close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

077. Мурсалот сураси

“Мурсалот” – Аллоҳ томонидан юборилган (шамол).
Сурада қиёмат куни ҳақ эканини исботлаш учун Аллоҳ таоло маълум мавжудотлар номи билан қасамёд этади. Ундаги оятларда инсоннинг яратилиб, дунёга келиши, дунёда яшашдан асосий мақсад охират учун ҳозирлик кўриш экани, ҳозирлик кўриш ўрнига фоний дунё маишати йўлида охиратини бой бериб қўйганларнинг аҳволи ачинарли бўлиши ифода этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қасамёд этаман, пайдар-пай эсдириладиган (шамол)лар билан,
2. қутурадиган (бўрон)лар билан,
3. (булутларни) ёйиб юборадиган,
4. (ҳақ билан ноҳақликни) ажратиб берадиган,
5. эслатма олиб тушиб,
6. (мўминларни) узр (мағфират) қилиш ёки (кофирларни) огоҳлантириш учун (хизмат қиладиган фаришталар) биланки,
7. албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса (қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқе бўлувчидир!
8. Бас, қачонки, юлдузлар (нурлари) сўндирилгач,
9. осмон (қобиғи) очилгач,
10. тоғлар (қумлар каби) сочилгач
11. ва пайғамбарларга белгиланган вақт келгач (қиёмат қойим бўлур).
12. (Пайғамбарлар ўз қавмлари билан ҳисоблашишлари) қайси кунга белгиланган ўзи?!
13. Ажрим кунига (албатта).
14. (Эй, инсон!) Ажрим куни нима (эканлигини) сен қаердан ҳам билурсан?!
15. У кунда (ҳаётлик вақтларида қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
16. Ахир, Биз аввалги (осий уммат)ларни ҳалок қилмадикми?!
17. Сўнгра кейингиларни ҳам (агар куфрда бўлсалар) уларга қўшурмиз!
18. Жиноятчи (кофир)ларни мана шундай (ҳалок) қилурмиз.
19. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
20. Ахир, Биз сизларни бир ҳақир сувдан (манийдан) яратмадикми?!
21. Сўнгра у (сувни – нутфа)ни пухта қарор (топадиган жой)га қўймадикми?!
22. (Яъни она қорнида) маълум муддатгача.
23. Бас, Биз (ундан инсонни яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!
24. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
25. Ахир, Биз Ерни (ҳар қандай нарсани ўзига) йиғувчи қилиб қўймадикми
26. тирикларни ҳам, ўликларни ҳам?!
27. Яна Биз (Ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларга (тоғлардан оқиб тушадиган) чучук сувни ичирдик.
28. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
29. (У кунда кофирларга дейилур): «Сизлар (дунёдалик пайтингизда) ёлғон деб юрган нарсага (энди) борингиз!
30. Уч бўлакли сояга борингиз!
31. Ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва алангани ҳам тўсмайдиган («соя»дир у).
32. Дарвоқе, у (жаҳаннам баландликда) қасрдек (улкан) алангаларни отур.
33. (Улар) худди сариқ туяларга ўхшар.
34. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
35. Бу (кунда) улар сўзлай олмайдиган
36. ҳамда улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган кундир!
37. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
38. Бу Ажрим кунидир! (Эй, бу кунни ёлғон деган кимсалар! Мана) Биз сизларни ҳам, аввалгиларни ҳам жамладик.
39. Бас, агар сизларда (дўзахдан қутқарадиган) бирор ҳийла бўлса, Менга ўша ҳийлангизни кўрсатингиз!
40. У кунда (қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой!
41. Тақводор зотлар эса (у кунда), албатта, соя-салқинлар ва чашмаларда
42. ва кўнгиллари истаган (турли хил) мевалар ичида бўлурлар.
43. (Уларга дейилур:) «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (жаннат неъматларини) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!»
44. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
45. У кунда инкор этувчилар ҳолига вой!
46. (Эй, кофирлар!) Озгина вақт еб, фойдаланиб қолингиз! Зеро, сизлар (куфрингиз туфайли) жиноятчидирсизлар.
47. У кунда инкор этувчилар ҳолига вой!
48. Қачон уларга: «Рукуъ қилингиз, (намоз ўқингиз!)», – дейилса, рукуъ қилмаслар.
49. У кунда инкор этувчилар ҳолига вой!
50. Ахир, улар (Қуръондан) кейин (шундай азиз Китобга имон келтирмасдан бошқа) қандай сўзга имон келтирурлар?!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase