1630/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Ўзи эркак бўлатуриб хатти-ҳаракати ва сўзлашишини аёлларга ўхшатувчини ҳамда ўзи аёл бўлатуриб хатти-ҳаракати ва сўзлашишини эркакларга ўхшатувчини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам лаънатладилар.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакни ҳамда ўзини эркакларга ўхшатувчи аёлни лаънатладилар. Имом Бухорий ривояти.
1631/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг либосини киювчи эркакни ва эркакларнинг либосини киювчи аёлни лаънатладилар. Абу Довуд ривояти.
1632/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзахда икки тоифа киши борки, (мен уларни дўзахда кўргандим) дунё ҳаётида ҳозиргача кўрмадим. Бири шундай тоифаки, қўлларига молнинг думига ўхшаш қамчини олиб, у билан одамларни уришади. Иккинчиси шундай хотинларки, кийимлари бўлатуриб яланғочдирлар. Яъни, тор ва юпқалигидан кийимлари бўлса ҳам, йўққа ўхшаб туради. Улар бошқаларни ўзларига мойил қилиб, ўзлари ҳам бошқаларга мойил бўлишади. Буларнинг бошлари туянинг ўркачлари каби бир тарафга эгилиб туради. Бундай аёллар ҳаргиз жаннатга киришмайди. Унинг ҳидини ҳам топа олишмайди. Чунки жаннат ҳидини унча ёки бунча, яъни узоқ масофадан топилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.