Аллоҳ таоло: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар» (Нисо сураси, 10-оят);
«Етимнинг молига то у вояга етгунча фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз» (Анъом сураси, 152-оят);
«Яна сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи – ислоҳ қилувчи эканини билади» (Бақара сураси, 220-оят), деб айтган.
1613/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Еттита ҳалокатга элтувчи амаллардан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, улар қайси?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «1. Аллоҳга шерик бор дейиш. 2. Сеҳргарлик. 3. Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдириш. Аммо ҳақ билан бўлса, яъни ҳад, қасос ва шунга ўхшаш нарсаларда зарари йўқ. 4. Судхўрлик орқасидан кун кечириш. 5. Етимнинг молини ейиш. 6. Урушда орқага чекиниш. 7. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, покиза, афифа аёлларни (фоҳишаликда) айблаш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.