close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

058. Мужодала сураси

Мужодала - баҳслашиш, жанжаллашиш.  
Эри билан жанжаллашиб келган Ҳавла исмли аёлнинг Расулуллоҳга шикоят қилиб келиши тасвирланган бу сурада имон, эътиқод ва эзгу ишларга даъват, куфр, ширк, зулм каби разил сифатлардан нафрат қилишга чақирилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй, Муҳаммад,) Аллоҳ Сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг сўзлашувларингизни эшитур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир.
Изоҳ: Саҳобий Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинт Саълаба Пайғамбар (а.с.)га келиб, эри "зиҳор" қилганини айтади. Зиҳор ўз хотинига: "Сен менга онамнинг қорни ёки бадани кабисан" дейишидир. Бу билан талоқ тушган ҳисобланар эди. Лекин бу тўғрида шаръий ҳукм ҳали нозил бўлмаган эди. Пайғамбар (а.с.) талоқ тушганлигини айтганларида, аёлга бу маъқул бўлмайди. Шу аснода янги оят нозил бўлиб талоқ тушмаслиги, лекин жаримасига бир қул озод қилиш вожиблиги билдирилади.
2. Ораларингиздаги ўз хотинларини "зиҳор" қиладиган кимсалар учун улар (хотинлари) оналари эмасдирлар. Уларнинг (чин) оналари уларни туққан (аёл)лардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин) Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчидир.
3. Ўз хотинларини "зиҳор" қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) қўшилишларидан илгари бир қул озод қилиш бордир. Бу сизларга қилинадиган насиҳатдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
4. Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишларидан илгари (зиммасида) пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Бас, ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, (унинг зиммасида) олтмишта мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтиришларингиз учундир. Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегараларидир. (Бу қонунларни инкор этувчи) кофирлар учун эса аламли азоб бордир.
5. Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилувчи кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинурлар. Дарвоқе, Биз аниқ оятларни нозил қилдик. (Уларни инкор этувчи) кофирларга хор қилувчи азоб бордир.
6. (Ўша) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.
7. Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билишини кўрмадингизми?! Уч кишининг ўзаро шивирлашлари бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир, беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир. Бундан оз бўладими ё кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир. Сўнгра қиёмат куни уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта, Аллоҳ барча нарсани билувчидир.
8. (Эй, Муҳаммад,) ўзаро шивирлашишдан қайтарилганларидан сўнг яна тақиқланган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, адоват ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми?! Қачонки, улар Сизнинг олдингизга келсалар, Аллоҳ Сизга ўша (сўз) билан салом бермаган ибора билан Сизга салом берурлар. Яна ўзларича: "Айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаса эди?!" - дерлар. Уларга ўзлари тобланадиган жаҳаннам бас келур. Нақадар ёмон тақдир бу!
Изоҳ: Мунофиқлар Расулуллоҳга дуч келиб қолсалар, "Ассому алайкум", яъни, "Сизга ўлим бўлсин", - дер эдилар. Ваҳоланки, уларнинг қора нияти Аллоҳга ва Расулига маълум эди.
9. Эй, мўминлар, сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганларингизда гуноҳ, адоват ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар ҳузурига тўпланадиган зот - Аллоҳдан қўрқинглар!
10. Ўзаро шивирлашиш фақат шайтон томонидан бўлиб, имон келтирган зотларни ғамгин қилиш учундир. (Лекин) у Аллоҳнинг изнисиз уларга зарар етказа олувчи эмасдир. Бас, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!
11. Эй, мўминлар, қачонки, сизларга (суҳ батларда): "жой берингиз", - дейилса, дарҳол жой берингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (хоҳлаган ерингиздан) жой берур. Яна, қачонки, "турингиз" дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
12. Эй, имон келтирганлар, қачонки, сизлар Пайғамбар билан суҳбатлашишни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан (камбағал ва мискинларга) садақа тақдим этинглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва (хатоларингизни) покловчироқдир. Бас, агар (садақага нарса) топа олмасангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
13. Суҳбатларингиз олдидан садақалар тақдим этишдан (камбағал бўлиб қоламиз деб) қўрқдингизларми? Бас, сизлар (садақа) қилмасаларингиз ҳам Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилган экан, энди намозни мукаммал адо этингизлар ва закот берингизлар ҳамда Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этингизлар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
14. (Эй, Муҳаммад,) Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган (мунофиқ)ларни кўрмайсизми?! У (мунофиқ)лар сизлардан (мусулмонлардан) ҳам, улардан (яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар. Яна улар билиб туриб, ("Биз мусулмонмиз" деб) қасам ҳам ичурлар.
15. Аллоҳ улар учун ашаддий азобни тайёрлаб қўйгандир. Дарҳақиқат, уларнинг қилган ишлари нақадар ёмондир!
16. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Аллоҳнинг ёълидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилувчи азоб бордир.
17. Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ томонидан (бўладиган) нарсани (азобни) улардан даф қила олмас. Улар дўзах аҳлидирлар. Улар ўша жойда мангу қолувчидирлар.
18. У Кунда (Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганда, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларига (қасамлари сабабли) бирор нарса (фойда) бўлади деб ҳисоблайдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта, улар айни ёлғончилардир!
19. Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳ зикрини унуттирди. Ана ўшалар шайтон ҳизби (гуруҳи)дирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта, шайтон ҳизби зиён кўрувчилардир!
20. Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилганлар, айнан, ўшалар энг хор кимсалар ичида бўлурлар.
21. Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда): "Албатта, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман", - деб ёзиб қўйгандир. Албатта, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.
22. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилувчилар билан - гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндошлари бўлсалар-да - дўстлашаётганларини топмассиз. Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйгандир ва уларни ўз (томон)идан бўлмиш руҳ билан қувватлантиргандир. У уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлур ва улар ҳам (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Айнан ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчилардир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase