032. Сажда сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12702 марта кўрилди
Суранинг 15-оятида сажда ояти келгани учун унга шу ном берилган.
Сурада дунёнинг фонийлиги, охиратнинг эса боқий эканлиги, қиёмат куни қайта тирилишнинг ҳақ эканлиги, ўша куни ҳар бир инсон дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон ишлари учун ҳисобот бериши, худди шу шиддатли кун учун тайёрланиш зарурлиги уқтирилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Алиф, Лом, Мим.
2. Бу Китобнинг (Қуръоннинг) нозил қилиниши, шубҳасиз, (барча) оламларнинг Парвардигори (томони)дандир.
3. Балки: "Уни (Муҳаммаднинг ўзи) тўқиб олган", - дерлар?! Йуқ, У (яъни, Қуръон) сиздан илгари бирор огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантиришингиз учун Раббингиз (томони)дан (нозил қилинган) Ҳақиқатдир, шояд, улар ҳидоят топсалар.
4. Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра муставий бўлган зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга бирор дўст ва оқловчи ёъқдир. Ахир эслатма олмайсизларми?!
5. У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбирини кўрар (бошқарар), сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизча минг йилга тенг келадиган (бир) Кунда (яъни, қиёматда) Унинг Ўзига кўтарилур.
6. Ана ўша ғойиб ва ҳозирни билувчи, қудратли ва меҳрибон,
7. барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. Инсонни яратишни эса лойдан бошлади.
8. Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан иборат нутфадан пайдо қилди.
9. Сўнгра уни тиклаб, ичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритди. Сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Шукрни эса кам қилурсизлар.
10. Улар (кофирлар): "Бизлар ер (ости)да гумдон бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна янгитдан яралурмизми?" - дедилар. Йуқ, улар Парвардигорлари мулоқотини инкор қилувчидирлар!
11. Айтинг: "Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингизга қайтарилурсизлар".
12. Агар Сиз у жиноятчиларни (қиёмат кунида) Парвардигорлари ҳузурида бошлари эгик ҳолда туриб: "Парвардигоро, кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, бизлар яхши амал қилайлик. Энди бизлар, албатта, ишонувчидирмиз", - (дейишларини) кўрсангиз эди!
13. Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз муқаррар бўлгандир: "Мен жаҳаннамни барча (куфрдаги) жин ва одамлар билан тўлдирурман".
14. Бас, (эй, кофирлар,) ушбу кунингиздаги мулоқотни унутиб қўйганингиз сабабли (азобни) тотингиз! Дарвоқе, Биз ҳам (бугун) сизларни "унутдик". Қилмишларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!
15. Бизнинг оятларимизга фақат у (оят)лар зикр қилинганда сажда қилган ҳолларида йиқиладиган ва кибр қилмаган ҳолларида ҳамд билан Парвардигорларига тасбеҳ айтадиган зотларгина имон келтирурлар. (Сажда ояти)
16. Уларнинг ёнбошлари ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар.
17. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас.
18. Ахир, мўмин киши билан фосиқ (итоатсиз) кимса тенг бўлурми?! (Йуқ), баробар бўлмаслар!
19. Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур.
20. Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: "Ўзларингиз инкор этган дўзах азобини тотингиз!" - дейилур.
21. Албатта, Биз улар (итоатсизликдан) қайтишлари учун уларга катта азобдан илгари яқин азобни (дунё азобини) тоттирурмиз.
22. Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан интиқом олувчидирмиз.
23. Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик, Бас, (эй, Муҳаммад,) Сиз унинг (Тавротга) рўбарў бўлганидан шубҳада бўлманг. Биз (Тавротни) Исроил авлоди учун ҳидоят (манбаи) қилдик.
24. Улар сабр қилишгач, Биз улардан ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар оятларимизга пухта ишонар эдилар.
25. (Эй, Муҳаммад,) албатта, Раббингизнинг Ўзи қиёмат кунида (одамлар) ўзаро ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ажрим қилур.
26. Ахир, уларга (мушрикларга) Биз улардан илгари қанча авлодларни ҳалок қилганимиз ва ўзлари ўшаларнинг масканларида юрганлари маълум эмасми?! Албатта, бунда аломатлар бор! Ахир, улар эшитмайдиларми?!
27. Ахир, улар қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг воситасида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни билмадиларми?! Ахир, (буни) кўрмайдиларми?!
28. Улар (мусулмонларга): "Агар ростгўй бўлсангизлар, қачон мана шу фатҳ (ғалаба) рўй берур?" - дерлар.
29. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Фатҳ кунида кофир бўлган кимсаларга имон келтиришлари фойда бермай қолур ва уларга (тавба учун) муҳлат ҳам берилмас".
30. Бас, улардан юз ўгиринг ва (не бўлишини) кутинг! Зеро, улар ҳам кутувчидирлар.