1003/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч бир овозни, набий Қуръонни жарангдор овозда оҳанг билан ўқиганларини эшитганчалик эшитмаган», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1004/2. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу кишига «Довуд алайҳиссаломга берилган яхши овоздан сенга ҳам бир оз берилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу зотга: «Мен кеча сенинг қироатингни эшитганимни кўрганингда эди», деб айтдилар».
1005/3. Баро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида «ват-тийни ваз-зайтуни» сурасини ўқидилар. Мен у зотникидан кўра чиройли овозни эшитмаганман», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1006/4. Абу Лубоба Башир ибн Абдулмунзирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қуръон ўқиганда овозини чиройли қилмаса, биздан (яъни бизнинг йўлимиздан юрувчи) эмас», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
1007/4. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасини ўқиб «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш оқмоқда экан». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.