1611/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Берган нарсасини қайтариб олувчи киши қусиғини қайта (еган) ит кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда «Берган садақасини қайтариб олувчи киши қусиб, ўша қусиғини қайта еган итга ўхшайди» бўлиб келган.
Яна бошқа ривоятда: «Берган нарсасини қайтариб олувчи қусиғини қайта еювчига ўхшайди», дейилган.
1612/2. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен отимни бир мужоҳидга Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Кейин у отни оздириб юборганини кўриб, сотиб олишни хоҳладим. Ва арзон берар, деб гумон қилдим. Сўнгра Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда сўрасам, у зот: «Сотиб олма! Гарчи бир дирҳамга берса ҳам, садақангни қайтариб олма. Чунки садақасини қайтариб олувчи қусиғини қайта еювчига ўхшайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.