Аллоҳ таоло: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо сураси, 36-оят) деб айтган.
1359/1. Маърур ибн Сувайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Абу Заррнинг розияллоҳу анҳу устларида бир тўнни кўрдим. Хизматкор болалари устида ҳам худди ўшандоқ тўн кўрдим. Ва бунинг сабабини у зотдан сўраганимда, Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида Абу Зарр бир кишини сўкиб онасини айбладилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сенда ҳали ҳам жоҳилият одатлари бор экан. У қуллар сизларнинг биродарларингиз ва хизматкорларингиздир. Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилган. Кимнинг биродари қўл остида бўлса, ўзи еган нарсадан унга ҳам едирсин. Ва ўзи кийган нарсадан унга ҳам кийдирсин. Тоқати етмайдиган нарсага буюрмасин. Агар буюрадиган бўлса, унга ёрдамлашсин», дегандилар», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1360/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз ҳузурига хизматкори овқат олиб келса-ю, ўзи билан ўтқазмайдиган бўлса, бир ёки икки луқма узатсин. Чунки бу хизматкор хожаси учун ишламоқда-ку», дедилар. Имом Бухорий ривояти.