1780/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло сизлардан уч нарсада мамнун ва уч нарсада норозидир. Мамнун бўладигани – Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилиш, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаш ва фирқаланиб кетмасликдир. Норози бўладигани – фойдасиз сўзларни гапириш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳудага сарф қилиш», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1781/2. Муғийранинг котиблари Варроддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Муғийра розияллоҳу анҳу Муовияга розияллоҳу анҳу жўнатиш мақсадида бир мактуб ёздирдилар. У қуйидагича эди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар фарз намози сўнггидан «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла маниъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла йанфаъу зал жадди минкал жадд»ни ўқирдилар». (Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Ва Сен ман қилган нарсани бергувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди»). Ва яна Варрод розияллоҳу анҳу мактубда қуйидагиларни ёздилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам фойдасиз сўзларни гапиришдан, мол-дунёни беҳудага сарф қилишдан, кўп савол беришдан, оналарга оқ бўлишдан, қизларни тириклай кўмишдан, вожиб амалларни тарк этишдан ва хиралик билан сўраб олишдан ман этдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.