1774/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳарлик одамнинг қишлоқдан келган кишининг молини сотиб беришидан ман қилдилар. Гарчи у қишлоқлик киши ота-она бир иниси бўлса ҳам. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1775/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ташқаридан келган молларни шаҳар бозорига етиб келмасидан олдин йўлига чиқиб сотиб олманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1776/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Карвон йўлига чиқиб, молини сотиб олманглар ва шаҳарлик одам ташқаридан келган кишининг молини сотмасин», деганлар. Имом Товус Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу: «Шаҳарлик қишлоқдан келадиганнинг молини сотмасин, дейилгани нима?» деб сўраганларида, Ибн Аббос: «Даллоллик қилмасин, яъни қишлоқдан келган киши ўзи олиб келган нарсасини ўзи сотсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1777/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳарлик қишлоқдан келган кишининг молини сотишдан ман этдилар. Ва: «Бошқаларни алдаб нархини оширмасин, биродари савдоси устига савдолашмасин, биродари совчи бўлган қизга совчи юбормасин, кундошли хотин кундошини талоқ қилиб юборишини, яъни ҳамма нарсага ўзи эга бўлиб олишни эридан сўрамасин», дедилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам карвон ҳали шаҳарга кирмай туриб уни сотиш ниятида қўлга киритишдан, хотин бўлажак кундошига талоқ берилса, никоҳга чиқишини шарт қилишдан ва биродари савдоси устига савдолашишдан ҳамда нархларни сохталик билан оширишдан ва соғиладиган ҳайвонни бир неча кун соғмасдан сутини кўпайтириб сотишдан ман қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: қишлоқда яшовчи киши қийинчилик билан нарсаларни йиғиб-териб олиб келса-ю, шаҳарда яшовчилар уни алдаб бозорда нарх-наво пастлаб кетганини айтиб, деҳқонни шунга ишонтиришлари ғирромликдир. Ислом ғирромликнинг барча турини ман этади.
1778/5. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзиларингиз баъзиларингиз савдосини бузиб ўз нарсаларини сотмасин. Биродари совчи бўлган аёлга совчи юбормасин. Лекин ўзи изн берса, унда жоиз», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Муслимники.
1779/6. Уқба ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг биродаридир. Мўмин кишига биродари савдосини бузиб ўз нарсаларини сотмасин ҳамда биродари совчи бўлган хотинга то ўзи тарк қилмагунча совчи юбормасин», дедилар. Имом Муслим ривояти.