1231/1. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар оғиз очишни кечиктирмасдан вақтида бажаришар экан, улар яхшиликдадирлар», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1233/2. Абу Атиййадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен ва Масруқ розияллоҳу анҳу Оишанинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирдик. Масруқ розияллоҳу анҳу Оишага розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам иккита (улуғ) саҳобалари бор. Икковлари ҳам яхшилик қилишда бир-бирларидан кам эмас. Бирлари шомни ва оғиз очишни тезлатади. Иккинчилари шомни ва оғиз очишни кечиктиради. (Яъни буларнинг қайсилари афзал?)» деганларида, Оиша розияллоҳу анҳу: «Қайси бирлари шом ва оғиз очишни тезлатса», дедилар. Масруқ розияллоҳу анҳу: «Абдуллоҳ ибн Масъуд тезлатадилар», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуднинг розияллоҳу анҳу қилгани каби бажарганлар. Яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилар эканлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1234/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ азза ва жалла: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари», деб айтди. Имом Термизий ривоятлари. Бу ҳадис ҳасан иснодлидир.
1235/4. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кеч машриқ томондан келиб, кундузи мағриб томондан кетса ва қуёш ботса, батаҳқиқ, рўзадор оғиз очадиган фурсат бўлибди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1236/5. Абу Иброҳим Абу Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдик. У зот рўзадор эдилар. Қуёш ботаётганда у зот қавмдаги бир кишига: «Эй фалончи, тушгин, бизга талқонни сувга аралаштириб келтиргин», дедилар. У киши: «Эй Аллоҳнинг расули, бироз кеч кирсин», деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тушгин, бизга талқонни сувга аралаштириб келтиргин», дедилар. У киши (уловдан) тушиб, улар учун талқонни сувга аралаштириб келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ундан ичиб, кейин қўллари билан машриқ томонга ишора қилиб: «Агар кеч» «мана бу томондан келса, батаҳқиқ рўзадор оғзини очадиган вақт бўлибди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1237/6. Салмон ибн Омир аз-Заббийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз оғиз очадиган бўлсангиз, хурмоларда оғиз очинг. Агар топа олмасангиз, сувда очинг. Чунки сув (маънавий ва ҳиссий) нопокликларни тозаловчидир», дедилар.
1238/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин ҳўл хурмо билан оғиз очардилар. Агар ҳўл хурмо топа олмасалар, қуруғи билан оғиз очардилар. Агар хурмолардан бирор турини топа олмасалар, бир ёки бир неча қултум сув билан оғиз очардилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Фойда: Ҳўлу қуруқ хурмолар билан оғиз очишнинг бир неча ҳикматлари бор. Улардан бири Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш бўлса, яна бири ошқозондан ортиқча нарсаларни чиқариб юборади. Ҳамда хурмода жисм эҳтиёжи бўлган кўпдан-кўп моддалар бор.