027. Намл сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12649 марта кўрилди
Намл-чумолилар.
Сурада чумолилар тўғрисида ибратли қисса бўлгани учун унга шу ном берилган. Унда пайғамбарлардан Мусо, Солиҳ, Сулаймон (а.с.) лар ҳақида ҳам сермазмун оятлар бор. Айниқса, Сулаймон (а.с.) нинг инсу жин, паррандаю дарандалар устидан подшоҳлик қилганлари, Яман диёридаги Сабо мамлакатининг маликаси Билқис билан кечган можаролар диққатга сазовордир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. То, Син. Ушбулар Қуръон ва аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) оятларидир.
2. (Бу оятлар) шундай мўминларга ҳидоят ва хушхабардирки,
3. улар намозни мукаммал адо этадилар, закотни берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар.
4. Албатта, охиратга имон келтирмайдиган кимсалар (қилаётган) амалларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар гангиб юраверадилар.
5. Ана ўшалар учун (дунёда ҳам) энг ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўрувчилардир.
6. (Эй, Муҳаммад,) албатта, Сизга (бу) Қуръон ҳаким ва доно зот даргоҳидан берилур.
7. Мусо оиласига: "Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан (бирор) хабар келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун чўғ келтирурман", - деганини эсланг!
8. Бас, (у олов ёнига) келгач, унга нидо қилинди: "Олов олдидаги кишига (Мусога) ва унинг атрофидаги зотларга (фаришталарга) баракот бўлсин! Оламларнинг Парвардигори - Аллоҳга тасбеҳлар!
9. Эй, Мусо, албатта, Мен қудратли ва ҳикматли Аллоҳдирман!
10. Асойингни ташла!" Бас, қачонки, (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): "Эй, Мусо, қўрқмагин! Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарлар қўрқмаслар.
11. Лекин, ким зулм қилса-ю, сўнгра (бу) ёмонликлардан кейин уни чиройли (иш)га алмаштирса, бас, албатта, Мен кечиримли ва раҳмлидирман.
12. Қўлингни қўйнинга тиқ, у ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўжизалар) сен (Фиръавн ва унинг қавмига) олиб борадиган тўққиз мўъжиза ичидадир. Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.
13. Бас, қачонки, уларга мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: "Бу аниқ сеҳрдир", - дедилар.
14. Ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибрга берилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди, (ей, Муҳаммад,) у бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
15. Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: "Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган зот - Аллоҳга ҳамд бўлсин!" - дедилар.
16. Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди ва айтди: "Эй, одамлар, бизга қушлар тили билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир".
17. Сулаймон учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар.
18. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: "Эй, чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар", - деди.
19. (Сулаймон) уни сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: "Эй, Раббим, менга ва отаонамга инъом этган неъматинга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!"
20. У қушларни кўздан кечириб: "Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?!
21. Албатта, уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки менга (узрини баён қилиб) аниқ ҳужжат келтирур", - деди.
22. Сўнг узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: "Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим.
Изоҳ: Яман диёридаги Билқис маликалик қилган мамлакатнинг номи араб тилида Сабаъ. Ўзбек тилида уни енгиллатиб Сабо деб аташ жорий бўлган.
23. Мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, улкан тахти ҳам бордир.
24. Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим". Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) ёълдан тўсиб қўйгандир. Бас, улар ҳидоят топмаслар.
25. (Унинг мақсади) осмонлар ва Ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Аллоҳга сажда қилмасларидир.(Сажда ояти)
26. Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ ёъқ! У улкан Арш эгасидир.
27. (Сулаймон) деди: "Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрармиз.
28. Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгинчи, нима (жавоб) қайтарар эканлар".
29. (Ҳудҳуд мактубни олиб келиб малика Билқис олдига ташлагач), у деди: "(Эй, зодагонлар), ҳақиқатан менга шарафли бир мактуб ташланди.
30. Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактубда): "Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
31. Сизлар Менга катталик қилмай ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!" (деб ёзилган).
32. (Малика) айтди: "Эй, зодагонлар, менга бу ишимда фатво (маслаҳат) беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирор ишни қатъий қилувчи эмасман".
33. Улар дедилар: "Бизлар қувват ва ашаддий матонат эгаларидирмиз. (Ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер!"
34. У айтди: "Аниқки, подшоҳлар қачон бирор қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг азиз кишиларини эса хор қилурлар. Улар шу тарзда иш қилурлар.
35. Мен уларга (синов учун) бир совға юбориб кўрай-чи, элчилар нима (хабар) билан қайтар эканлар".
Изоҳ: Билқис ўта фаросатли ва зукко малика эди. У Сулаймонга совға юбориб, қабул қилиш ёки қилмаслигини билмоқчи бўлади. Агар ҳақиқий пайғамбар бўлса, совғани олмаслиги керак.
36. Бас, қачонки, (Билқис элчилари совғани олиб) Сулаймон (ҳузури)га келгач, у деди: "Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва подшоҳлик) У зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки, сизлар совғаларингиз билан хурсанд бўларсизлар.
37. Сен (қавминга) қайтиб бор! Албатта, биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта, биз уларни (юртларидан) мағлуб ҳолларида чиқарурмиз".
38. (Сулаймон): "Эй, зодагонлар, улар менинг ҳузуримга бўйин-сунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (Билқиснинг) тахтини келтира олур?" - деди.
39. (Шунда) жинлардан бир алвасти айтди: "Мен уни сенга ўрнингдан туришингдан илгари келтирурман. Албатта, мен бунга қодир ва ишончлидирман".
40. Китоб (Исми аъзам)дан илми бор бўлган зот эса: "Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман", - деди. Бас, унинг (тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: "Бу Раббимнинг шукр қиламанми ёки ношукрлик қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамли зотдир". Изоҳ: Китобдан илми бор зот ким бўлгани тўғрисида турли тафсирлар бор. Мадорик тафсири бўйича аниқроғи, у зот Сулаймоннинг котиби Осиф ибн Бархиё бўлган. У Аллоҳнинг "Исми аъзами" ни билар ва уни ўқиб дуо қилса, мустажоб бўлар эди. Исми аъзам: "- Ҳайю, ё Қайюм! - Зал-жалоли вал-икром!" ёки "- илоҳано ва илоҳа кулли шайъин илоҳан воҳидан. Ло илоҳа илло Ант". Валлоҳу аълам.
41. (Сулаймон маликанинг фаросатини синаш учун) деди: "Унинг тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйинглар, у (танишга) ёъл топадими ёки ёъл топа олмайдиган кимсалардан бўладими, кўрурмиз".
42. Бас, у келгач: "Тахтинг шундаймиди?" - дейилди. У: "Худди ўшанинг ўзи", - деди. (Сулаймон айтди: "Алҳамду лиллоҳки), бизларга ундан илгари илм берилиб, мусулмон бўлганмиз.
43. Уни эса Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофирлар қавмидан эди".
44. (Маликага): "Саройга кир", - дейилди. Бас, у (саройни) кўргач, уни сув ҳавзаси деб ўйлаб, оёқларини очган эди, (Сулаймон): "Бу ойнадан ясалган силлиқ қасрдир", - деди. (Шунда малика) айтди: "Эй, Раббим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (енди) Сулаймон билан бирга оламлар эгаси - Аллоҳга бўйин-сундим".
45. Қасамки, Биз Самуд (қабиласи)га биродарлари Солиҳни пайғамбар этиб юбордик. (У): "Аллоҳга ибодат қилингиз!" (деди). Бас, бехос улар келиша олмайдиган икки гуруҳга бўлиндилар.
46. (У) айтди: "Эй, қавмим, нега сизлар азоб сўраш билан яхшилик (раҳмат)дан илгари ёмонлик (азоб)ни шоштирмоқдасиз?! Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!"
47. Улар дедилар: "Бизлар (бошимизга тушган қаҳатчиликни) сен ва сен билан бирга бўлганлардан деб шумландик". У айтди: "Сизларнинг ишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аксинча, сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз".
48. У шаҳарда ислоҳот ўрнига ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди.
49. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб (бир-бирларига) айтдилар: "Албатта, (Солиҳни) ва унинг аҳли (тобелари)ни тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг ворисига: "Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳлини ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта, бизлар ростгўй кишилардирмиз", - деймиз".