1801/1. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир одамнинг отаси эмаслигини билатуриб ҳақиқий отам шудир, деса, жаннат унга ҳаромдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1802/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий оталарингиздан тониб юз ўгирманглар. Ким ўз отасини тан олмай юз ўгирса, бу иши куфрликдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1803/3. Язид ибн Шарик ибн Ториқдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Алининг розияллоҳу анҳу минбарда туриб қуйидагича хутба айтаётганларини эшитдим: «Бизнинг ҳузуримизда ўқиш учун фақат Аллоҳнинг китоби бордир. Ва яна мана бу саҳифа ҳам борки, бунда товон қилиб бериладиган туяларнинг ёшлари ва жароҳатларга оид масалалар ҳамда Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги айтган сўзлари бордир», деб у саҳифани очдилар. Унда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мадинанинг Айр тоғи билан Савр тоғи оралигидаги масофаси (Макка каби) Ҳарамдир. Ким у ерда бирор бидъат (янгилик)ни пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Аллоҳ қиёмат куни унинг тавбасини ҳам, тўлайдиган маблағини ҳам қабул этмайди. Мусулмонларнинг аҳдлари бордир. Уларнинг энг паст табақадагилари ҳам унга эришади. Ким ана шу аҳдга хилоф иш тутса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Аллоҳ қиёмат куни унинг тавбасини ҳам, тўлайдиган маблағини ҳам қабул этмайди. Ким ўз отасидан бошқа кишини отам деса ёки ҳомийсидан бошқа ҳомийни иддао қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Аллоҳ қиёмат куни унинг тавбасини ҳам, тўлайдиган маблағини ҳам қабул этмайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1804/4. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким билатуриб ўз отасини тан олмай, бошқа кишини отам, деса, кофир бўлибди. Ким ўзиники бўлмаган нарсани меники, деб даъво қилса, биздан эмасдир. Ва жойини дўзахдан тайёрлаб қўяверсин. Ким бирор кишини «эй кофир» ёки «эй Аллоҳнинг душмани», деса ва айтилган бу сифатлар у кишида бўлмаса, айтувчининг ўзига қайтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.