042. Шўро сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 15328 марта кўрилди
Шўро - маслаҳат, кенгаш демакдир. Сурада мусулмонлар дунёвий ва ухравий ишларни ўзаро маслаҳат ва кенгаш асосида амалга оширишлари мақтовга сазовор эканлиги айтилади. Шунингдек, унда қиёмат, жаннат, дўзах, тавҳид, имон, куфр, ширк, зулм каби сифатларнинг Ислом ақидасида қандай талқин этилиши лозим экани ҳақида оятлар нозил қилинган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Ҳо, Мим.
2. Айн, Син, Қоф.
3. (Эй, Муҳаммад,) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ Сизга ва Сиздан олдинги (пайғамбар)ларга шу тарзда ваҳий қилур.
4. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарсалар Уникидир. У олий ва буюкдир.
5. (Мушриклар ширкидан) устиларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин қолур. Фаришталар эса, Парвардигорлари ҳамди билан тасбеҳ айтурлар ва ердаги (мўмин-мусулмон)лар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта, Аллоҳнинг Ўзигина мағфират қилувчи ва раҳмлидир!
6. (Аллоҳни) қўйиб (бошқа) "дўстлар"ни ушлаган (сиғинган) кимсалар устидан Аллоҳ кузатиб турувчидир. (Эй, Муҳаммад,) Сиз уларга вакил (қўриқчи) эмасдурсиз.
7. (Барча) қишлоқ (шаҳар)лар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси ёъқ "тўпланиш Куни"дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.
8. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, уларни (инсонларни) бир миллат (бир динда - Исломда) қилган бўлур эди. Лекин, У Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига (жаннатига) дохил қилур. Золим (кофир)лар учун эса, бирор дўст ва ёрдамчи ёъқдир.
9. Ёки улар (Аллоҳни) қўйиб (бошқа)ларни дўст тутиб олдиларми (ўшаларга сиғинмоқдаларми)?! (Ёъқ,) Аллоҳнинг Ўзигина (чин) дўстдир. У ўликларни тирилтирур ва У барча нарсага қодирдир.
10. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир. Мана шу Аллоҳ Раббимдир. Унга таваккул қилдим ва Унга илтижо қилурман".
11. (У) осмонлар ва Ернинг илк яратувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлмиш жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўшанда (жуфтликда) кўпайтирур. Унинг мислидек бирор нарса ёъқдир. У эшитувчи ва кўрувчидир.
12. Осмонлар ва Ер (хазиналарининг) очқичлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани билувчидир.
13. (Эй, имон келтирганлар, Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек,) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани - шариат қилди: "Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқага бўлинмангизлар!" (Эй, Муҳаммад,) мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.
14. Улар (ўтган қавмлар) ўзларига (бўлинмаслик ҳақида) билим (ҳужжат) келганидан сўнг ўзаро ҳасад (адоват) қилишиб, фирқа-фирқа бўлиб кетганлар. Агар Раббингиз томонидан белгиланган муддатгача (қиёматгача кечиктириш ҳақидаги) Сўз кечмаганида, албатта, уларнинг ўртаси ажрим қилинган бўлур эди. Албатта, улардан кейин Китобга (Таврот ва Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.
15. Бас, (эй, Муҳаммад,) мана шунинг учун даъват қилинг ва ўзингизга буюрилганидек, Тўғри ёълда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг ва айтинг: "Мен Аллоҳ нозил қилган Китобга имон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда адолатли бўлишга буюрилдим. Аллоҳ Раббимиз ва Раббингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда (бирор) хусумат ёъқдир. Аллоҳ (қиёматда) барчамизни жамлар ва қайтишлик фақат Унинг ҳузуригадир".
16. Аллоҳ (дини) ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг тортишадиган кишиларнинг ҳужжатлари Парвардигор наздида ботил (беҳуда)дир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.
17. Аллоҳ Ҳаққоний Китобни ва тарози (адолат)ни нозил қилган зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол, Қиёмат яқиндир.
18. Унга (Қиёматга) имон келтирмайдиган кимсалар уни қистагайлар. Имон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар унинг ҳақ эканлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, Қиёмат хусусида тортишадиган кимсалар чуқур залолатдадирлар!
19. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга (фаровон) ризқ берур. У кучли ва қудратлидир.
20. Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки, дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба бўлмас.
21. Балки улар (мушриклар) учун диндан Аллоҳ рухсат этмаган нарсаларни - уларга шариат қилиб берган шериклари (бутлари) бордир?! Агар Сўз (қиёматга тайин) бўлмаганида, албатта, уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золимлар учун, албатта, аламли азоб бордир.
22. (Қиёмат кунида) у золимларни ўз қилмишларидан қўрқиб турган ҳолларида кўрасиз. У (жазо барибир) уларга тушувчидир! Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса жаннатларнинг боқларида бўлишиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта фазлнинг ўзидир.
23. Аллоҳнинг имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган бандаларига берадиган хушхабари ана шудир. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Мен сизлардан бу (даъватим) учун ҳақ сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик (яқинлик)нигина (сўрайман)". Кимки, бирор чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (амали)да яна ҳуснни зиёда қилурмиз (зиёда савоб ато этурмиз). Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва яхшиликни билувчидир.
24. Ёки улар: "Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиди" дейдиларми?! (Ундоқ эмас,) чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз) Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр. Аллоҳ Ўз сўзлари билан ботил (ноҳақ гаплар)ни ёъқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур (рўёбга чиқарур). Албатта, У диллардаги (сирлар)ни билувчидир.
25. У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган зотдир.
26. У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир.
27. Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин, У Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўриб турувчидир.
28. У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат (баракот)ини кенг ёядиган зотдир. У дўст ва ҳамд эгасидир.
29. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) тарқатиб юборган улардаги жониворлар Унинг аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни йиғиб олишга қодирдир.
30. (Эй, инсонлар,) сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур.
31. Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор дўст ҳам, ёрдамчи ҳам ёъқдир.
32. Денгиздаги тоғлардек сузиб юрувчи (кема)лар ҳам Унинг аломатларидандир.
33. Агар (Аллоҳ) хоҳласа, шамолга таскин берур, бас, улар у (денгиз)нинг устида туриб қолурлар. Албатта, бунда ҳар бир (балога) сабр қилувчи, (Аллоҳнинг неъматларига) шукр қилувчи учун ибратлар бордир.
34. Ёки (кемадаги одамларни) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни (ҳалокатдан қутқариб) афв этур,
35. (токи) оятларимиз хусусида тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) қочиб қутуладиган жой ёъқ эканини билиб олсинлар!
36. Бас, (эй, инсонлар,) сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матосидир ва имон келтирган ҳамда ёлғиз Парвардигорларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир.
37. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир.
38. Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни мукаммал адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан эҳсон қилурлар.
39. Улар ўзларига тажовуз қилинганда (унга қарши курашиб,) ғолиб бўладиган зотлардир.
40. (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмас.
41. Албатта, кимки мазлум бўлганидан сўнг (зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса (интиқом олса), бас, улар(ни айблаш)га ёъл ёъқдир.
42. Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақлик билан ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаб жазолаш)гагина ёъл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир.
43. Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.
44. Кимни Аллоҳ ёълдан оздирса, бас, унга ўшандан кейин бирор (ёъл кўрсатувчи) дўст ёъқдир. (Ундай) золимларнинг (қиёмат Куни) азобни кўрган вақтларида: "(Яна дунёга) қайтишга бирор ёъл бормикан?" - деяётганлирини кўрарсиз.
45. Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга) кўз қирлари билан боққан ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрарсиз. Имон келтирган зотлар: "Албатта, (чин) зиён кўрувчилар қиёмат кунида ўзларига, аҳли (оила)ларига зиён қилган кимсалардир", - дейдилар. Огоҳ бўлингизким, (у) золимлар мангу азобдадирлар.
46. Уларга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай дўстлар бўлмас. Кимни Аллоҳ ёълдан оздирса, бас, унинг учун бирор (Тўғри) ёъл ёъқдир.
47. (Эй, инсонлар,) Аллоҳ томонидан ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир кун (қиёмат) келиб қолишидан илгари Раббингизга ижобат (итоат) этингиз! У кунда сизлар учун паноҳ ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилмишларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.
48. (Эй, Муҳаммад,) агар (мушриклар) энди ҳам (имон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз ёъқ! Сизнинг зиммангизда фақат (ваҳийни) етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат (неъмат)ни тоттирган вақтимизда у билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳ)лари сабабли бирор ёмонлик етса, бас, албатта, инсон (зоти) ношукрдир.
49. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур.
50. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва Ўзи хоҳлаган кишини туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта, У (барча нарсани) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.
51. Инсонга Аллоҳ (бевосита) сўз қотиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, (Аллоҳнинг) изни билан у хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикматли зотдир.
52. (Эй, Муҳаммад,) шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик. Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта, Сиз (ваҳий ёрдамида) Тўғри ёълга бошлайсиз.
53. (У) осмонлардаги ва ердаги (бор) нарса Ўзиники бўлмиш Аллоҳнинг ёълидир! Огоҳ бўлингизким, (барча) ишлар Аллоҳга қайтур!