close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

081. Таквир сураси

“Таквир” – ўраб қўйиш.
Сурада қиёмат қойим бўлганда, Қуёш ўраб йиғиштириб қўйилиши, юлдузлар, тоғлар, денгизлар ва бошқа катта-кичик мавжудотларда рўй берадиган ўзгаришлар тасвирланади. Шунингдек, ҳисоб-китоб жараёни ва бошқа ҳодисалар ўз баёнини топади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1.Қуёш ўраб қўйилганида,
2. юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида,
3. тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида,
4. (қорнидаги боласи) ўн ойлик бўғоз туялар ҳам қаровсиз қолганида,
5. ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида,
6. денгизлар куйдирилганида,
7. руҳлар (қайтадан жасадларга) қўшилганида,
8. (ҳар бир) тириклай кўмилган қиздан сўралганида
9. «не гуноҳи учун ўлдирилган?» – деб.
10. Яна саҳифалар (номаи аъмол) очилганида,
11. Осмон (Ер устидан) сидириб олинганида,
12. дўзах (кофирлар учун) қиздирилганида,
13. Жаннат (тақводорларга) яқин қилинганида,
14. (яъни қиёмат куни ҳар бир) жон ўзи (шу кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яхши-ёмон амалларини саҳифадан ўқиб) билур.
15. Бас, қасамёд этурман қайта-қайта чиқиб (кўриниб) турувчи (юлдузлар) билан,
16. (бешта) яширинувчи сайёралар билан*,
* Бешта сайёра юлдуз – Миррих, Зуҳал, Аторуд, Зуҳра, Муштарий.
17. ўз зулмати билан келиб-кетаётган тун
18. ва (отаётган) тонг биланки,
19. Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир.
20. (Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали,
21. у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир.
22. Сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад) мажнун эмасдир.
23. Дарҳақиқат, уни (Жаброилни баҳайбат суратда) аниқ уфқда кўрди.
24.У (Муҳаммад) ғайбга (ваҳийга) бахил ҳам эмасдир*.
* Ваҳийга бахил эмасликлари келган ҳар бир ваҳийни, оят ва сурани дарҳол мусулмонларга бекаму кўст етказишлари, мураккаб жойларини эса изоҳлаб беришларидир.
25. У (Қуръон) қувилган (малъун) шайтоннинг сўзи эмасдир.
26.Бас, сизлар (уни инкор этиб) қаёққа кетмоқдасиз?!
27. У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир.
28. Орангиздаги тўғри йўлда бўлишни хоҳлаган кишилар учун (албатта).
29. Сизлар фақат оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсиз.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase