1787/1. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бир кишини кўкларга кўтариб мақтаётганини эшитиб: «Уни ҳалок қилдинглар ёки бу кишининг белини синдирдинглар-ку», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1788/2. Абу Бакрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Шунда бошқа бир киши унинг яхшилигини гапириб мақтаб юборди. Буни эшитган Расулуллоҳ: «Дўстингнинг бўйнини синдирдинг-ку», деб бир неча марта айтдилар. Сўнгра у зот: «Агар сизлардан бирингиз мақташга мажбур бўлиб қолса, уни ундай-бундай ва шу сингари, деб ўйлайман, десин. Агар мен билганимдек ана шу сифатларга эга бўлса, «Ҳасийбуҳу Аллоҳ вала юзаккий ъалаллоҳу аҳада» (маъноси: «Унинг кифоячиси Аллоҳдир. Аллоҳнинг олдида бирор киши айбсиз эмас»), десин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1789/3. Ҳаммом ибн Ҳорис ва Миқдоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Усмонни розияллоҳу анҳу мақтаганида Миқдод розияллоҳу анҳу тиззаларини букиб, унинг юзига майда тошларни отиб юбордилар. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу: «Бу нима қилганингиз?» деганларида, Миқдод розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Агар мақтовчиларни кўрсангиз, юзларига тупроқ сочинг», деганларини эшитдим», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Юқорида келтирган ҳадисимиз юзга мақташни ман этувчи ҳадислардандир. Юзга мақташ мубоҳ эканини англатувчи саҳиҳ ҳадислар ҳам кўпдир. Уламолар икки томон ҳадисларини жамлаб, қуйидаги фикрларни айтишган: «Агар мақталаётган киши комил иймонли, ишончли, риёзатли, маърифатли бўлиб, ўша мақтовдан фитналанмаса ва ғурурга кетмаса, ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмас. Агар бу ишларнинг бирортасидан қўрқилса, юзга мақташлик қаттиқ макруҳ бўлади». Шунга асосланиб бу ҳақдаги турли саҳиҳ ҳадисларни келтирмоқдамиз:
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга розияллоҳу анҳу: «Жаннатга киришда ҳамма эшигидан чақирилувчилардан бўлишингни умид қиламан», бошқа ҳадисда: «Сен иштонингни мутакаббирлик ниятида узайтириб юрувчилардан эмассан», деганлар. Умарга розияллоҳу анҳу эса: «Агар шайтон сени кўриб қолса, сен юраётган йўлни қўйиб, бошқа йўлга равона бўлади», деганлар. Юзга мақташ жоиз бўлган ҳадислар кўп бўлиб, бу ҳақда «Ал-Азкор» китобида батафсил сўзланган.