Аллоҳ таоло: «Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз» (Ҳаж сураси, 30-оят);
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!» (Исро сураси, 36-оят);
«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят);
«Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Вал-фажр сураси, 14-оят);
«Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72-оят), деб айтган.
1549/1. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кабира (улкан) гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.