Аллоҳ таоло: «Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят), деб айтган.
1599/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хотин мушук сабабли азобга мустаҳиқ бўлди. Яъни, уни қафасга қамаб ўлдиргани сабаб дўзахга дохил бўлди. У хотин мушукни қафасга солиб овқат ҳам, ичимлик ҳам бермади. Агар қамамасдан қўйиб юборганда эди, ердаги (ўз насибаси бўлган) ҳашаротларни еб (ҳаётини сақлар) эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1600/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бир куни қурайшлик йигитлар олдидан ўтдилар. Улар бир тирик қушни нишон қилиб унга (найза) отишаётган эди. Йигитлар Ибн Умарни кўриб қолиб тарқалиб кетишди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Буни ким қилди? Аллоҳ лаънатлагур, қайси киши қилди? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам тирик жонни нишон қилган кишини лаънатлаганлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1601/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни (найза отиб ўлдириш ниятида) нишон қилишдан ман қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1602/4. Абу Али Сувайд ибн Муқриндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Муқриннинг еттита болаларидан биридирман. Бизнинг бир хизматкоримиз бор эди. Кичик укам унга шапалоқ тортиб юборибди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга ана шу хизматкорни озод қилишни буюрдилар». Имом Муслим ривояти.
1603/5. Абу Масъуд ал-Бадрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен бир хизматкоримни қамчи билан ураётган эдим, ногаҳон орқамдан «Билгин, эй Абу Масъуд», деган овозни эшитдим. Жаҳлим чиқиб тургани сабабли кимнинг овозилигини англамадим. Гапираётган киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот: «Билгинки, эй Абу Масъуд, сен бу болага азоб беришингдан кўра, Аллоҳ сени азоблашга қодирроқдир», дедилар. Буни эшитгандан кейин бундан сўнг бирорта қулни асло урмайман, деб айтдим».
Бошқа ривоятда «У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчи тушиб кетди» бўлиб келган.
Яна бошқа ривоятда: «(Мен): «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳнинг розилиги учун бу озоддир», десам, у зот: «Агар шундай қилмаганингда ҳам дўзах сени куйдирар ёки ўзига олар эди», деб айтдилар», дейилади. Буларнинг ҳаммасини Имом Муслим ривоят қилганлар.
1604/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қилмаган ишига хизматкорини жазоласа ёки шапалоқ урса, унинг каффорати қулни озод қилишдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1605/7. Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Шом шаҳрида бир неча деҳқоннинг олдидан ўтдилар. Ўша деҳқонларни қуёш тагига қўйиб, устиларидан ёғ қуйилаётган экан. Ҳишом розияллоҳу анҳу: «Бу нимаси?» дедилар. «Хирож (солиғи) беришмагани сабабли азобланишмоқда», дейилди. (Бошқа ривоятда: «Жизя беришмагани сабабли ҳибс қилинган», дейилган.) Ҳишом розияллоҳу анҳу: «Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ ҳаёти дунёда одамларни азоблайдиганларга азоб беради», деб айтганларини эшитганман», дедилар. Ва бошлиқнинг олдига кириб унга ҳам бу сўзларни айтгандилар, бошлиқ уларни бўшатишни буюрди. Имом Муслим ривояти.
1606/8. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға урилган эшакни кўриб бу ҳолатдан ранжидилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, юзига ҳеч тамға урмайман. Фақатгина юзидан пастга тамға ураман», дедилар. Эшакларини олиб келиш буюрилди. Ва икки сони юқори тарафидаги думи атрофига тамға урилди. Ибн Аббос эшагини ана шу ерига тамға урдирганларнинг биринчисидирлар. Имом Муслим ривояти.
1607/9. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға урилган эшакнинг олдидан ўта туриб: «Аллоҳ мана шунақа тамға қилувчиларни лаънатлаган», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзга уришдан ва юзга тамға туширишдан ман этдилар» бўлиб келган.