшклар бўлиб, уларнинг остидан анҳорлар оқиб турар. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.
21. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерда булоқлар шаклида оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг воситасида ҳар хил экинларни чиқарур, сўнгра у қурир, сўнг Сиз уни сарғайган ҳолда кўрасиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хазонга айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир.
22. Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳнинг эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар.
23. Аллоҳ гўзал Сўзни, (оятлари балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб қилиб нозил қилдики, ундан (ўғилганда) Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари ва диллари Аллоҳнинг зикрига юмшар (мойил бўлур). Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ ёълдан оздирса, бас, унинг учун бирор ҳидоят қилувчи бўлмас.
24. Ахир, қиёмат Куни ёмон азобдан юзи билан "сақланадиган" кимса (азобдан тинч киши билан баробар бўлурми)?! (У кунда) золим (кофир)ларга: "Ўзларингиз касб қилиб олган нарсани (динсизлик "мева"сини) тотиб кўринглар!" - дейилади.
25. Улардан олдингилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончига чиқарганларида, уларга ўзлари сезмайдиган томондан азоб келган эди.
26. Бас, Аллоҳ уларга мана шу дунё ҳаётида расволикни тоттирди. Охират азоби эса янада каттароқдир. Агар улар (жазонинг қаттиқлигини) билсалар эди (пайғамбарларни инкор этмаган бўлур эдилар).
27. Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли масалларни келтирдик. Шояд эслатма олсалар.
28. (Биз уни) қинғир жойи бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шояд (Аллоҳдан) қўрқсалар.
29. Аллоҳ (шундай) бир масал келтирди: бир киши (қул) борки, унинг устида талашувчи шериклар бор. Яна бир киши (қул) борки, бутуниc ҳа бир кишиникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! Ҳамд Аллоҳ учундир. Ҳа, уларнинг кўплари билмаслар.
30. (Эй, Муҳаммад,) албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар ҳам ўлувчидирлар.
31. Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат Куни Раббингиз ҳузурида даъволашурсизлар.
32. Ахир, Аллоҳ шаънига (ширк ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва ростгўйлик (ваҳий)ни ўзига келган пайтидаёқ инкор этган кимсадан ким ҳам золимроқдир ёки жаҳаннамда кофирлар учун жой йуқми?!
33. Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) - айнан ўшалар тақволи зотлардир.
34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир. Бу эзгу иш қилувчи кишиларнинг мукофотидир.
35. (Бу) Аллоҳнинг улар қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган чиройли амалларининг савоби билан мукофотлаши учундир.
36. Аллоҳ Ўз бандасига (Муҳаммадга уни асрашда) етарли эмасми?! (Эй, Муҳаммад,) улар Сизни (Аллоҳдан) ўзга нарсалар билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ ёълдан оздирса, бас, унинг учун (бирор) ҳидоят қилувчи бўлмас.
Изоҳ: Улар Муҳаммад (а.с.)ни қўрқитиш мақсадида: "Сен бизнинг маъбудаларимизни таҳқирлаганинг учун улар сенга бирор мусибат етказурлар", - дер эдилар.
37. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, унинг учун бирор ёълдан оздирувчи бўлмас. Аллоҳ қудратли ва (душманлардан) интиқом олувчи эмасми?!
38. Қасамки, агар Сиз улардан: "Осмонлар ва Ерни ким яратган",- деб сўрасангиз, улар, албатта: "Аллоҳ", - дерлар. Айтинг: "Енди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз - агар Аллоҳ менга бирор зиён етказишни истаса - улар Унинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирор марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) Унинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!" Айтинг: "Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчилар фақат Унга таваккул қилурлар".
39. Айтинг: "Эй, қавмим, жойингизда туриб (яъни, куфрдан қайтмай) амалингизни қилаверингиз. Мен ҳам амал қилувчидирман. Бас, яқинда билурсизлар,
40. кимга расво қиладиган азоб келишини ва мангу азоб тушишини".
41. Биз Сизга (бу) Китобни ҳақиқатан барча одамлар учун нозил қилдик. Бас, кимки ҳидоят ёълига юрса, ўзи учун юрган бўлур. Кимки (ёълдан) озса ҳам ўзининг зарарига озган бўлур. Сиз уларнинг устидан вакил (қўриқчи) эмассиз.
42. Жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир.
43. Балки улар Аллоҳдан ўзга "оқловчилар"ни ушлагандирлар. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Агар улар бирор нарсага эга бўла олмайдиган ва (ҳақиқатни) англамайдиган бўлсалар-чи?!"
44. Айтинг: "Барча шафоат (оқлов) фақат Аллоҳникидир. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги ҳам Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) Унгагина қайтарилурсизлар".
45. Қачонки, ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачонки, У зотдан ўзга (бут)лар зикр қилинса, бирдан улар шодланиб кетурлар.
46. Айтинг: "Аллоҳим, (ей) осмонлар ва Ерни илк яратувчиси, (ей) яширин ва ошкор нарсаларни билувчи зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар хусусида ҳукм қилурсан".
47. Агар золим (кофир) кимсалар учун ердаги (бор) нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта, улар қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (нарсалар)ни тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар (азоблар) намоён бўлур.
48. Уларга ўзлари касб этган ёмонликлари ошкор бўлади ва уларни ўзлари (дунёда) масхара қилиб ўтган нарса (азоб) ўраб олади.
49. Бас, қачонки, инсонга бирор зиён етса, бизга дуо қилур. Сўнгра, қачонки, Биз Ўз томонимиздан унга бирор неъмат ато этсак, у, шубҳасиз, бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди", - дер. Аслида у синовдир. Лекин, уларнинг аксарияти билмаслар.
50. У (сўз)ни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларга ўзлари топган нарсалари асқотгани йуқ.
51. Бас, уларга қилган ёмонликлари етди. Ана улардан (Макка мушрикларидан) бўлмиш золимларга ҳам яқинда ёмонликлари етар. Улар (бирор ишни) уддалай олувчи эмасдирлар.
52. Ахир, улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирадиган қавм учун аломатлар бордир.
53. (Эй, Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир
54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтинглар ва Унга бўйин сунинглар!
55. Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари, Раббингиз (томони)дан сизларга нозил қилинган гўзал нарса (Қуръон)га эргашинглар!
56. Бирор жон: "Аллоҳ ҳақида (Унга ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга афсус! Ростдан ҳам мен масхара қилувчилардан бўлган эдим", - деб қолмаслиги учун.
57. ёки: "Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлур эдим", - деб қолмаслиги учун
58. ёки азобни кўрган чоғида: "Қани эди, мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилувчилардан бўлсам", - деб қолмаслиги учун (Қуръонга эргашинглар)!
59. "Йуқ, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва кибрланиб, кофирлардан бўлган эдинг!"
60. Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қорайган ҳолда кўрурсиз. Жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йуқми?!
61. Аллоҳ, тақво қилган зотларни ютуқлари сабабли (охират азобидан) қутқарур, уларга бирор нохушлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.
62. Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир. У барча нарсага вакил (ҳомий)дир.
63. Осмонлар ва Ернинг очқичлари Ундадир. Аллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар - ана ўшаларгина зиён кўрувчилардир.
64. (Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: "Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюряпсизларми, эй, нодонлар!"
65. Дарҳақиқат, Сизга ва Сиздан олдинги (пайғамбарларга) (шундай) ваҳий қилинган эди: "Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!
66. Балки фақат Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!"
67. Улар Аллоҳни ҳаққоний (равишда) қадрламадилар (танимадилар). Бутун Ер қиёмат кунида Унинг учун бир сиқимдир. Осмонлар эса Унинг "қўли"га йиғилувчидир. У уларнинг келтираётган ширкларидан пок ва юксакдир!
68. Сур чалинади-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар). Сўнгра у яна бир бор чалинганда, ногоҳ улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) қараб турарлар.
69. Ер (маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришади; китоб (номаи аъмол ҳозирлаб) қўйилади; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади ва уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолда ҳаққоний ҳукм қилинади.
70. Ҳар бир жонга қилган амали (учун мукофот ёки жазо) комил қилиб берилади У уларнинг қилаётган ишларини жуда яхши билувчидир.
71. Кофир бўлган кимсалар гуруҳ-гуруҳ қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалур. То қачонки, улар (жаҳаннамга) келиб етганларгаларида, унинг дарвозалари очилади ва унинг қўриқчилари уларга: "Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Раббингиз оятларини сизларга тиловат қилиб сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар", - деганларида, улар: "Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар бўйича муқаррар бўлгандир",- дейдилар.
72. (Шунда уларга) айтилади: "Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!" Бас, кибрли кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!
73. Парвардигорларидан қўрққан тақволи зотлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга "ҳайдалурлар". То қачонки, улар унинг дарвозалари очилган ҳолда эканида етиб келганларида ва унинг қўриқчилари: "Сизларга салом! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз", - деганларида (улар беҳад шодланурлар).
74. Айтурлар: "Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни (бу) ерга ворис қилган Аллоҳга ҳамдки, жаннатдан ўзимиз хоҳлаган ердан ўрин оляпмиз", - дерлар. Бас, (чиройли) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхшидир!
75. (Эй, Муҳаммад,) Сиз (ўша Кунда) фаришталар Арш атрофини ўраб олган ҳолларида, Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтаётганларини кўрарсиз. (Зеро,) уларнинг ўрталарида ҳаққоний ҳукм қилинди ва "Ҳамд (барча) оламларнинг Парвардигори Аллоҳгадир!" дейилди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase