1495/1. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга яхшилик қилинса, яхшилик қилувчи кишига «Жазокаллоҳу хойрон», яъни «Аллоҳ сизни яхшиликлар ила мукофотласин», деб айтса, мақтовнинг энг етугини қилибди», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1496/2. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсингиз, болаларингиз, хизматкорларингиз, молларингиз зарарига дуо қилманглар. Чунки Аллоҳ талаб қилувчининг талабини берадиган соатга мувофиқ келиб қолсангиз, (қарғишингизни) ижобат этиб қўяди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1497/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Раббига энг яқин бўладиган пайти саждада турганидадир. Унда (саждада) дуони кўпайтиринглар», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1498/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Сизлардан бирингиз ошиқмаса, яъни дуо қилдим-у, ижобат бўлмаяпти, демаса, дуоси ижобат қилинади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, банда гуноҳ учун ёки қариндошлик ришталарини узиш учун дуо қилмаса ва шошилмаса, дуолари ижобат қилинади», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, шошиш, деганингиз нима?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо қилдим, дуо қилдим, аммо дуоим ижобат қилинганини кўрмадим, деб қийин ҳолатда қолади-да, дуо қилишни тарк этади», дедилар.
1499/5. Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қайси дуо тезроқ қабул бўлади?» деб савол берилганида, у зот: «Кечанинг ўртасида ва фарз намозлари орқасидан қилинган дуо», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.
1500/6. Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ер юзидаги бирор мусулмон Аллоҳ таолога дуо билан илтижо қилса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради ёки ундан ўша миқдорча ёмонликни кетказади. Модомики, ўша мусулмон гуноҳни ёки қариндошликдан узилишни сўраб дуо қилмаса», деганларида, қавмдан бир киши: «Ундай бўлса, дуони кўпайтирайликми?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сўраб дуо қилганингиздан ҳам кўпайтириб берувчи», дедилар. Имом Термизий ривояти.
Имом Ҳоким Абу Саиддан розияллоҳу анҳу худди мана шу ҳадисни ривоят қилиб, «У каби савобни ўша кишига заҳира қилиб беради»ни зиёда қилдилар.
1501/7. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам маҳзунликда: «Ла илаҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм, Ла илаҳа иллаллоҳу роббул ъаршил ъазийм, Ла илаҳа иллаллоҳу роббус самавати ва роббул арзи роббул ъаршил карийм», деб айтардилар. (Маъноси: «Ҳалим ва улуғ Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Рабби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Мукаррам аршнинг ва еру осмонларнинг Рабби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ».) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.