1096/1. Уммул Мўъминин Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфёндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон банда Аллоҳ учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари нафл намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у киши учун жаннатда уй қуради ёки у киши учун жаннатда уй қурилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабимиздаги фарздан олдинги ва кейинги суннат намозларни ўқиш мана шу ҳадисга асосандир. – Тарж).
1097/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга пешин намозидан олдин ва кейин жума намозидан кейин, икки ракат, шом намозидан кейин икки ракат ҳамда хуфтон намозидан кейин икки ракат намоз ўқидим» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабимизда бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат суннат, пешинни фарзидан олдин тўрт ракъат, кейин икки ракъат суннат, жума намозида эса, фарзидан олдин ҳам кейин ҳам тўрт ракъат суннат, шом намозида эса фарзидан кейин икки ракъат суннат, хуфтонни фарзидан кейин икки ракъат суннат ўқилади. Бу айтилган гапларга, келгусида келадиган саҳиҳ ҳадислардан далиллар бордир. – Тарж).
1098/3. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки азон орасида намоз бордир. Икки азон орасида намоз бордир. Икки азон орасида намоз бордир (яъни азон билан иқомат орасида) деб, учинчисидан кейин: «Хоҳлаган киши учун», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.