089. Фажр сураси
- Чоршанба, Авг 03 2022
- 249 марта кўрилди
“Фажр” – тонг, бомдод вақти.
Сурада Фиръавн, Од ва Самуд қавмлари каби кофирларнинг қилмишлари, бойликка меҳр қўймаслик зарурлиги, қиёмат ҳодисалари, инсоннинг ношукурлиги, жаннат аҳлидан бўлиш учун нима ишлар қилиш лозимлиги талқин этилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Қасамёд этаман тонг (вақти) билан,
2. «Ўн кеча» билан*,
* Бу оятдаги "Ўн кеча" дан мурод Зил-ҳижжа ойининг ёки Муҳаррам ойининг биринчи ўн кунлари ёхуд Рамазон ойининг учинчи ўн кунлиги деган тафсир мавжуд.
3. жуфт ва тоқ (нарсалар) билан
4. ва ўтаётган тун биланки (албатта, кофирларга жазо муқаррардир)!
5. Мана шу (нарса)ларда ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир!
6. Раббингиз Од (қабиласи)ни нима қилди, кўрмадингизми?!
7. (Улар) баланд устунли Ирам (шаҳридан) бўлиб,
8. (бошқа) юртларда унинг ўхшаши яратилмаган*.
* Ирам ёки Эрам – Нуҳ (а.с.)нинг сулоласидан бўлган шоҳ исми. Унинг исми билан шаҳар, боғ ва қабила номланган.
Ривоят қилинишича, Однинг икки ўғлидан бири Шаддод осмонда Аллоҳ мислсиз боғ-жаннат бино қилган деб эшитгач, У билан тенглашиш ниятида Адн (Яман) саҳросида бир ғаройиб боғ барпо эттирган. Боғ 300 йилда битган. Однинг ўзи 900 йил умр кўрган. Лекин такаббурлик билан қурган боғини кўриш ўзига насиб этмаган. Кўриш учун лашкар тортиб кетаётганда, ярим йўлда Аллоҳ томонидан юборилган қаттиқ бўронга учраб ҳалок бўлган. Кейинчалик "Боғи Эрам" шеър ва достонларда зарбулмасалга айланиб кетган.
9. Водийда харсанг тошларни (уй солиш учун) кесган Самуд (қабиласи)ни,
10. қозиқлар (аҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлмиш Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?!
11. Улар юртларида ҳадларидан ошиб,
12. у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар.
13. Бас, Раббингиз уларнинг устига турли азоб ёғдирди.
14. Албатта, Раббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир.
15. Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: «Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди», – дер.
16.Аммо, қачонки, (Парвардигори) уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», – дер.
17. Йўқ! Аксинча, сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) икром қилмайсиз.
18. Мискин (бечорага) таом беришга ҳам бир-бирингизни тарғиб этмайсиз.
19. Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз.
20. Яна (фоний эканини била туриб) мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан севасиз.
21. Йўқ! Қачонки, Ер қаттиқ силкинганда
22. ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда
23. ҳамда ўша куни жаҳаннам ҳам (яқин) келтириб қўйилганда – ана ўша кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма олур. (Аммо вақт ўтгач, энди) унга эслатма қаёқда экан?!
24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амалларни) тақдим этган бўлсам!» – дер.
25. У кундаги (Аллоҳнинг) азобидек ҳеч ким азобламас.
26. Унинг (кишан ва занжирларни) боғлашидек ҳам ҳеч ким боғламас.
27. «Эй, хотиржам (сокин) жон!
28. (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин!
29. Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин
30. ва жаннатимга киргин!»*
* Бу хитоб Аллоҳ таоло томонидан мўмин кишига вафоти олдидан ёки жаннатга кириши арафасида ёки қиёматда қабридан туришида айтилади (Мд.).