Аллоҳ таоло: «Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят), деб айтган.
1578/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизга қарши қурол кўтарса ҳамда фирибгарлик қилса, биздан эмас», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир ғарам ғалла олдидан ўтиб, қўлларини унга тиқдилар. Қўлларига намлик тегди. У зот: «Эй ғалла эгаси, бу нимаси?» дедилар. У: «Ёмғир тегиб шунақа нам бўлиб қолибди, эй Аллоҳнинг расули», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Унда сен бу нам бўлганларини одамларнинг кўзи тушиши учун тепасига қўймадингми?» деб, яна: «Ким бизни алдаб фирибгарлик қилса, биздан эмас», дедилар.
1579/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро нархларни ошириб юборманглар (яъни, сотиб олиш нияти йўқ, лекин баҳоси ошиши учун ёлғондан баҳолашманглар)», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1580/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзаро нархларни оширишдан қайтардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1581/4. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам доим савдода алданишини зикр қилди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга: «Агар олди-сотди қилсанг, алдаш йўқдир, деб айтгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1582/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор кишининг хотинини ёки хизматкорини йўлдан уриб бузса ва алдаса, биздан эмас», дедилар. Абу Довуд ривояти.