1254/1. Абу Қатодадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиш ҳақида сўралганида у зот: «Бу кунда мен дунёга келдим ва пайғамбар қилиб юборилдим» ёки «бу кунда менга ваҳий қилинди», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1255/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллар душанба ва пайшанба куни кўрсатилади. Яъни фаришталар кўрсатишади. Амалларим кўрсатилаётган кунда рўзадор бўлишим мени хурсанд қилади» дедилар. Имом Термизий ривоятлари. Имом Муслим ҳам рўзани зикр қилмасдан ривоят этганлар.
1256/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба кунлари эҳтимом ила рўза тутардилар. Имом Термизий ривоятлари.