1706/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло ота-боболарингиз номига қасам ичишингиздан ман қилган. Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин. Ундай бўлмаса, жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа саҳиҳ ривоятда «Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номига ичсин. Ундай бўлмаса, сукут қилсин» бўлиб келган.
1707/2. Абдураҳмон ибн Самурадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бут-санамлар ва ота-боболарингиз номига қасам ичманглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1708/3. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким омонат билан қасам ичса, биз (нинг йўлимиз)дан эмас», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Фойда: қасам Аллоҳ ва Унинг сифатлари билан бўлади. Чунки омонат фақат Аллоҳнинг буйруқлари ва фарзларидан бири бўлгани учун булар билан қасам ичишдан қайтарилди. Ва яна омонат билан қасам ичиш Аллоҳнинг исмлари билан қасам ичишга тенглашиб қолишидан хавф бор. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва бу зотнинг асҳоблари: «Аллоҳнинг омонати агар қасам бўлса, унга каффорат лозимдир», дейишди.
1709/4. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасам ичиб унда: «Мен Исломдан йироқман», деса, агар ёлғон қасам бўлса, ҳақиқатда Исломдан йироқ бўлади. Борди-ю, қасами рост бўлса, шундай ҳам Исломга саломат қайтмайди», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1710/5. Ибн Умарданрозияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бир кишининг: «Каъба номига қасамки, ундай эмас», деб турганини эшитиб: «Аллоҳдан бошқа нарса номига қасам ичмагин. Чунки мен Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким Аллоҳ номидан бошқа нарса ила қасам ичса, батаҳқиқ куфр ёки ширк келтирибди», деб айтганларини эшитганман», дедилар. Имом Термизий ривояти.
Баъзи уламолар Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Куфр ёки ширк келтирибди», деган сўзларини зиёда қўрқитиш учун истеъмол қилганлар, деб шарҳлашди. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: «Риё ширкдир», деб қўрқитиш мақсадида айтганлар.