Аллоҳ таоло: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна – кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур сураси, 63-оят);
«Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур» (Оли Имрон сураси, 30-оят);
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир» (Буруж сураси, 12-оят);
«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд сураси, 102-оят), деб айтган.
1805/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ ғазаб қилади. Аллоҳнинг ғазаби бир киши Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни бажарса, рўёбга чиқади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.