close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўн учинчи суҳбат: Охират уйи ерда манманлик қилишни истамаганлар учундир

"Ана ўша Охират уйидирким, Биз уни Ерда ҳақдан устунлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган инсонлар учун ато қилурмиз. Ҳусни оқибат тақводорлар учундир". (Қасас сураси, 83-оят).

Саъдий: "Аллоҳ таоло Қорун ва унга берилган молу дунё зикрини, унинг ишлари оқибатини, ҳамда аҳли илмларнинг: “Эҳ, ҳолингизга вой бўлсин! Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган савоб яхшироқдир”, деган сўзларини келтиргандан кейин ана ўша Охират уйига тарғиб этди. Унга эриштирадиган восита ҳақида хабар берди. У дедики: “Ана ўша Охират уйидирким”, у ҳақда Аллоҳ Ўз китобида хабар қилган, Унинг расуллари ҳам хабар беришган. У шундай масканки, жамики неъматларни ўзида жамлаган, ҳар қандай ёқимсизлик ва камчиликдан холи қилинган.
“Биз уни Ерда ҳақдан устунлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган инсонлар учун” манзилгоҳ ва қароргоҳ қилурмиз. Ундай зотларда ерда инсонлар устидан катталик қилиш учун истак ва хоҳишнинг ўзи йўқ, қандай қилиб бу йўлда ҳаракат бўлсин?! Қандай қилиб уларда Аллоҳнинг бандалари устидан ва ҳақ устидан такаббурлик билан кеккайиш бўлсин?!
“Фасод тарқатиш” деганда ҳар қандай турдаги гуноҳ назарда тутилади”.
Табарий: “Зикри олий Зот айтади: Ана ўша Охират уйидирким, Биз унинг неъматларини ерда ҳақ йўлдан кибр қилмайдиган, манмансирамайдиган инсонлар учун насиб этамиз. وَلاَ فَسَاداً - Аллоҳ айтадики, Охират уйини ерда одамларга ноҳақ зулм ўтказишни истамайдиган ва Аллоҳга маъсият бўладиган ишларни қилишни хоҳламайдиган кишиларга ато қилурмиз”.
Ибн Касир: “Ибн Жарир айтади: ...Алидан ривоят қилинади. У киши дедилар. “Инсон оёқ кийими ипининг биродарининг оёқ кийими ипидан яхшироқ бўлишини хоҳласа, Аллоҳнинг мана шу ояти ҳукмига кириб қолади:
تِلْكَ الدَّارُ الآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لاَ يُرِيدُونَ عُلُوّاً فِي الأَرْضِ وَلاَ فَسَاداً وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ* - “Ана ўша Охират уйидирким, Биз уни Ерда ҳақдан устунлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган инсонлар учун ато қилурмиз”. Бу устунлик ва фасоддан мурод мақтаниш ва ўзгалар устидан афзаллик даъво қилиш бўлиб, улар қораланадиган ишлардир. “Саҳиҳ”да келадики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менга бир-бирингизга тавозели бўлинглар, токи ҳеч бир киши бирор кишининг устидан фахрланмасин, ҳеч бир киши бирор кишига зулм қилмасин, дея ваҳий қилинди”. Аммо инсон кийимининг чиройли бўлишини фақат безаниш учунгина хоҳласа, бунинг зарари йўқ”.
Қуртубий: “Абу Муовия айтади: Устунликни хоҳламайдиган одам нафсининг хор бўлганига ғазабланмаган, иззатга эришиш йўлида талашмаган одамдир. Аллоҳ ҳузурида энг юксак мартабага эга бўлган одам энг қаттиқ тавозели одамдир. Эртага энг иззатли одам бугун энг хор бўлиб қолиб кетган одамдир. Суфён бин Уяйна Исмоил ибн Аби Холиддан ривоят қилади. У киши деди: Али ибн Ҳусайн уловга минган ҳолда кетаётиб, бурда нонлар билан овқатланиб ўтирган бир гуруҳ мискинлар олдидан ўтдилар ва уларга салом бердилар. Улар Алини ўз таомларига таклиф қилишди. Али бу оятни тиловат қилдилар: تِلْكَ الدَّارُ الآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لاَ يُرِيدُونَ عُلُوّاً فِي الأَرْضِ وَلاَ فَسَاداً وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ*. Кейин маркабдан тушдилар ва улар билан бирга овқатландилар. Сўнг дедилар: Мен сизларнинг таклифларингизга кўндим. Энди сизлар ҳам менинг таклифимни қабул қилинглар. Шундай қилиб, уларни ўз уйларига олиб кетдилар ва меҳмон қилиб, уларга кийимлар кийдириб, эҳсонлар қилдилар”.
Саъдий: “Демак, агар уларда ерда устунликка эришиш ва бузғунчилик қилиш учун хоҳиш йўқ экан, бундан шу нарса келиб чиқадики, уларнинг хоҳишлари Аллоҳга бағишланади. Мақсадлари Охират уйи сари йўналтирилади. Ҳолатлари Аллоҳнинг бандаларига тавозеда бўлиш, ҳаққа бўйсуниш ва амали солиҳга берилишдан иборат бўлади.
Ҳусни оқибат ваъда қилинган тақводорлар мана шу одамлардир. Шунинг учун Аллоҳ деди: Оқибат, яъни барқарор ва бардавом нажот Аллоҳдан тақво қилган кишилар учундир.
Улардан бошқалар эса гарчи айрим ғалабалар ва фаровонликларга эришсалар ҳам бу муддат узоқ давом этмайди. Ундай ишлар тез фурсат ичида поёнига етади. Бу ояти каримадаги мана шу чекловдан маълум бўладики, ерда устунлик ёки бузғунчилик қилишни хоҳлайдиганлар учун Охират уйида насиба ҳам, ўрин ҳам бўлмайди”.
Бу оятлар кофир ва мунофиқлар устига ёғилган балолар ҳақидаги ибратли хабарлар сўнггидан мусулмонлар учун қилинаётган ноёб насиҳатдир. Демак, мўминлар Охират уйини афзал биладилар. Ерда ҳақни четга суриб қўйиб, мутакаббирлик, зўравонлик билан устунлик қилишга ҳаракат қилмайдилар. Мусулмонларга тил билан ҳам, қўл билан ҳам, мол билан ҳам зулм ўтказмайдилар. Бир-бирлари билан ҳокисорлик ва камтарлик асосида муомалада бўладилар. Тавозени ўзларига шиор қилиб оладилар. Зеро, дўстларига тавозеда бўлмаган, уларнинг қадрини билмаган инсон албатта бир куни душманига муҳтож бўлиб қолади ва унга хушомад қилишга мажбур бўлади. Мўминлар дунёларига, амал ва ибодатларига мағрур бўлмайдилар. Бир-бирларидан афзаллик даъво қилмайдилар.
 
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Охират уйини истайдиган чин мўмин инсонлар молпарастлик, шуҳратпарастлик, риё, мақтанчоқлик иллатларидан пок бўладилар. Ўзларининг дунёлари, мансабларига кўнгил қўйиб, кибрланмайдилар. Одамларга зулм қилмайдилар.
2. Ўзига бино қўйиш, кибрланиш касаллиги фақат дунёвий ишда эмас, диний амалларда ҳам учрайди. Шайтон ибодатли, илмли кишиларни ҳам васваса қилади. Натижада айрим одамларда тавозе ва хокисорлик йўқолиб, иззатталаблик, манманлик пайдо бўлади.
3. Исломни мусулмонларни гуруҳларга ажратиб, бир-бирларига қарши гиж-гижлаш йўлида қўллайдиганлар шу оятга кўра ерда ҳақдан устунлик қилишга интилиш, бузғунчилик қилишга уриниш сифатида қораланади.
4. Ислом ва мусулмонларнинг манфаатларига зид иш олиб бораётганлар гарчи айрим ғалабалар ва фаровонликларга эришсалар ҳам бу муддат абадий давом этмайди. Ундай ишлар тез фурсат ичида фош бўлиб, эгалари жазога йўлиқади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase