Юқорида келган «Бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ ҳам ўша банда ёрдамидадир» ҳадиси ва яна «Ҳар бир яхшилик садақадир» ҳадислари ҳам бу бобимизга тааллуқлидир.
968/1. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз сафарда эдик. Бир киши ўз уловига миниб келиб, назарини ўнг ва чап томонига ташлай бошлади. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ортиқча минадиган нарсаси бўлса, улови йўқларга берсин. Кимнинг ортиқча сафар таоми бўлса, йўқларга берсин», деб ва яна ҳар турли мол-дунёларни зикр қилдилар. Ҳаттоки, биз кимда ортиқча нарса бўлса, ўзиники бўлмай, балки муҳтожларнинг ҳаққи экан-да, деб ўйлаб қолдик. Имом Муслим ривоятлари.
969/2. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ғазот қилмоқчи бўлиб: «Эй муҳожир ва ансорийлар жамоаси, ораларингиздаги баъзи тоифадаги биродарларингизнинг на мол-дунёлари ва на қариндош-уруғлари бор. Шундоқ экан, сизлар ўзларингизга икки ёки уч кишини қўшиб олинг», дедилар. Бизлардан бирортамизда ортиқча минадиган нарса йўқ эди. Фақат навбат билан минар эдик. Мен ҳам улардан иккита ёки учтасини қўшиб олдим. Менинг туямни навбат билан минишар эди. Абу Довуд ривоятлари.
970/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафарда юрсалар, орқада қолиб кетардилар. Заифларни олдинда юргизиб ва баъзиларини мингаштириб ҳам олардилар. Ҳамда уларнинг ҳаққига дуода бўлардилар. Абу Довуд ривоятлари.