Жаҳон адабиёти — бу инсон тафаккури, маданияти ва руҳий дунёсига очиладиган беқиёс бойликлар хазинасидир. Уни ўқиш фақатгина маълумот олиш эмас, балки инсонни етуклаштириш, жамиятни англаш ва инсоний қадриятларни сингдириш воситасидир.
Футбол оддий ўйин эмас, дейишади. Лекин баъзи жамоалар борки, уларга мухлислик қилиш шунчаки ҳавас ёки қизиқиш даражасидан чиқиб, аста-секин руҳий ҳолатга, ҳатто касалликка ўхшаб қолади. Шу маънода қаралса, FC Barcelonaга мухлислик қилиш кўп ҳолларда соғлом муносабатдан узоқлашиб кетган ҳолатни эслатади.
Футбол оламида бу савол тез-тез тилга олинади. Айниқса, сўнгги йилларда натижалар, барқарорлик ва Европадаги муваффақиятлар нуқтаи назаридан қаралганда, Real Madrid билан FC Barcelona ўртасидаги фарқ янада яққол сезилди.
«Левиафан» — ҳамманинг қулоғига таниш бўлган сўз. Кўпчилик билимли одамлар учун Левиафан — бу Қадимий Аҳдда зикр этилган маҳлуқ, шунингдек, Томас Гоббснинг машҳур фалсафий асаридир. Уни ҳеч қачон очиб кўрмаганлар ҳам Гоббс Левиафан деб давлатни — қудратли, деярли мутлақ ҳокимиятга эга тузумни атаганини биладилар. Гоббснинг жуда ҳажмли бўлган асари, ярмидан кўпи сиёсатга эмас, балки илоҳиётга бағишланган бўлса-да, бир неча асрлар давомида эътиборни ўзига жалб қилиб келмоқда ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келяпти. Уни тушуниб етиш осон эмас, аммо ғалати тарзда у кенг омма, янги ва янги ўқувчилар авлодлари учун ўз жозибасини сақлаб қолмоқда. Келинг, ҳеч бўлмаса қисман унда нима ҳақида сўз юритилишини англаб олишга уриниб кўрайлик.
1. «Левиафан» даври
«Левиафан» оғриқли бир даврда пайдо бўлди. Китоб 1651 йили Англияда инглиз тилида нашр этилди. Кейин эса, 16 йил ўтгач, у яна бир бор лотин тилида, бу сафар Голландияда чоп этилди. Англияда 1649 йил — бу Англия инқилобининг қонли якунланиши, қирол Карл I нинг қатл этилишидир. Шундан сўнг Кромвель диктатураси ўрнатилди.
Қитъавий Европада эса Ўттиз йиллик уруш Вестфал тинчлиги билан якунланди. Бу тинчлик шартномаларининг бир неча тўплами бўлиб, улар ҳозиргача одатга кўра тўлиқ тўғри бўлмаган тарзда Вестфал тизими деб аталадиган тартибни ўрнатди. Бу тизим суверен давлатларнинг ўзаро тан олинишига асосланади ва, жумладан, шуни тан олишни назарда тутадики, бу давлатлар ҳудудида қайси эътиқод устувор бўлиши кимдир бошқа томонидан эмас, айнан дунёвий суверен ҳокимият томонидан белгиланади. Аугсбург диний сулҳининг машҳур формуласи — «Кимнинг ҳокимияти бўлса, унинг дини» — амалда Вестфал шартномалари формулаларига ҳам кўчирилган эди.
Ўша пайтда Европани ларзага солган фуқаролик урушлари фақат қон тўкилиш билан эмас, балки конфессиявий низолар билан ҳам оғир кечди, ажралиш чизиқлари эса кўпинча ҳатто бир оиланинг ичида ҳам ўтар эди. Шу билан бирга, ўзаро душман томонлар мутлақо муросасиз кайфиятда эдилар. Турли томонларда ўзини охирги ва мутлақ диний ваҳий, ҳақиқий диний билим соҳиби деб билган одамлар сони ортиб борар эди.
Дунёқараш нуқтаи назаридан бу давр схоластикага кескин қарши қўйилган янги илмий фалсафиянинг шаклланиш даври эди. Англияда бу Фрэнсис Бэкон бўлиб, уни анъанавий равишда инглиз эмпиризмининг асосчиси деб ҳисоблайдилар, Францияда эса, албатта, Декартдир.
Гоббснинг ўзи ҳам ўзини жаҳолат зулматини йўққа чиқараётган олим-файласуф, схоластларнинг кулгили қурилмаларини рад этаётган, жумладан, сиёсий фаннинг барча соҳаларида ҳам оқилона, рационал илмий тадқиқотга йўл очаётган мутафаккир деб билар эди.
2. Левиафан образи
Ҳозиргача олимлар орасида Гоббс нега ўз асарини айнан шундай номлагани ҳақида якуний аниқлик йўқ. Ажабланарлиси шундаки, «Левиафан» деб аталган китобнинг ўзида Левиафан жуда кам маротаба тилга олинади. Ҳатто шу санақли жойларда ҳам Гоббс унинг ташқи кўриниши қандай эканини, Левиафан ҳақидаги билимларни биз қайси манбалардан оламиз, деб батафсил тушунтириб ўтирмайди.
Китобни қўлга олганимизда, ҳар қандай нашрини, биз фронтисписида жуда мураккаб ва катта рамзий маънога эга бўлган расмни кўрамиз. Юқори қисмида лотин тилида «Ер юзида унга тенг келадиган ҳокимият йўқ» деган ёзув жойлашган. Бу ибора Библиядаги Айюб китобидан олинган бўлиб, айнан Левиафанга нисбатан айтилган. Кириш қисмида Гоббс бошиданоқ инсон Худога тақлид қилишини айтади.
Худо ўз санъати билан табиатни яратганидек, инсон ҳам ўз навбатида ҳунарманд, маҳорат эгаси сифатида тақлид йўли билан ушбу улуғ Левиафанни — давлат деб аталувчи тузумни яратади.
Карл Шмитт, «Томас Гоббснинг давлат ҳақидаги таълимотида Левиафан» номли китоб муаллифи, Гоббс инсон онгининг жуда чуқур маданий-тарихий қатламларига дахл қилган, деб ҳисоблаган. Одамлар интуитив равишда Левиафан образидан даҳшатли таҳдид чиқиб турганини, унинг қўрқинчли бир нарса эканини ҳис қилганлар. Гоббс эса уни қудратли ва кучли бошланиш сифатида кўрсатмоқчи бўлган. Библияда айтилганидек, Левиафан қўрқмас қилиб яратилган. Бу сўзма-сўз иқтибосдир. Яъни у ҳар қандай кибрли кишига қарши тура оладиган зотдир. Яҳудий ривоятига кўра, замон охирида Қиёмат куни Парвардигор солиҳ бандаларни Левиафан гўшти билан зиёфат қилади.
Шмиттнинг фикрича, Гоббснинг хатоси шунда бўлганки, унинг Левиафани шунчалик даҳшатли ва ёмон бир нарса сифатида қабул қилиндики, одамлар ундан қўрқиб қочишни исташди. Давлатни ҳимоячи, жозибали образ сифатида яратиш ўрнига, у ҳаммада қўрқув, ваҳима ва нафрат уйғотган даҳшатли рамзни яратди. Бу — бир томон.
Бошқа бир томон ҳам бор, у баъзан эътиборга олинади: Левиафан денгиз маҳлуғими ёки қуруқлик маҳлуғими эди? Агар у денгиз жонивори бўлса, у янги инглиз тасаввурларига — денгиз ҳукмронлигига, денгиз йўллари, чет эл савдоси ва бошқа барча шу каби масалалардаги устунликка жавоб бериши керак эди.
Левиафан рамзияти билан боғлиқ яна бир жиҳат — унинг Библияда Бегемот деб аталадиган бошқа мифологик ҳайвонга қарши қўйилиши. Гоббсда машҳур «Левиафан»дан ташқари яна бир памфлет ҳам бор, у «Бегемот, ёки Узоқ парламент» деб аталади. У ерда у Бегемот — Левиафан курашаётган куч эканини, Бегемот исён, низо ва бошқа ёмон нарсаларни англатишини, Левиафан эса тинчлик, хотиржамлик ва тартибни англатишини айтмоқчи бўлган.
3. Давлат-Левиафан концепцияси
Бу жуда мураккаб концепциядир. Бир қарашда у анча содда кўриниши мумкин. У билан боғлиқ кўплаб тушунмовчиликлар айнан Гоббс гапираётган нарсанинг ташқи соддалиги ва ички мураккаблиги билан изоҳланади.
Аввало, бу мураккаблик «давлат» сўзи билан боғлиқ. Гоббс китобининг сарлавҳасида инглиз тилида commonwealth деган сўзни ишлатади. Commonwealth сўзини бошқа тилларга тўлиқ ва аниқ таржима қилиш осон эмас. Унинг ортида лотинча res publica, яъни «умумий иш» тушунчасидан бошланувчи узоқ анъана ётади. «Левиафан»да тез-тез учрайдиган яна бир сўз — state бўлиб, у ўша давр учун нисбатан янги эди. Давлат-state ва камроқ даражада давлат-commonwealth — бу шундай нарсаки, уни бошқариб турган суверендан, яъни унга ҳукмронлик қилаётган шахсдан мутлақо алоҳида ҳолда қараш мумкин. Уни муайян аппарат, ёки муайян машина, ёки муайян организм сифатида кўриш мумкин; у на халққа (уни яшаб турган одамларга), на суверенга (князьга, бошлиққа, қиролга, ҳукмдорга) тенг эмас.
Гоббсда давлат жамоат шартномаси натижасида пайдо бўлади. Жамоат шартномаси — ким билан ким ўртасидаги шартнома? Гоббсгача шартнома ҳақида гап кетганда, одатда, қандайдир халқ бор, у таклиф қилинаётган ҳукмдор билан шартнома тузиши мумкин, деган тасаввурдан келиб чиқилар эди. Гоббс эса бундан ҳам радикалроқ фикрни илгари сурди. Унингча, халқнинг ўзи фақат шартнома натижасидагина пайдо бўлади, шартноманинг ўзи эса қандайдир князь ёки суверен билан тузилган шартнома эмас, балки одамларнинг ўзаро тузган шартномасидир. Одамлар ўзаро келишиб оладиларки, энди уларда давлат бўлади, уларда commonwealth бўлади, уларда Левиафан бўлади, ва бу давлатнинг суверени бўлиши керак. Бу — Гоббс далиллаш тизимидаги энг мураккаб жойдир.
Масала шундаки, шартнома орқали пароканда одамларни давлат фуқароларига айлантириш муайян ҳуқуқдан воз кечишни англатади. Одамлар воз кечадиган асосий ҳуқуқ — бу бошқа одамларни ўлим билан жазолаш ҳуқуқидир, яъни уларга келтирилиши мумкин бўлган нохушликлар, зарарлар ва таҳдидлар учун ўлим жазосини қўллаш ҳуқуқи.
4. Ҳамманинг ҳаммага қарши уруши
Жамоат шартномасидан олдин одамлар Гоббс «ҳамманинг ҳаммага қарши уруши» деб атаган ҳолатда бўладилар. Бу ибора жуда кўпинча шундай талқин қилинадики, гўё Гоббс оддий эволюционист бўлган. Гўё бир вақтлар одамлар урушиб-урушиб чарчаган, кейин эса урушмаслик учун бирлашиб, давлатни яратган. Гўё Гоббс шундай фикр юритган.
Гоббс ҳеч қачон бундай фикр юритмаган. Унинг асарларида бу каби талқин мутлақо нотўғри эканини кўрсатадиган очиқ баёнотлар бор. Аслида, манзара бутунлай бошқача. Ҳамманинг ҳаммага қарши уруши ҳамма нарсанинг бошида турадиган ҳолат эмас, аксинча, одамларнинг жамоат, давлат ҳолати доимо уруш хавфи билан таҳдид қилиб туради.
Гоббсга кўра, одамлар умуман олганда бир-бирига нисбатан анча душманона муносабатда бўладилар. Ҳатто тинч, бирдам ҳолатда ҳам, уруш бўлмаганда, давлат мавжуд бўлганида ҳам одамлар шундайки, улар қўшнисидан, бошқа одамдан қўрқишга мажбур, ундан дўст чиқишини кутишдан кўра. Уруш пайтида, Гоббс айтганидек, «одам одамга бўри», тинчлик ҳолатида эса одам одамга Худо бўлиши керак. Афсуски, бу рўй бермайди. Биз бошқа одамдан қўрқамиз, эшикларни қулфлаймиз, уйдан чиққанда қурол оламиз. Саёҳатга чиқар эканмиз, қўриқчилар билан таъминланамиз ва ҳоказо. Агар биз бошқа одамга ишонганимизда, буларнинг ҳеч бири бўлмас эди.
5. Левиафан кафолатчи сифатида
Демак, одамлар ўртасида нормал ҳаёт мумкин эмас, токи улар ўзаро тузадиган шартномалар фақат ишончқа асосланган оддий келишувлар бўлиб қолар экан, яъни қарши томон шартномага риоя қилади, деган умид билангина чекланар экан.
Хўш, нима керак? Гоббснинг фикрича, бузиб бўлмайдиган шартнома керак. Фақат кафолатчиси бор шартномагина бузиб бўлмайди. Бу шартноманинг кафолатчиси уни тузган иштирокчиларнинг ҳеч бири бўла олмайди, чунки уларнинг барчаси бир-бирига тенг, бирдек кучли ва бирдек ожиз. Агар шартноманинг кафолатчиси иштирокчиларнинг ҳеч бири бўла олмаса, демак, бу кафолатчи қаердандир ташқаридан пайдо бўлиши керак. Лекин у қаердан куч олади, қаердан ҳуқуқ олади, бошқалар учун кафолат бўла олиши учун? Бу қандай мумкин? Фақат битта йўл билан. Улар келишиб олишлари керакки, шартнома жараёнида унга муайян турдаги ҳуқуқларни беришади ва шундан кейин унга қарши ҳеч нарса қила олмайдилар.
Чунки у улардан энди ўзларида қолмаган ҳуқуқни — шартномани бузганлик учун ўлим жазосини қўллаш ҳуқуқини олади.
У уларнинг йўқотган кучларини ўзида жамлайди, улар унинг фойдасига берган ҳуқуқларни ўзида бирлаштиради ва у pacta sunt servanda — «шартномалар бажарилиши керак» деб айта оладиган зотга айланади. Ана шу ердан барча қолган нарсалар, барча қолган қонунлар келиб чиқади. Шу тарзда суверен пайдо бўлади.
Фақат суверенгина исталган қонунни чиқара олади, фақат у ҳар қандай қонунни талқин қила олади, қонун бузилиши учун жазолайди, судьяларни тайинлайди, ижро этувчи ҳокимиятни, барча вазирларни, барча амалдорларни, барча назоратчиларни — мутлақо барчасини тайинлайди. Фақат суверен давлатда қайси фикрлар зарарли, қайсилари фойдали эканини белгилай олади. Фақат у ўз нуфузли қарори билан, масалан, фуқаролик урушига олиб келиши мумкин бўлган баҳсларга нуқта қўя олади.
Шу туфайли тинчлик, хотиржамлик ва хавфсизлик ўрнатилади — полиция давлатига хос эски формула. Гоббс полиция ҳақида бевосита гапирмаса-да, фикрни шу томон олиб боради. У муайян даражада ҳуқуқлар, эркинликлар ва бошқа нарсаларни чеклаш ҳисобига тинчлик, хотиржамлик ва тартиб ўрнатилишини қўллаб-қувватлайди. Давлат мавжудлигига таҳдид солмайдиган қолган барча соҳаларда эса одамлар мутлақо эркиндирлар. Улар исталган фаолият билан шуғулланишлари, мулк орттиришлари, ўзаро шартномалар тузишлари мумкин, ҳатто исталган эътиқодга амал қилишлари ҳам мумкин, фақат битта шарт билан: бу давлатга зарар етказмаслиги керак.
6. «Левиафан»нинг илоҳиётга оид томони
«Левиафан»нинг илоҳиётга оид томонини ҳам зикр этиш муҳим. Бу Гоббснинг Муқаддас Ёзувни айрим жиҳатларида қандай тўғри талқин қилиш кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларидир. Христиан давлати нима, давлатда диннинг ўрни қандай, христианликдаги нажот ваъдаси ер юзидаги олий ҳокимият — суверен, дунёвий ҳукмдор ҳукмронлиги билан қандай нисбатда туради; айнан нажотни энг катта орзу қилувчи христиан суверенга нисбатан қандай йўл тутиши керак, агар у суверен унга бажармаслиги ўлим билан таҳдид қиладиган фармойишлар берса? Христиан учун ўлим қўрқинчли эмас, чунки тақводор одам осмондаги мукофотни, савобни кутиши мумкин, ва унинг учун нажот ердаги суверен бериши мумкин бўлган барча нарсалардан устундир.
Лекин айнан шу мавқе, Гоббснинг фикрича, давлатда низо, фуқаролик уруши ва энг хавфли оқибатларга олиб келади. Агар одамлар ҳеч нарсадан қўрқмаса, ўлимга тайёр бўлса, уни нажот ва мукофот деб билса, суверен қанчалик заифлашишини осон тасаввур қилиш мумкин.
Шунинг учун Гоббс илоҳиётда шундай концепцияни асослашни жуда муҳим деб билганки, унда нафақат дунёвий ҳокимиятга мутлақ бўйсуниш учун жой бўлиши, балки нима учун ҳам дунёвий, ҳам диний ҳокимиятга қарши чиқиш учун у дунёда ҳеч қандай мукофот бўлиши мумкин эмаслигининг изоҳи ҳам бўлиши керак эди. Инсон оладиган барча яхшилик ёки ёмонликни у фақат тириклик пайтида, айнан шу танада олади. Одамлар ўлгач, улар бутунлай ва тўлиқ ўладилар. Католик черкови таълимотига кўра, жонлари аърофда бўлган одамлар тақдирига черков ҳам, дуолар ҳам ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди. Қиёмат куни нима ҳал қилинадиган бўлса, у фақат умумий тирилишдан кейин, айнан тирилганлар устидан ўтказиладиган суд жараёнида ҳал қилинади, ердаги ўлим билан кейинги охират ҳаёти орасидаги оралиқда эмас. Бу жуда муҳим концепция бўлиб, Гоббс ундан ҳеч қачон воз кечишни истамаган. Шу сабабли у черков уламолари билан жанжаллашган.
Сўнгги пайтларда Гоббсдаги шу илоҳиётга оид томон яна долзарб аҳамият касб этмоқда. Нима учун бугунги кунда у яна шунчалик муҳим эканини, нега у ҳақда яна гапира бошлашганини тушуниш учун ҳатто қўшимча мулоҳазалар ҳам керак эмас.
Биз жуда яхши тушунамизки, агар инсонни нажот йўлида қийноққа солиш ва ўлимга рози бўлиш мумкинлиги ҳақидаги таълимот дунёвий ҳокимият қарорларига зид келса, бу сиёсий фалсафияда портловчи мавзуга айланади. Гоббс бу муаммоларни классик аниқлик билан қўяди. Ана шунинг учун ҳам у абадий сиёсий файласуф сифатида қолади.
Абу Муслим (профессор)
Жамиятда ўзини дин ва маърифат вакили сифатида кўрсатиб, амалда эса миллий ўзликка, айниқса туркийликка нисбатан совуқ муносабат намоён этаётган шахслар ҳам бор. Бу муносабат кўпинча ошкора эмас, балки яширин, мулойим иборалар, “илмий” ёки “диний” баҳоналар орқали амалга оширилади.
Реал Мадриднинг Бенфикадан мағлубиятини айримлар сенсация сифатида қабул қилди. Аммо футболни тушунадиган ҳар қандай мухлис яхши биладики, бу мағлубият куч масаласи эмас, тасодифлар йиғиндиси эди.
Гренландия бўйича музокаралар барбод бўлди, деб ОАВ ва экспертлар трансатлантик муносабатлардаги сўнгги драматик бурилишни изоҳламоқда.
«Кавказ-Центр» АҚШ ва НАТОдаги европалик иттифоқчилари ўртасида кучайиб бораётган ихтилофларни таҳлил қилади ва можаронинг асосий жиҳатлари, унинг тарихий контексти ҳамда глобал хавфсизлик учун эҳтимолий оқибатларини кўриб чиқади.
Al Jazeera телеканали томонидан 2026 йил 13 январда эълон қилинган сўнгги ҳисобот 2019–2023 йиллар давомида «Исроил»нинг энг йирик савдо ҳамкорлари ҳақида маълумот беради. Ҳисобот шуни кўрсатадики, сиёсий ва диний ихтилофларга қарамасдан, айрим ислом давлатлари Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олишини қораламасдангина қолмай, балки савдо орқали уни фаол қўллаб-қувватламоқда.