1772/1. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Башир розияллоҳу анҳу ўғиллари Нўъмонни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бориб: «Мен бу ўғлимга бир хизматкор бола ҳадя қилдим», деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу каби нарсани барча болаларингга ҳадя қилдингми?» дедилар. Башир розияллоҳу анҳу: «Йўқ», дегандилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Берган нарсангни қайтариб ол», дедилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Болаларингнинг барчасига шундай қилдингми?» деганларида, Башир: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Болаларингиз ҳақида адолатли бўлинглар», деб айтдилар. Кейин Башир келиб ҳалиги берган садақаларини қайтариб олдилар.
Яна бошқа ривоятда келтириладики, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Башир! Сенда бундан бошқа фарзанд борми?» деганларида, Башир: «Ҳа», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингнинг барчасига шундай ҳадя бердингми?» дегандилар, Башир: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўладиган бўлса, мени гувоҳ қилмагин. Чунки мен зулмга гувоҳ бўлмайман», дедилар.
Яна бошқа бир ривоятда «Мени зулмга гувоҳ қилмагин» бўлиб келган. Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил», деб, кейин «Болаларинг сенга яхшилик ва хизмат қилишда баробар бўлишлари хурсанд қиладими?» дегандилар, Башир розияллоҳу анҳу: «Ҳа», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, уларни ажратмасдан баробар тутгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.