1361/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта хизматкор хожаси ишларини чиройли суратда бажариб, Аллоҳга ибодатини ҳам яхши адо этса, унга иккита ажр берилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1362/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ хизматкор учун икки ажр бор», дедилар. «Абу Ҳурайранинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Аллоҳ йўлидаги жиҳод, ҳаж қилиш ва онамга яхшилик қилиш бўлмаганида эди, мен қул бўлиб ўлишни яхши кўрар эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1363/3. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Раббига чиройли ибодат қилиб, хожасининг ҳаққини адо этишда хайрихоҳ ва итоатда бўлса, унга иккита ажр бордир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
1364/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа кишилар борки, улар учун икки ажр бор: ўзи аҳли китоб бўлиб, набийсига, кейин Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирган кишига ва Аллоҳнинг ҳаққи ва хожасининг ҳаққини адо этган қулга ҳамда хизматкор қизни тарбиясига олиб, унга чиройли одоб, яхши таълим бериб, кейин уни озод қилиб турмушга узатган кишига иккита савоб бор», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.