Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир» (Ҳужурот сураси, 11-оят);
«Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай» (Ҳумаза сураси, 1-оят), деб айтган.
1573/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши мусулмон биродарини паст санамоғи унинг ёмон эканига кифоя қилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1574/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)» деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга наст назар билан қараш», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1575/3. Жундуб ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир киши: «Аллоҳ номига қасамки, Аллоҳ фалон кишининг гуноҳини кечирмайди», дейди. Аллоҳ таоло (бу кишининг сўзига эътироз билдириб): «Бу киши Менинг номимга қасам ичиб, фалон кишининг гуноҳини кечмаслигимни айтмоқда. Лекин Мен унинг гуноҳини кечириб, сенинг савобли амалларингни йўққа чиқардим, яъни ҳабата қилдим», деб айтади». Имом Муслим ривояти.
Фойда: бу ҳадисда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳмати ва мағфирати кенглиги ҳамда мусулмонларнинг бирортасини ҳаққир санамаслиги баён этилмоқда.