1771/1. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам оқмасдан кўлмак бўлиб турган сувга пешоб қилишдан ман этдилар. Имом Муслим ривояти.
- Создано 24 Октябр 2022
- 14555 марта кўрилди
353-боб. Ота болаларига нарса беришда баъзиларини афзал кўришининг кароҳияти ҳақида
1772/1. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Башир розияллоҳу анҳу ўғиллари Нўъмонни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бориб: «Мен бу ўғлимга бир хизматкор бола ҳадя қилдим», деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу каби нарсани барча болаларингга ҳадя қилдингми?» дедилар. Башир розияллоҳу анҳу: «Йўқ», дегандилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Берган нарсангни қайтариб ол», дедилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Болаларингнинг барчасига шундай қилдингми?» деганларида, Башир: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Болаларингиз ҳақида адолатли бўлинглар», деб айтдилар. Кейин Башир келиб ҳалиги берган садақаларини қайтариб олдилар.
Яна бошқа ривоятда келтириладики, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Башир! Сенда бундан бошқа фарзанд борми?» деганларида, Башир: «Ҳа», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингнинг барчасига шундай ҳадя бердингми?» дегандилар, Башир: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўладиган бўлса, мени гувоҳ қилмагин. Чунки мен зулмга гувоҳ бўлмайман», дедилар.
Яна бошқа бир ривоятда «Мени зулмга гувоҳ қилмагин» бўлиб келган. Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил», деб, кейин «Болаларинг сенга яхшилик ва хизмат қилишда баробар бўлишлари хурсанд қиладими?» дегандилар, Башир розияллоҳу анҳу: «Ҳа», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, уларни ажратмасдан баробар тутгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 24 Октябр 2022
- 15159 марта кўрилди
355-боб. Шаҳарликларнинг қишлоқдагилар олиб келган (ғалла, мева, сабзавот ва бошқа) нарсаларни сотиши, карвондагилар билан ташқарида кўришиб (сотиб бериш мақсадида) уларнинг молларини қўлга киритиши, биродари савдосини бузиб, ўз молини сотиши ва ўзи қайтм
1774/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳарлик одамнинг қишлоқдан келган кишининг молини сотиб беришидан ман қилдилар. Гарчи у қишлоқлик киши ота-она бир иниси бўлса ҳам. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1775/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ташқаридан келган молларни шаҳар бозорига етиб келмасидан олдин йўлига чиқиб сотиб олманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1776/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Карвон йўлига чиқиб, молини сотиб олманглар ва шаҳарлик одам ташқаридан келган кишининг молини сотмасин», деганлар. Имом Товус Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу: «Шаҳарлик қишлоқдан келадиганнинг молини сотмасин, дейилгани нима?» деб сўраганларида, Ибн Аббос: «Даллоллик қилмасин, яъни қишлоқдан келган киши ўзи олиб келган нарсасини ўзи сотсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1777/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳарлик қишлоқдан келган кишининг молини сотишдан ман этдилар. Ва: «Бошқаларни алдаб нархини оширмасин, биродари савдоси устига савдолашмасин, биродари совчи бўлган қизга совчи юбормасин, кундошли хотин кундошини талоқ қилиб юборишини, яъни ҳамма нарсага ўзи эга бўлиб олишни эридан сўрамасин», дедилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам карвон ҳали шаҳарга кирмай туриб уни сотиш ниятида қўлга киритишдан, хотин бўлажак кундошига талоқ берилса, никоҳга чиқишини шарт қилишдан ва биродари савдоси устига савдолашишдан ҳамда нархларни сохталик билан оширишдан ва соғиладиган ҳайвонни бир неча кун соғмасдан сутини кўпайтириб сотишдан ман қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: қишлоқда яшовчи киши қийинчилик билан нарсаларни йиғиб-териб олиб келса-ю, шаҳарда яшовчилар уни алдаб бозорда нарх-наво пастлаб кетганини айтиб, деҳқонни шунга ишонтиришлари ғирромликдир. Ислом ғирромликнинг барча турини ман этади.
1778/5. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзиларингиз баъзиларингиз савдосини бузиб ўз нарсаларини сотмасин. Биродари совчи бўлган аёлга совчи юбормасин. Лекин ўзи изн берса, унда жоиз», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Муслимники.
1779/6. Уқба ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг биродаридир. Мўмин кишига биродари савдосини бузиб ўз нарсаларини сотмасин ҳамда биродари совчи бўлган хотинга то ўзи тарк қилмагунча совчи юбормасин», дедилар. Имом Муслим ривояти.
- Создано 24 Октябр 2022
- 16570 марта кўрилди
354-боб. Аёл кишига оиласидан бирор киши ўлса, уч кундан кўп аза-мотам (хафалик либосини кийиб, зийнатни тарк) қилиши ҳаромлиги ҳақида (лекин эри ўлса, тўрт ой-у ўн кун идда ўтириши лозим)
1773/1. Зайнаб бинти Абу Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен мўминалар онаси Умму Ҳабиба ҳузурларига оталари Абу Суфён ибн Ҳарб вафот этганларида кирсам, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳу сариқ рангли хушбўй суюқлик келтиришни буюрдилар. Ва у хушбўй нарса келтирилганда хизматкор қизга ҳамда ўзларининг икки яноқларига суртдилар. Кейин Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ номига қасамки, менда ҳозир бу нарсани суртишга ҳожат йўқ. Лекин мен Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга бирор кишиси вафот этса, уч кечадан кўп аза-мотам (хафалик либосини кийиб, зийнатни тарк) қилиши ҳалол эмас. Лекин эри вафот этса, тўрт ой-у ўн кун идда ўтиради», деб айтганларини эшитганман», дедилар».
Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳу: «Кейин Зайнаб бинти Жаҳшнинг ҳузурларига инилари вафот этганида кирсам, бу саҳобия аёл ҳам хушбўй нарса келтиришни буюрдилар. Қачонки, у нарса олиб келинганда, ўша нарсадан суртиб: «Аллоҳ номига қасамки, ҳозир бу нарсани суртишга ҳожат йўқ. Лекин мен Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга бирор кишиси вафот этса, уч кундан кўп аза-мотам қилиши ҳалол эмас. Лекин ўз эри вафот этса, тўрт ой-у ўн кун идда ўтиради», деб айтганларини эшитдим», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: демак, ўз эридан бошқа шахс вафот этса, аёлларга фақат уч кун аза-мотам қилишга рухсат берилмоқда. Лекин ундан зиёдаси ман этилган. Аммо ўз эри вафот этган хотинлар тўрт ой-у ўн кун идда ўтиришади.
Идда – эри ўлган аёлнинг бошқа эрга тегиши мумкин бўлмаган муддат. Идданинг ҳикматларидан бири ҳомила бор-йўқлигини билиб, наслнинг эгасини аниқлашдир. Ҳамда Ислом шариати эрнинг аёл устидаги ҳаққи ҳаттоки вафотидан кейин ҳам борлигини эътироф этишидир. Ҳа, Ислом насл мусаффолигини мана шундай таъминлайди.
- Создано 24 Октябр 2022
- 18302 марта кўрилди
356-боб. Мол-дунёни шариат рухсат бермаган жойларга сарф қилиб, зое этмоқдан қайтарилгани ҳақида
1780/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло сизлардан уч нарсада мамнун ва уч нарсада норозидир. Мамнун бўладигани – Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилиш, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаш ва фирқаланиб кетмасликдир. Норози бўладигани – фойдасиз сўзларни гапириш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳудага сарф қилиш», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1781/2. Муғийранинг котиблари Варроддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Муғийра розияллоҳу анҳу Муовияга розияллоҳу анҳу жўнатиш мақсадида бир мактуб ёздирдилар. У қуйидагича эди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар фарз намози сўнггидан «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла маниъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла йанфаъу зал жадди минкал жадд»ни ўқирдилар». (Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Ва Сен ман қилган нарсани бергувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди»). Ва яна Варрод розияллоҳу анҳу мактубда қуйидагиларни ёздилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам фойдасиз сўзларни гапиришдан, мол-дунёни беҳудага сарф қилишдан, кўп савол беришдан, оналарга оқ бўлишдан, қизларни тириклай кўмишдан, вожиб амалларни тарк этишдан ва хиралик билан сўраб олишдан ман этдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 357-боб. Мусулмон кишига силоҳ (қурол) ва шунга ўхшаш нарсалар ила хоҳ жиддий, хоҳ ҳазил билан бўлсин, ишора қилишдан ҳамда қилични яланғочлаб юришдан ман этганлари ҳақида
- 358-боб. Азон айтилгандан кейин фарзни ўқимасдан туриб узрсиз масжиддан чиқиб кетишнинг кароҳияти ҳақида
- 359-боб. Райҳонга ўхшаш бирор хушбўй нарса тортиқ этилса, уни узрсиз рад этишнинг кароҳияти ҳақида
- 360-боб. Мақталганда салбий таъсир қилиб, мақтовни кўтара олмайдиган кишининг юзига мақташнинг кароҳияти ҳақида (лекин бундай салбий таъсирланишдан омонда қолувчи кишининг юзига мақташ жоиз)