close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

067. Мулк сураси

“Мулк” – подшоҳлик, ҳукмронлик. Ўзбек тилида “мулк” сўзи бу маънода кам ишлатилиб, бойлик, ашё, хусусий ёки давлат мулки каби мазмунларда кўпроқ ишлатилади.
Сурада Ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги Аллоҳнинг ҳикмат ва қудрати, имонсиз ўтганларнинг охиратдаги надоматлари, ризқ-рўзи талаб қилиш, ҳидоят ва залолат каби мавзулар мужассамдир.
Ҳадисда: “Қуръонда 30 оятли бир сура борки, уни ўқиганни у шафоат қилади, ҳатто, қиёмат куни дўзахдан халос этиб, жаннатга киришига сабаб бўлади. У “Таборак” сурасидир” деб башорат берилган (Тр.).

Йигирма тўққизинчи пора

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Мутлақ) ҳукмронлик «қўли»да бўлган зот – Аллоҳ баракотли (буюк)дир ва У ҳар нарсага қодирдир.
2. (У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир.
3. (У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир. (Эй, инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовутни (нуқсонни) кўрмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансан?
4. Сўнгра кўзингни қайта-қайта (самога) қарат, кўзинг сенга хор ва толиққан ҳолда қайтур.
5. Ҳақиқатан, Биз (Ерга) яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Яна улар (шайтонлар) учун (охиратда) дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз.
6. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!
7. Қачонки, улар (жаҳаннамга) ташланганларида, қайнаб турган (жаҳаннамнинг) ўкирик (фарёди)ни эшитурлар.
8. У ғазабдан парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар гал унга бир тўда (кофир бўлганлар) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан: «Сизларга (дунёда бирор) огоҳлантирувчи (пайғамбар) келмаганмиди?» – деб сўрайдилар.
9. (Улар) дерлар: «Ҳа, ҳақиқатан, бизга огоҳлантирувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончига чиқарганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат (гумроҳлик)дадирсиз», – деганмиз.
10.Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (пайғамбар сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик»,– дерлар.
11. Бас, улар ўз гуноҳларини (шу тарзда) эътироф этадилар. Энди, дўзах аҳлига (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлик бўлгай!
12. Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган зотлар учун эса, (охиратда) мағфират ва катта мукофот бордир.
13. (Эй, инсонлар! Гапираётган) сўзингизни яширингиз ёки ошкора қилингиз, (барибир) У диллардаги сирларни ҳам билувчидир.
14.(Ахир) яратган зот (Ўзи яратган нарсаларини) билмайдими?! У Латиф (лутфли) ва Хабир (хабардор зот)дир.
15. У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир.
16. (Эй, Макка кофирлари!) Ё сизлар осмондаги зот (Аллоҳ) сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, бирданига (Ер) ларзага келишидан (сизларни ҳалок қилишидан) хотиржаммисиз (қўрқмайсизми)?!
17. Ёки сизлар «осмондаги» зот (Аллоҳ) устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисиз?! Ҳали (азоб келганда), Менинг огоҳлантиришим қандай эканини билиб олажаксиз.
18. Дарвоқе, улардан аввалги кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончига чиқаргандилар. Бас, Менинг инкорим (азобим) қандай бўлди?!
19. Улар устиларида (қанотларини) ёювчи ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмаганмилар?! У (қуш)ларни ёлғиз Раҳмонгина (самода) тутиб турар. Албатта, У барча нарсани кўриб турувчидир.
20. (Эй, мушриклар!) Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган қўшинингиз ким экан ўзи?! Кофирлар фақат мағрурликдадирлар.
21. Ёки (Раҳмон) Ўз ризқини тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ берадиган (бошқа) зот ким ўзи?! Йўқ, улар (кофирлар) қайсарликда ва (ҳақдан) йироқлашишда давом этдилар.
22. Ахир, юзтубан (ерга қараб) юрадиган кимса (кофир) тўғри йўлни топувчироқми ёки тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган (мўмин) кишими?!*
* Оятда кофирларни бу дунёда ҳидоятдан бенасиблиги ва залолатда юриши худди ерга қараб юрувчи одамга ўхшатилган. Одатда ерга қараб юрган киши мўлжални топиши қийин бўлади. Қатода (рҳ.) сўзига кўра, кофирлар қиёматда ҳам бошлари ерга эгик ҳолда бўлурлар (Лс.).
23. (Эй, Муҳаммад! (Кофирларга) айтинг: «У (Аллоҳ) сизларни пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни яратган зотдир. (Сизлар эса Аллоҳнинг неъматларига) камдан-кам шукр қилурсиз».
24.Айтинг: «У сизларни Ер (юзи)да яратиб қўйган зотдир. Сизлар (қиёматда) Унинг ҳузурига тўпланурсиз».
25.Улар (Пайғамбар ва саҳобаларга): «Агар ростгўй бўлсангиз, (айтинглар-чи) ушбу ваъда (қиёмат куни) қачон бўлади?» – дерлар.
26. (Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «(Қиёмат ҳақидаги) билим, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат аниқ огоҳлантирувчидирман».
27. Бас, қачонки, улар (қиёматда азобни) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари шувит бўлур ва (уларга): «Мана шу сизлар (қачон бўлади, деб) сўраган нарсадир», – дейилур.
28. (Кофирларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки (ҳалок қилмай) бизларга шафқат қилса (Ўзининг ихтиёридадир). Аммо кофирларни (сизларни) аламли азобдан ким ҳимоя қилур?!»
29. Айтинг: «У Раҳмон (меҳрибон)дир. Бизлар Унга имон келтирдик ва Унгагина таваккул қилдик. Ҳали сизлар ким аниқ залолатда эканини (қиёмат куни) билиб олажаксиз».
30. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар сувингиз (ер қаърига) сингиб кетса, бас, ким сизларга оқин сувни келтира олур?!» (Ўзидан бошқа ҳеч ким)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase