Аллоҳ таоло: «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур» (Нисо сураси, 78-оят);
«Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб айтган.
1790/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб Шом шаҳрига жўнадилар. Қачонки, Сарғ номли жойга етиб келганимизда, шаҳар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ ва ёронлари кутиб олгани чиқиб, Шомда вабо касали тарқаганининг хабарини беришди. Умар розияллоҳу анҳу менга: «Аввалги муҳожирларни, яъни икки қиблага қараб намоз ўқиганларни чақир», дедилар. Мен бориб уларни чақириб келдим. Умар розияллоҳу анҳу улар билан маслаҳатлашиб, Шомда вабо касали тарқаганининг хабарини бердилар. Улар бунда ихтилоф қилишди. Баъзилари: «Улуғ бир ишни (яъни, душман билан урушишни) қасд қилиб чиққансиз, у режадан орқага чекинишингизни эп кўрмаймиз», дейишди. Баъзилари эса: «Сиз билан бирга бошқа одамлар ва Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ҳам бор. Уларни мана бу вабо касалига олиб боришингизни эп кўрмаймиз», дейишди. Умар розияллоҳу анҳу: «Менинг ҳузуримдан туринглар», деб айтдилар. Кейин у зот: «Ҳузуримга ансорийларни чақир», дедилар. Мен уларни чақириб келган эдим, улар билан ҳам маслаҳатлашдилар. Ансорийлар ҳам муҳожирлар каби ихтилоф қилиб икки хил фикр айтишди. Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳам: «Ҳузуримдан туринглар», деб айтдилар. Сўнгра у зот: «Ҳузуримга Макка фатҳ бўлишидан олдин Исломга кирган Қурайш оқсоқолларини чақир», дедилар. Мен уларни чақирдим. Улардан ҳеч бир киши ихтилоф қилмади. Улар: «Эй Умар ибн Хаттоб, сиз одамлар билан қайтиб кетишингизни маслаҳат берамиз. Мана бу вабо касали тарқаган жойга уларни олиб кирманг», деб айтишди. Шу маслаҳатдан кейин Умар розияллоҳу анҳу одамларга қарата: «Тонгда мен (Мадинага) қайтиб кетаман. Сизлар ҳам қайтинглар», дедилар. Абу Убайда ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг қадаридан (тақдири азалида битиб қўйилган нарсасидан) қочиб кетяпсизми?» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Қанийди, бу гапни сендан бошқа киши айтганда эди», дедилар. Чунки Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайдага хилоф чиқишни ёмон кўрардилар. Ва яна Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳа! Аллоҳнинг (ёмон) қадаридан Аллоҳнинг (яхши) қадарига қочяпмиз. Эй Абу Убайда, менга хабар бер-чи, агар сенда туялар бўлса ва улар бир водийга тушса-да, у водийнинг иккита майдони бўлса, бири кўкаламзор, иккинчиси эса қуп-қуруқ бўлса ва сен кўкаламзорда ўтлатишинг ҳам Аллоҳнинг қадари, қуп-қуруқ ерида ўтлатишинг ҳам Аллоҳнинг қадари эмасми?» дедилар. Шу пайт Абдураҳмон ибн Авф келиб қолдилар. Бу саҳоба баъзи зарур ишлари туфайли бу ерда йўқ эдилар. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Менинг бу ҳақда Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам эшитган нарсам бор. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир жойда вабо тарқалибди, деб эшитсангизлар, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган маконда вабо тарқаса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар», деганлар», деб айтдилар. Буни эшитган Умар ибн Хаттоб Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар ва (Мадинага) жўнадилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1791/2. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир ерда ўлат (вабо) касали тарқабди, деб эшитсангизлар, у ерга кирманглар. Агар сизлар яшаб турган жойда ўлат касали тарқаса, у ердан чиқиб кетманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: эпидемия тарқаган жойга кириш ёки ўзи яшаб турган жойда тарқалса, у ердан қочиб чиқиб кетиш тақиқланмоқда. Бугунги кунимизда буни «карантин», деб номлашади. Чунки яшаб турган маконда вабо тарқаса, у ердан қочиб чиққан киши ўзи билан бирга зарарли микробларни эргаштириб, соғлом кишиларга юқтириши мумкин. Мана шу нарсага амал қилиш Аллоҳ таолога таваккал қилишга қарама-қарши нарса эмас. Балки сабабларнинг олдини олиш ва ҳалокатга элтувчи нарсалардан ўзини узоқ тутиш ва айни Аллоҳга таваккал қилишликдир.