Аллоҳ таоло: «Ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин» (Тоҳа сураси, 114-оят);
«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят);
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят);
«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир сураси, 28-оят), деб айтган.
1375/1. Муовиядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1376/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига ҳасад қилиш жоиз. Биринчиси – Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берса, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси – Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этса, у киши ўша илми билан ҳукм қилиб ва ўша илмидан одамларга таълим берса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: бу ҳадисдаги ҳасад ҳавас маъносидадир.
1377/3. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган ёмғирга ўхшайди. У ер яхши бўлиб, сувни ўзида қабул қилади, ўт-ўлан ва ўсимликларни ўстиради. Унинг баъзи жойлари қаттиқ бўлиб, ўзида сувни тўплайди. Бу сув билан Аллоҳ инсонларни нафлантиради. У сувдан ичиб, бошқа нарсаларини суғориб, экинларига ҳам қуядилар. Яна бошқа жойлари текис бўлиб, ўзида сув тўпламайди ҳамда ўт-ўлан ўстирмайди. (Аввалги) мисол худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен билан юборган нарса унга манфаат бериб, ўзи ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатади. (Иккинчисининг) мисоли бепарво бўлиб, бошини ҳам кўтариб қўймаган кишига ўхшайди. (Учинчиси) менга юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган кишига ўхшайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1378/4. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Алига розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи сенга бериладиган қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: қизил туя ўша пайтда арабларнинг энг қимматбаҳо мулки эди.
1379/5. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан агар бир оят эшитсангизлар ҳам, уни кишиларга етказинглар. Бани Исроил ҳақидаги нарсаларни гапираверинглар. Бунинг зарари йўқ. Ким мен айтмаган сўзни нақл қилса, ўзи учун жаҳаннамдан жойини танлаб қўяверсин», деб айтдилар. Имом Бухорий ривояти.
1380/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло у бандага жаннат йўлини осон қилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1381/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам : «Ким бирор кишини ҳидоятга чақирса, чақирувчига эргашувчининг савобидек ажр берилади. Бу билан эргашувчининг савобидан ҳеч нарса камайтирилмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1382/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар инсон вафот этса, унинг амали тўхтаб қолади. Фақат уч нарсада тўхтамайди, яъни номаи аъмолига ёзилиб боради: 1. Садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган йўлда қилинган садақа, эҳсон. 2. Манфаатли илм, яъни таълим берилган илм ва ёзиб қолдирилган асар. 3. Ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанднинг ортда қолдирилиши», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1383/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1384/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким илм талабида (кўчага чиқса), токи қайтиб келгунича Аллоҳ йўлида, яъни тоатидадир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1385/11. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши охири – ниҳояси жаннат бўлмагунча яхшиликка тўймайди», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1386/12. Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Обидга қараганда олимнинг фазли худди мен билан ичингиздаги паст тоифали киши фазли кабидир», деб айтдилар. Кейин яна: «Албатта Аллоҳ, Унинг фаришталари, еру-осмон аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ҳамда балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи муаллимга дуои хайрда бўлишади», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1387/13. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло у бандага жаннат йўлини осон қилади. Албатта фаришталар толиби илм қилаётган кишидан рози бўлиб, (юраётган йўлига) қанотларини ёзиб туришади. Олим учун еру осмондаги нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор (гуноҳининг кечирилишини) талаб қилишади. Обидга қараганда олимнинг фазли бошқа юлдузларга қараганда (тўлин) ойнинг фазлига ўхшайди. Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. ¤ша пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмайди. Балки улар илмни мерос қолдиришади. Ким мол-дунё ўрнига илмни олса, ҳаммадан зиёда тақсимни қўлга киритибди», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1388/14. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан эшитган нарсаларнинг айнан ўзини етказган кишининг юзини Аллоҳ чиройли қилсин. Кўпгина етказилган кишилар борки, эшитувчидан кўра эсида сақловчидир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
Фойда: ҳақиқатда баъзи етказилган тобеъинлар эшитган баъзи саҳобалардан Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини тушунишда билимдонроқ эдилар.
1389/15. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимдан илм сўралса-ю, у ўша билган илмини беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган ила юганланади», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1390/16. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилигини талаб қилмай, балки мол-дунёга етишиш мақсадида илм талаб қилса, қиёмат куни ўша киши жаннат ҳидини топмайди», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1391/17. Абдуллоҳ ибн Амр Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ қиёматга яқин илмни кишилар қалбидан тортиб олиш билан суғуриб ташламайди. Балки уламоларни вафот эттириш билан барҳам беради. Ҳатто олимлар қолмайди. Одамлар эса жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб олишади. Кейин улардан диний масалалар сўралса, илмсиз фатво беришади. Бу билан ўзлари ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштирадилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.