Аллоҳ таоло: «Намозни тўкис адо қилинглар ва закотни беринглар» (Бақара сураси, 43-оят),
«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолда ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир» (Баййина сураси, 5-оят),
«(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг» (Тавба сураси, 103-оят).
1205/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимаси; намозни адо этиш; закот бериш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон рўзасини тутиш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1206/2. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Нажд аҳлидан бўлган, сочлари тўзиган бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Биз унинг овозини эшитсак-да нима деяётганини англолмадик. Ҳаттоки бу киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келиб, Ислом ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқиш», дедилар. Ҳалиги киши: «Бундан бошқаси ҳам борми?» деган эди, у зот: «Йўқ, фақатгина нафл-ихтиёрий намозлар бор», деб, яна у зот: «Рамазон ойида рўза тутиш», дегандилар, у киши: «Менга бундан бошқаси ҳам борми?» деди. У зот: «Йўқ! Фақатгина ихтиёрий нафл рўзалари бордир», деб, яна у зот ҳалиги кишига: «Закот бермоқлик»ни зикр қилдилар. Ҳалиги киши: «Бундан бошқаси ҳам борми?» деган эди, у зот: «Йўқ», фақатгина ихтиёрий-нафл садақалар бордир», дедилар. Шунда ҳалиги киши орқага қайтиб кетаётиб: «Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар рост айтаётган бўлса, нажот топибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1207/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Муозни розияллоҳу анҳу Яманга жўнатаётиб: «Уларни аввало Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг расули эканимга даъват қил. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ ҳар кеча ва кундузда беш вақт намоз фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, бойлардан олиб камбағалларга бериладиган садақани Аллоҳ фарз қилганини билдиргин» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Исломга даъват қилишда одамларга оғирлик туғдирмаслик учун уни босқичма-босқич олиб бориш ҳамда даъватни аввало тавҳиддан бошлаш жоиз. Чунки тавҳид диннинг аслидир. Аллоҳ ваҳдониятини эътироф этмасдан олдин ҳеч нарса дуруст эмас.
1208/4. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», дейишмагунича, намозни қоим қилишмагунича, закотни беришмагунича улар билан урушмоққа буюрилдим. Агар мана шуларни қилишса, қонлари-ю моллари мендан омонда бўлади. Фақат Ислом ҳақида ундай эмас (яъни, ҳадларда). Ва уларнинг ҳисоби Аллоҳ таологадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1209/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик пайтларида араблардан кофир бўлганлари кофир бўлишди. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Абу Бакр, одамлар билан қандай урушасиз? Ваҳоланки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишмагунча улар билан урушишга буюрилдим. Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтса, батаҳқиқ, мендан моли ва жонини сақлабди. Фақат Ислом ҳақида ундай эмас (яъни ҳадларда). Уларнинг ҳисоби Аллоҳ Таологадир», деб айтган бўлсалар», деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, кимки намоз билан закотнинг орасини ажратса, у билан урушавераман. Чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида бериб юрган уловнинг арқоничалик нарсани менга беришдан бош тортишса, уруш эълон қиламан», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Абу Бакрга қараб, Аллоҳ у зотнинг қалбларини улар билан урушишга мойил қилиб қўйганини кўрдим. Билдимки, албатта бу зот ҳақ эдилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1210/6. Абу Аюбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида хабар беринг», деганда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ибодат қил. Унга бирон нарсани шерик қилма, намозни адо эт. Закотни ҳақдорларга бер. Ва қариндошчилик ришталарини боғлагин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1211/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аъробий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени бир амалга йўллаб қўйингки, агар унга амал қилсам, жаннатга кирайин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қиласан. Намозни адо этасан. Фарз қилинган закотни берасан. Рамазон ойида рўза тутасан», дедилар. Ҳалиги аъробий: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бунга зиёда қилмайман», деди. Аъробий орқасига ўгирилиб қайтиб кетганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишига қарамоқлик хурсанд қилса, мана бу аъробийга қарасин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1212/8. Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам намозни адо этишга, закотни беришга, ҳар бир мусулмонга нисбатан хайрихоҳ бўлишга байъат бердим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1213/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор тилла ёки кумуш эгаси унинг ҳаққини адо этмаса, яъни закотини бермаса, Қиёмат кунида ўша тилла-кумушлар ўтда эритилиб, текислаб, жаҳаннам оловида қиздирилиб, эгасининг ёни, пешонаси ва орқа томонларига босилади. Ҳар гал совиганда қайтадан қиздирилади. Бу нарса бир куни эллик минг йилга тўғри келадиган кунда содир бўлади. Яъни Аллоҳ таоло аввалгию охирги одамни ҳисоб-китоб қилиб, ҳукмини эшиттиргунча, у одам шу азобда бўлади. Сўнгра у киши ўз йўлига қўйиб юборилади. У жаннат ё дўзахга равона бўлади», деганларида саҳобалар сўрашди: «Унда туясига закот бермаганларнинг аҳволи қандай бўлади?» Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар туя эгалари унинг ҳаққини адо этишмаса, яъни закотини беришмаса ва ҳақларидан яна бири — унинг сутидан соғиб, ёрдамчиларга ва муҳтожларга бермаса, текис саҳрога юзи билан ётқизилади. Барча туялар, ҳатто энг кичик боласи ҳам, эгаларини туёғлари билан босиб, оғизлари билан тишлашади. Босиб, тишлаб охирига етишса, яна бошидан бошлашади. Бу ҳол бир куни эллик минг йилга тўғри келадиган кунда содир бўлади. Туя эгаси бутун халойиқ ҳисоб-китобдан фориғ бўлгунча шу тарзда жазоланади. Кейин жаннат ёки дўзахдаги маконига равона бўлади», дедилар. Яна саҳобалар сўрашди: «Унда мол ва қўйларига закот бермаганларнинг аҳволи қандай бўлади?» Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мол ва қўй эгалари унинг ҳаққини адо қилишмаса, яъни закот беришмаса, текис саҳрога юзи билан ётқизилади. Мол ва қўйларнинг барчаси келади. Улар орасида шохи қийшайгани, шохи йўғи ва шохи сингани бўлмайди. Улар эгаларини шохлари билан сузиб, туёқлари билан эзғилашади. Охирига етишса, яна қайтадан бошлашади. Бу ҳол бир куни эллик минг йилга тўғри келадиган кунда содир бўлади. Мол ва қўй эгаси бутун халойиқ ҳисоб-китобдан фориғ бўлгунча шу азобда жазоланади. Кейин жаннат ёки дўзахдаги маконига равона бўлади», дедилар. Саҳобалар сўрашди: «Эй Аллоҳнинг Расули? Отга закот бермаганлар-чи?» Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «От уч турли бўлади. 1. Эгасига гуноҳ олиб келадиган; 2. Эгасига дўзахдан тўсиқ бўлади; 3. Эгасига савоб олиб келадиган. Гуноҳ олиб келадигани — эгаси риё (хўжакўрсинга), фахрланиш ва Исломга душманлик қилиш учун олган отлар. Дўзахдан тўсиқ бўладигани — эгаси уни Аллоҳ йўлида боғлаб боқса ва устидаги, гарданидаги ҳақларини унутмасдан адо этса, у от эгасига дўзахдан тўсиқ бўлади. Савоб олиб келадигани — эгаси уни Ислом учун Аллоҳ йўлида кўкаламзор ерга боғлаб боқса, от ўша кўкаламзор боғдан бирор нима еса, ўша егани ададича, тезаги ҳамда сийдиги миқдорича ҳасанот ёзилади. Агар у от тизгинини узиб, бир тепаликдан бошқа тепаликка ўтса, унинг қадамлари ва тезаклари ададича ҳасанот ёзилади. Ва яна эгаси бирор анҳор ёқасидан ўтсаю отини суғоришни истмаса ҳам от ўша сувдан ичса, бунда ҳам ичганининг ададича ҳасанот ёзилади», дедилар. Яна саҳобалар сўрашди: «Эй Аллоҳнинг Расули! Эшак ҳақида-чи?» Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эшак ҳақида менга ҳамма маънони ўз ичига олувчи қуйидаги оятгина нозил бўлгандир», дедилар.
«Бас, ким (ҳаёти – дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур» (Залзала сураси, 7-8-оятлар). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи Муслимники.