1099/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам пешин фарзидан олдин тўрт ракат ва бомдод фарзидан олдинги икки ракат суннатни ҳеч тарк қилмасдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1100/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор ихтиёрий намозга бомдод намозининг икки ракат суннатига эътибор берганчалик аҳамият бермасдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1101/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдод намозининг икки ракат суннати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятларида «Бу бомдод намозининг икки ракат суннати дунёдаги ҳамма нарсадан яхшироқдир», дейилган.
1102/4. Абу Абдуллоҳ Билол ибн Рабоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бомдод намозини билдириш учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдилар. Ногаҳон Оиша розияллоҳу анҳу Билолдан розияллоҳу анҳу бир нарса сўраб, машғул қилиб қўйдилар. Ҳаттоки тонг ёришиб кетди. Кейин Билол туриб қайта-қайта чақирдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса чиқавермадилар. Кейин одамларга намоз ўқиб берганларидан сўнг Билол розияллоҳу анҳу: «Оиша бир нарса сўраган эди. Ўша нарсага машғул бўлиб кечикиб қолдим. Ҳаттоки тонг ёришиб кетди. Сиз ҳам, эй Расулуллоҳ, кечикиб чиқдингиз. Бунга нима сабаб?» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бомдоднинг икки ракат суннатини ўқиётган эдим», дедилар. Шунда Билол розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, тонг жуда ёришиб кетган эди-ку?» дегандилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар тонг бундан кўпроқ ёришганида ҳам икки ракат суннатни мукаммал, чиройли суратда адо қилар эдим», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.