1352/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар бештадир: 1. Вабода ўлган. 2. Қорни оғриб ўлган. 3. Чўкиб ўлган. 4. Иморат остида қолиб ўлган. 5. Аллоҳ йўлида вафот этган», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1353/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз кимларни шаҳид, деб ҳисоблайсиз?» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, кимки Аллоҳ йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, менинг умматимда шаҳидлар оз экан-да!» дедилар. Саҳобалар: «Унда шаҳидлар ким, Эй Аллоҳнинг расули?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким Аллоҳ йўлида вафот этса, у шаҳиддир. Ким вабога чалиниб ўлса, у шаҳиддир. Ким қорин оғриғи билан ўлса, у шаҳиддир. Ким чўкиб ўлса, у ҳам шаҳиддир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1354/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким моли остида (яъни, ҳимоя қилаётиб) ўлдирилса, у шаҳиддир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1355/4. Ашараи мубашшарадан бири Абул Аъвар Саид ибн Зайд ибн Нуфайлдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким моли остида (яъни, ҳимоя қилаётиб) ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким қони ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким дини ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1356/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Айтинг-чи, агар бир киши молимни тортиб олишни хоҳласа, нима қилай?» деганида, у зот: «Молингни бермагин», дедилар. «Агар мен билан уришишни хоҳласа-чи?» деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У билан уришгин», дедилар. У киши: «Агар мени ўлдирса-чи?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен шаҳидсан», дедилар. У киши: «Агар мен уни ўлдирсам-чи?» деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Имом Муслим ривояти.