069. Ҳоққа сураси
- Пайшанба, Авг 04 2022
- 146 марта кўрилди
“Ҳоққа” – ҳақиқатан рўй берувчи воқеа, яъни қиёмат демакдир.
Сурада қиёмат манзараси, унинг бошланишида рўй берадиган ҳодисалар, номаи аъмолларни ўнг ёки чап томондан берилиши, Муҳаммад (а.с.)нинг ҳақ пайғамбар эканларининг тасдиғи, Қуръони каримнинг буюк илоҳий китоб экани ва бошқа маълумотлар мавжуд.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (У) ҳақиқатан рўй берувчидир.
2. (Ўша) ҳақиқатан рўй берувчи нимадир?
3. (Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан рўй берувчининг нима эканини қаердан (ҳам) билар эдингиз?! (У қиёматдир)
4. Самуд ва Од (қабилалари) «қаттиқ зарба берувчи»ни (қиёмат кунини) инкор этдилар.
5. Бас, Самуд (Солиҳ пайғамбар қавми) ҳаддан ташқари нарса (қичқириқ ёки зилзила) билан ҳалок қилиндилар*.
* Солиҳ (а.с.)нинг қавми, яъни Самуд қабиласи ҳозирги Саудия Арабистонининг жануби-ғарбий томонидаги Таймо деб аталувчи водийга тўғри келади. У ерда ҳозиргача бутпараст Самуд қавмининг осори атиқалари сақланиб қолган.
6. Од (Ҳуд пайғамбар қавми) эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар.
7. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни (чириб) ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз.
8. Бас, улардан (бирор) асоратни кўраяпсизми?! (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).
9. Фиръавн ҳам, ундан аввалги ўтган (динсиз)лар ҳам, остин-устун бўлган қишлоқлар (Лут қавмининг қишлоқлари аҳолиси) ҳам хато иш қилдилар.
10. Бас, улар Парвардигорларининг пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У зот уларни ўта қаттиқ ушлаш билан ушлади (қаттиқ азоблади).
11. Дарвоқе, Биз сув туғёнга кетган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.
12. Биз буни сизларга эслатма қилиш учун ва англовчи қулоқлар англаб олишлари учун (қилдик).
13. Бас, қачонки, сур бир бор чалинганида,
14. Ер ва тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилганда,
15. ана ўша кунда Воқеа содир бўлур (қиёмат қойим бўлур)!
16. Осмонлар ҳам ёрилур. Чунки, (осмон) у кунда заиф бўлиб қолур.
17. Фаришталар эса (осмон) атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Раббингиз Аршини у кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.
18. Ўша кунда сизлар (ҳисобот учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсиз, сизларнинг бирор сирингиз махфий қолмас.
19. Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: «Мана, менинг китобимни ўқингиз!
20. Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим», – дер.
21. Бас, у қониқарли маишатда,
22. олий жаннатда,
23. мевалари (узиб олувчига) яқиндир.
24.(Жаннат аҳлига): «Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!» (дейилур).
25. Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса
26. ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам!
27. Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса!
28. Менга мол-мулким ҳам асқотмади.
29. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди».
30. «(Эй, жаҳаннам қўриқчилари!) Уни ушлаб кишанлангиз!
31. Сўнгра уни оловда куйдирингиз!
32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солингиз!»
33. Чунки, у (дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга имон келтирмас эди.
34. Мискинга таом беришга (ўзини ва ўзгаларни) тарғиб қилмас эди.
35. Бас, бугун бу ерда унга бирор дўст йўқдир.
36. Йирингдан бошқа бирор таом ҳам йўқдир.
37.Уни эса, фақат хатога (куфрга) кетганларгина егайлар.
38. Қасамёд этаман, сизлар кўрадиган нарсалар билан
39. ва сизлар кўрмайдиган нарсалар биланки,
40. у (Қуръон), албатта, мукаррам элчининг (Аллоҳ номидан айтган) сўзидир!
41. У бирор шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар (ушбу Қуръонга) камдан-кам имон келтирурсиз.
42. (У) бирор коҳин (фолбин)нинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам эслатма олурсиз.
43. (У барча) оламлар Парвардигори (томони)дан нозил қилинган (Китоб)дир.
44. Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди,
45. албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган,
46. сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.
47. У ҳолда сизлардан бирор киши ундан (пайғамбардан ҳалокатни) тўса олувчи бўлмас эди.
48. Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир.
49. Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) инкор этувчилар бор эканини аниқ билурмиз.
50. Албатта, у (Қуръон) кофирларга (қиёмат кунида) ҳасрат (надомат) бўлур.
51. Албатта, у (Қуръон) аниқ ҳақиқатдир.
52. Бас, Улуғ Раббингиз номи билан тасбеҳ айтинг!