1692/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидга тупуриш хатокорликдир. Бу хатонинг каффороти уни кўмиб қўйишдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ўриндаги «кўмиб қўйишдан» мақсад агар масжидда тупроқ, қум ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, тупукни ана шулар остига яширишдир.
Абул Маҳосин ар-Рувёний «Баҳр» номли китобларида «Кўмишдан мақсад уни масжиддан чиқариб ташлашдир. Лекин масжид ерига тош ётқизилган ёки гипс (асфалт ва семент) бўлса, уни оёғи билан аксар жоҳиллар каби босиб кетиб қолса, уни кўмиш, дейилмайди. Балки бу зиёда хатокорлик ва масжидни ифлослантиришдир. Энди босиб кетган киши ўша тупукни кийими ёки қўли ё бошқа нарса билан чиқариб ташламоғи ёки ювмоғи лозим», деб айтдилар.
1693/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қибла (томон) деворида тупук ёки балғам кўриб қолиб, уни сидириб ташладилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1694/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта масжид сийдик ва бошқа нопокликлар учун муносиб эмас. Аслида масжид Аллоҳ зикри ва Қуръон тиловат қилинадиган жой», дедилар ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар. Имом Муслим ривояти.