Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар» (Нур сураси, 30-оят);
«Албатта қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро сураси, 36-оят);
«(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнати (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур» (ўофир сураси, 19-оят);
«Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Фажр сураси, 14-оят), деб айтган.
1621/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзиб-битиб қўйилган. Ёзиб қўйилгандан кейин албатта уни бажаради. Ундан тўхташнинг иложи йўқ. Икки кўз зиноси ҳаром нарсаларга қарашдир. Икки қулоқ зиноси ҳаром нарсаларни тинглашдир. Тилнинг зиноси эса ҳаром нарсаларни гапиришдир. Қўлнинг зиноси ҳаром нарсаларни ушлашдир. Оёқнинг зиноси ҳаром нарсаларга қадам босиб боришдир. Кишини кўнгли тусайди ва орзу қилади. Ўша орзуни жинсий аъзолар ростга чиқаради ёки ёлғонга чиқаради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Муслимники. Бухорий ривоятларида эса қисқароқдир.
1622/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл юзасида ўтиришдан четланинглар!» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, йўл юзасида ўтиришга мажбурмиз. Чунки биз у ерда баъзи нарсаларни гаплашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапимга кирмасдан ўтирадиган бўлсанглар, унда йўлнинг ҳаққини адо қилинглар», дедилар. Саҳобалар яна: «Эй Аллоҳнинг расули, йўлнинг ҳаққи нима?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзни (ҳар хил нарсаларга) қаратишдан тийиш, озор берувчи нарсаларни тўхтатиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб ўтириш», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1623/3. Абу Талҳа Зайд ибн Саҳлдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Бизлар уй олдидаги саҳнда ўтириб гаплашаётсак, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб, устимизда туриб: «Сизларга нима бўлдики, йўллар устида ўтирибсизлар?» дедилар. (Саҳобалар): «Бизлар безарар гаплашиб ва баъзи нарсаларни муҳокама қилиб ўтирибмиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ўтирмасликнинг чораси йўқ бўлса, унда йўлнинг қуйидаги ҳақларини адо этиб ўтираверинглар. Улар: кўзни (ҳар хил нарсаларга) қаратишдан тийиш, саломга алик олиш ва яхши сўзларни гаплашиш», дедилар». Имом Муслим ривояти.
1624/4. Жарирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам номаҳрамларга кўз тўсатдан тушиб қолиши ҳақида сўрасам, у зот: «Кўзингни тезлик билан бошқа тарафга қаратгин», дедилар». Имом Муслим ривояти.
1625/5. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида турсам, Маймуна розияллоҳу анҳу ҳам у зот ҳузурларида эдилар. Шу пайт кўзи ожиз Умму Мактум келиб қолдилар. Бу нарса номаҳрам эркаклардан тўсинишга буюрилганимиздан кейин бўлган эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кишидан тўсининглар», дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг расули, бу кишининг кўзи ожиз-ку, у бизни кўрмайди ҳам, танимайди ҳам», десак, у зот: «Сизларнинг икковингизнинг ҳам кўзингиз ожизми? Сизлар ҳам уни кўрмаяпсизларми?» дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1626/6. Абу Саиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши бошқа эркакнинг авратига қарамасин. Аёл киши бошқа аёл кишининг авратига қарамасин. Эркак киши бошқа эркак билан яланғоч бир кўрпада ётмасин. Аёл киши бошқа бир аёл билан яланғоч бир кўрпада ётмасин», дедилар. Имом Муслим ривояти.