Аллоҳ таоло: «Қачон сизлар (Пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар парда ортида туриб сўранглар» (Аҳзоб сураси, 53-оят), деб айтган.
1627/1. Уқба ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Номаҳрам хотинлар олдига киришдан четланинглар», деганларида, ансорийлардан бир киши: «Эрининг қариндошларидан бирортаси кирса-чи (яъни, эрининг ака-укалари, уларнинг болалари ва амакиларининг болалари)?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша эрининг қариндошларига ҳалокат бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1628/2. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз номаҳрам аёл билан танҳо қолмасин. Лекин у билан бирор маҳрами бўлса, унда зарари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1629/3. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳодга кетган мужоҳидлар хотинининг ҳурмати жиҳодга бормаган кишиларга нисбатан оналари ҳурмати кабидир. Жиҳодга бормаган бирор киши жиҳодга кетган бирор кишининг аҳлига ўринбосар, яъни улар хонадонидан ҳол-аҳвол сўраб туриш масъулиятини бўйнига олган бўлса-ю, кейин уларга хиёнат қилса, қиёмат куни ўша хиёнатчи тек қилиб қўйилиб, мужоҳидга ўша хиёнатчининг яхшиликларидан хоҳлаганини то рози бўлгунча олиш ихтиёри берилади», деб бизга ўгирилиб қарадилар-да, кейин у зот: «Сизлар нима гумон қиласизлар (яъни, савобга ҳарис ҳамда ўч олиш ҳиссиёти қўзғолиб турган мужоҳидга хиёнатчининг барча яхшиликларини олиш ихтиёри берилса, нима бўлишига гумонингиз қандай)?» дедилар». Имом Муслим ривояти.